Сўз эркинлиги — демократик ислоҳотларнинг муҳим белгиси

14:49 30 Апрель 2022 Жамият
854 0

Яқинда Женевада халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ҳуқуқ ҳимоячилари, Европа ва Осиё давлатлари элчилари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари С. Мирзиёева сўзга чиқиб, ОАВ эркинлиги, давлат органлари шаффофлиги хусусида ўз қарашларини жамоатчиликка билдирди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш бўйича кейинги йилларда жуда кўп ишлар амалга оширилди. Бу ҳақда мулоҳаза юритар эканмиз, мамлакатдаги ахборот сиёсати, шаффофлик, очиқлик бўй чўза бошлаган даврларни эслаш кифоя.

Давлатимиз раҳбари ташаббускорлигида Ҳаракатлар стратегияси ҳаётга татбиқ этила бошлангач, сўз эркинлиги, жамият ҳаётида журналистлар, ОАВнинг ўрни бутунлай янги даврга қадам қўйди.

Халқ тили билан айтганда, оқни оқ, қорани қора, дейдиган реалист журналистлар авлоди етишиб чиқди. Натижада давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлар ўз фаолиятини ОАВ учун очди, демократик ислоҳотларнинг бир кўриниши бўлган ҳисобдорлик таъминланишига мамлакатда қулай муҳит ва шароит шаклланди.

Бугунги кунда ОАВ вакиллари халққа бир ишончли кўприк сифатида мамлакатимиздаги ўзгаришлар мазмун-моҳиятини тушунтириш, жамиятда мавжуд муаммолар ҳамда камчиликларни ижобий ҳал этишга ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Бу борада жамоатчилик назорати журналистларга энг асосий кўмак бўляпти.

Яна бир ҳақиқат шуки, очиқлик ва ошкоралик ҳаммага ҳам ёқавермайди. Лекин сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсати эндиликда бизнинг кайфиятимиз ва қарашларимиз билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Чунки бу эркинлик қўллаб-қувватланаётган Янги Ўзбекистонда шахснинг шаъни, қадр-қиммати тобора юқорилаш билан бирга, шаффофлик, ошкоралик, холислик каби тамойиллар одамларимизга сув ва ҳаводай зарур. Шу боис ривожланган мамлакатлар экспертлари сўз эркинлигининг таъминланиш даражасига демократиянинг қон айланиш системаси сифатида катта баҳо беради.

Умуман олганда, Президентимиз томонидан таъкидланганидек, оммавий ахборот воситалари очиқлиги бўйича танлаган йўлимиз, сўз эркинлиги бўйича сиёсатимиз асло орқага қайтмайди.

Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?