Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ишдан олинди
Фото: Президент матбуот хизмати
Давлатимиз раҳбари Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси томонидан «Чорсу» бозорида тўлов интизоми жойига қўйилмагани, «Малика» савдо комплексида эса аҳвол бундан ҳам аянчли эканини кўрсатиб ўтди.
Комплексда 1,5 мингга яқин тадбиркор фаолият юритсада, уларнинг фақат тўртдан бири рўйхатдан ўтган, 25 фоизи ойига 1 миллион сўм ҳам солиқ тўламаяпти. Шунингдек, декабрь ойида пластик карталар орқали ечиб олинган 600 миллиард сўмлик савдо тушуми яширилган.
Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бюджет режасини яхши ишлаётган тадбиркорларга ортиқча тўлов қилдириш ҳисобидан бажармоқда. Жумладан, 46,4 минг корхонадан 876 миллиард сўм ортиқча тўлов ундирилган.
Солиқ қўмитасида қўшилган қиймат солиғидан сунъий ортиқча тўлов ҳосил қилиш орқали уни бюджетдан ноқонуний қоплаш ҳолатлари кўпайган. Ўтган йилда мазкур солиқни ноқонуний қайтариш бўйича 20 нафар солиқ ходимига жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу йўналишга жавобгар бўлган, етти йилдан бери ишлаб келаётган қўмита раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг лоқайдлиги ва масъулиятсизлиги кўрсатиб ўтилди. Йиғилишда М.Мирзаев ишдан олинди.
Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Х.Муллажонов ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Й.Насимджановни ишдан олиш, фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.
Солиқ қўмитаси раисига Тошкент шаҳридаги барча туман солиқ инспекцияларининг бошлиқларини ишдан олиб, вазифасини бажарувчи қилиб қўйиш топширилди.
Қўмита раиси Ф.Пўлатов ва қўмитага тайинланган комплаенс бўйича янги ўринбосар А.Солиевга коррупцияга муросасиз муҳитни яратиш, Тошкент шаҳри солиқ раҳбарларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиб, уларнинг ўрнини ватанпарвар, янгиликка интилиб ишлайдиган шижоатли ёшлар билан тўлдириш вазифаси қўйилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ғаниев қўштирноқ остидаги «тадбиркор»ларга солиқдан қочишда йўл кўрсатиб юргани учун уни бугуннинг ўзида ишдан олиш топширилди.
А.Солиев ва Тошкент шаҳар ҳокимига комплаенс бўйича ўринбосар этиб тайинланган М.Мирҳамидов пойтахтда яширин иқтисодиётга қарши муросасиз муҳит яратишга масъул бўлиши белгиланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг