Сунъий гўзаллик қурбонлари

Гўзаллик қурбонлик талаб қилади. Аммо ўз саломатлигини хатарга қўйиб, ўз ихтиёри билан жарроҳлик столига ётиш қурбонликка арзийдими? Афсуски, айрим опа-сингилларимиз чиройли бўлиш учун ҳатто тиғ остигача келишга рози.
Шаҳар кўчаларида бир-бирига ўхшаш ҳаддан ортиқ бўянган хотин-қизларни кўриб, бу бувими, онами, келинми ёки қиз ажратолмай қоласиз. Ҳаммаси қўғирчоқдек ҳурлиқо, лаблар ботокс, юзлар ҳам қаришни сунъий тўхтатадиган витаминлар билан шиширилган. Улар шу юз билан ижтимоий тармоқларга селфи жойлаштиради. Эркаклар томонидан гўзаллиги тасдиқланишини хоҳлаб, ҳамманинг бошини айлантиради. Бу «аҳмоқнинг орзуси» уч-тўрт ойлик косметология курсларида ўқиганларга ҳам қўл келиб, етарли тажрибага эга бўлмай унда илк бор жарроҳлик амалиётини синаб кўради. Айрим хештегчилар, косметологлар ва шифокорлар вазиятдан фойдаланиб, бунинг ортидан миллион-миллион даромад топмоқда. Мижозга хизмат кўрсатаётганда эҳтиётсизлик оқибатида ташқи кўринишга етказилган зарарнинг жавобгарлигини ким бўйнига олади? Бугун ижтимоий тармоқлар ботокс оқибатида юзига ёки лабига шикаст етган фуқароларнинг арз-додига тўлиб ётибди. Cоғлиқни сақлаш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, суд ёки бошқа ваколатли органлар шу пайтгача гўзаллик салонларида истеъмолчи сифатида ҳуқуқлари бузилиб ёрдам сўраганларнинг мурожаатларини нечтасини кўриб чиқди? Фуқаролик кодекснинг 985-моддасига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига етказилган зарар зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
— Модага кўр-кўрона эргашиш яхшиликка олиб бормайди, — дейди олий тоифали шифокор А.Тўйчибоев. — Сабаби, ботокс, филлер, юзга витамин юбориш муолажалари инфекцион жараён ҳисобланади. Афсуски, малакасиз косметологларнинг хатоси туфайли бир умрга чандиқ билан юришга мажбур бўлаётганлар кўплаб учрайди. Косметолог, дерматовенерологлар мижозларга фақат тери, юз парвариши учун қимматбаҳо маҳсулотларни «реклама» қилиш эмас, кўпроқ табиийлигини асраб қолишга эътибор қаратиши керак.
Халқимизда «Онангни отангга бепардоз кўрсатма» деган нақл бор. «Келинлар қўзғолони» фильмида ҳам кенжа келин ҳовлига ясаниб чиқади. Қайнонаси бу ҳозирги замон психологларининг тавсияси эканини, хотин эрини чиройли кўринишда кутиб олса, оила мустаҳкам бўлишини айтади. Ҳаёт шуки, ҳар доим ҳам бир гўзал эркак ёнида бир гўзал аёл бўлмаслигини мумкин. Бироқ бахтли бўлиш гўзалликка қарамайди, ўртача кўринишдаги аёллар дунёдаги энг бахтли оила бекалари, оналар ва кўплаб набираларнинг севимли бувижониси бўлиб яшаб келаётгани айни ҳақиқат. Бунинг сабаби оддийликда, гўзалликда ва табиийликда, албатта. Ҳозир ҳам қишлоқларда маникюр, педикюр нималигини билмайдиган хотин-қизларимиз кўп. Бувилар ўз ўрнида, оналар ўз мавқеида, қизлар ҳам содда ва тоза қалб эгалари. Гўзаллик дегандан ҳалигача ҳовлисининг кафтдек ерига ўсма экишни тушунадиганлар бор. Пардоз-андозсиз ҳам уларнинг юзлари нурли, қошу кўзлари порлаб туради. Ўсма ёки сурма демаса, ҳеч қачон ортиқча бўянмайди.
Кейинги пайтда миллийлик тарғиботига республика миқёсида эътибор берилмоқда. Идора, корхона ва муассасаларда атлас ва адрас кийган хотин-қизлар, миллий дўппидаги йигитларга кўряпмиз. Айниқса, ҳар жума миллий либослар куни сифатида белгилангани ниҳоятда қувонарли. Аждодларимиз анъанасига содиқ ҳолда миллий либосларимизни «тренд»га чиқариш йўлидаги бундай ҳаракатларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Фақат суратга тушиш эмас, бошимиздаги дўппи ёки эгнимиздаги миллий либосларни кийишдан ғурурланайлик.
Масаланинг огоҳликка чорлайдиган жиҳати, четдан «таъсир ўтказиш« деган тушунча сунъий гўзаллик мисолида тизимли ишлаб, ёт унсурлар ёқимли услублар ёрдамида онг остига таъсир кўрсатади. Бу миллийлигимизга путур етказиши билан янада хавфли. Шундан эҳтиёт бўлинг, Қизларжон!
Мирмуҳсин МИРЗОКИРОВ,
журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг