Спортдаги анъаналар давом этадими?

13:40 27 Февраль 2025 Жамият
190 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Олимпиада ва паралимпия мусобақаларида ғолиб чиққан ёки совриндор бўлган мамлакатимиз спортчилари орасида Бухоро вилояти вакилларини учратиш одатий ҳол. Дейлик, бунинг учун Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXI ёзги олимпия ўйинларини эслашнинг ўзи кифоя.

Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида боксчи Шаҳобиддин Зоиров олтин, Шаҳрам Ғиёсов кумуш медални қўлга киритган. Шерзод Номозов мамлакатимиз паралимпия тарихидаги биринчи чемпионга айланган эди. 2024 йилда Парижда бўлиб ўтган ёзги олимпиада баҳсларида боксчимиз Абдумалик Халоқов бу анъанани давом эттириб, шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилди.

— Жаҳон ва Осиё миқёсидаги кўплаб нуфузли мусобақаларда иштирок этганман, — дейди А. Халоқов. — Аммо олимпиадада қатнашиб, ғолиб чиқмоқнинг гашти бўлакча. Чемпион бўлганинг ва бунинг шарафига Ватан байроғи кўтарилиб, давлатимиз Мадҳияси янграган лаҳзадаги ҳис-туйғуни сўз билан ифодалаш мушкул.

Абдумалик 2028 йилда 28 ёшга киради. Бу спортчи учун айни куч-қувватга тўлган ёш саналади. Юртдошимиз Лос-Анжелес олимпиадасида қатнашиб, Париждаги натижасини такрорлаш ниятида. Шу боисдан ҳам у ҳозирданоқ мураббийлари кўмагида аниқ режа асосида тайёргарликка киришган.

— Давлатимиз раҳбари раислигида олимпия ва паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселекторда таъкидланганидек, 2028 йилда Лос-Анжелес мезбонлик қиладиган олимпия ўйинларида кучли ўнталикка кириш мақсад қилинган, — дейди вилоят спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Рустам Қулиев. — Бу мақсадга эришиш учун ҳамжиҳатликда ишлаш талаб этилади, албатта. Вилоятимиз мутасаддиларидан тортиб мураббийлару спортчиларгача зиммадаги ана шу масъулиятни чуқур ҳис этишаяпти. Нуфузли мусобақага тайёргарлик ишларини аллақачон бошлаб юборганмиз.

Бунинг учун аввало, олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича селекция ишларини такомиллаштириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, бокс, эркин ва юнон-рум кураши, дзюдо, гандбол, параенгил атлетика, пара таэквондо, пара стол тенниси ва пара пауэрлифтинг спорт турларига устувор, волейбол, таэквондо ВТ, футбол, баскетбол, парадзюдо, бадиий гимнастикага истиқболли, велоспорт, қиличбозлик, камондан отиш, енгил атлетикага ривожланаётган спорт турлари сифатида ёндашилмоқда. Вилоят спорт федерацияларини ривожлантириш ва молиялаштириш, шунингдек, уларга ҳомий ташкилотларни бириктириш юзасидан зарур чора-тадбирлари белгиланди. Ечимталаб масалалар ҳар ойда бир бор муҳокамадан ўтказилаяпти.

Бўлғуси олимпияда ўйинлари учун айни пайтда 18 нафар иқтидорли спортчининг рўйхати шакллантирилган. Уларнинг 12 нафари устувор, қолганлари истиқболли ва ривожланаётган йўналишлар сирасига киради.

— Олимпиадада иштирок этиш ва совриндор бўлишни қайси бир спортчи орзу қилмайди, — дейди 2024 йилда бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган Рухшона Деҳқонова. — Менинг ҳам Лос-Анжелесда ўтадиган олимпиададан умидим катта. Ҳозир устозларим – бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Римма Хохлова ва Раъно Муҳаммедова кўмагида бўлғуси мусобақаларга тайёргарлик кўраяпман. Бунинг учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилган.

Рухшонанинг айтганича бор. Юртимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши, ўз иқтидорини юзага чиқариши йўлида айтса арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йилда Бухоро шаҳрида Универсал спорт мажмуасининг фойдаланишга топширилгани фикримиз далилидир. Лойиҳа қиймати 320 миллиард сўм бўлган мажмуада спорт билан мунтазам шуғулланиш ва халқаро даражадаги мусобақаларни юксак савияда ўтказиш учун зарур қулайликлар яратилган. Иншоот таркибидан 4 минг томошабинга мўлжалланган манеж, ўқув-машғулотлар зали, VIP ложа, ўйин зали, ювиниш-кийиниш, спорт жиҳозларини сақлаш хоналари ўрин олган. Ташқари қисмида югуриш йўлаклари, сунъий қопламали футбол майдони мавжуд. Дарвоқе, айнан шу гўша ўтган йилда минифутбол ҳамда қўл жанги спорт турлари бўйича жаҳон чемпионати, пенчак силат бўйича Осиё биринчилигига мезбонлик қилди.

Сир эмас, олимпиада ёки халқаро мусобақада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган спортчини тайёрлаш вақт ва тинимсиз меҳнат, сабот, қатъиятни, қолаверса ишончни талаб этади. Шуни назарда тутиб, спортда селекция ва таълим тизимини такомиллаштириш, «Беш ташаббус олимпиадаси» дастури, «Вилоят ҳокими кубоги» мусобақалари орқали ёш иқтидор эгаларини аниқлаш ва улар билан тизимли ишлаш йўлга қўйилди. Жорий йилда 125 нафар мураббий малака ошириш курсларида сабоқ олади. Тўртта спорт мактабини спортнинг устувор у ёки бу турига ихтисослаштириш юзасидан таклифлар тайёрланди. «Беш ташаббус олимпиадаси» воситасида ёшларни оммавий спорт билан қамраб олиш кўрсатгичини 1,2 баробарга ошириб, улар сонини 750 минг нафарга етказиш кўзда тутилган.

Бундай ишлар шубҳасиз, вилоят спортида анъаналарни давом эттириш сари кенг йўл очмоқда. Ўтган йилда жаҳон, Осиё чемпионатлари, кубок мусобақалари ва нуфузли халқаро турнирларда бухоролик спортчиларнинг жами 626 та медални қўлга киритишгани ҳам уларнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?