Соҳилидан узоқлашаётган дарёлар
Архив сурат
…Раҳмон отанинг падари бир пайтлар каллаи саҳарлаб, қишлоқ ёнидан шовуллаб оқаётган Сангзор дарёсига бориб, анча вақт сувга термилиб тураркан, баъзан ғазаби қайнаб, кимларнидир қаттиқ уришарди. Ота сувни Яратганнинг улуғ инъоми санаб, уни ифлослантирган ёки чиқинди ташлаганларга аёвсиз танбеҳ берарди.
— Дарёга ҳеч қачон тупурма, чиқинди ташлама, буни дарё сезади, хафа бўлади, — деб айтарди ўғлига.
Бугунги кунда Раҳмон ота ҳам падари каби тонг саҳарда Сангзор дарёси қирғоғига бориб, сувнинг оқишини кузатишни хуш кўради. Аммо у даврдаги дарё қаёқда дейсиз, қирғоқдан анча узоқлашиб кетган. Дарё ўзанида экскаватор қазиган қум-шағальни юк автомобиллари ғиз-ғиз ташишини кузатаркан, у «Шуларни отам кўрмадида, бир таъзирини берарди» деб қўяди ичида. Бугун Сангзор ўксиб-ўксиб йиғлаётгандек, унинг назарида.
— Сангзор соҳили бўйлаб тонг саҳарда сайр қилишга одатланганман, — дейди Ғаллаорол тумани «Оқтом» МФЙ ҳудудидаги Жарғоқ қишлоғида яшовчи Раҳмон ота Туропов. — Менинг билишимча, қирғоқ бўйлаб камида ўнга яқин тош майдалаш ускуналари қурилган. Бу «минизавод»лар дарёдан қазиб олинаётган шағал ҳисобига ишлаяпти. Лекин бу халқни қийин аҳволга солиб қўяётир, чунки Сангзор бўйида 10 — 15 та қишлоқ бўладиган бўлса, ҳаммасининг қудуқларида сув қуриди. Бундан ташқари, аҳолининг томорқа ерларига сув чиқариш умуман издан чиқиб кетди…
Отахон ҳақ, кейинги йилларда қурилиш кўламининг кенгайиши ва норуда материалларга бўлган эҳтиёжнинг ошиши туфайли дарё ўзанлари, соҳилбўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида қум-шағальни қазиб олиш билан шуғулланиб келаётган тадбиркорлик субъектлари сони ортиб бораётир. Биргина 2023 йилнинг ўзида дарё ўзанларида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш билан боғлиқ 303 та ҳолатда 268 нафар шахс 68 млрд. сўм миқдорида жаримага тортилди. Шундан 42 та ҳолат бўйича 45 млрд. сўм миқдорида табиатга зарар етказилганлиги учун жиноят иши қўзғатилди.
Тан олиш керак, бунинг оқибатида сув ресурслари захираларининг камайиб кетиши, дарё қирғоқларининг емирилиши, сувни муҳофаза қилиш зоналарининг турли чиқиндилар билан ифлослантирилиши ҳолатлари юз бериб, суғориш тизимлари, электр энергия, транспорт ва гидротехника инфратузилма объектларига зарар етказилмоқда. Айниқса, Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё каби дарёлар ўзанларидаги экологик вазият уларни қайта тиклаш ва назоратни кучайтириш юзасидан қўшимча чоралар кўришни тақозо этмоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 17 январдаги «Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эса бу йўналишда дарёларга, табиатга ва атроф-муҳитга етказилаётган зарарнинг олдини олишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Фармонда таъкидланганидек, 2024 йил 1 майдан бошлаб Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади. Мораторий даврида дарё ўзанлари, соҳилбўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.
Юқорида Раҳмон отанинг сўзларини бежиз келтирмадик. Чунки тарихан катта эврилишлар айнан дарёлар бўйида пайдо бўлган. Бу сувнинг инсоният учун нақадар аҳамиятли эканини кўрсатиб турибди. Жиззах вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи Сангзор дарёси ҳам ҳудуд аҳолисини ичимлик суви билан таъминлайдиган ва экинларни суғориш учун энг муҳим манба ҳисобланади. Ҳатто Жиззах шаҳрини ичимлик суви билан таъминлайдиган Бахмалсой қишлоғидаги ўндан ортиқ қудуқлар учун ҳам ер остида дарё суви табиий фильтрланиб тўпланади. Аммо одамлар ва айрим тадбиркорлар томонидан дарёдан қум-шағал аралашмасини кавлаб олишда амалдаги меъёр талабларига риоя қилинмаслиги оқибатида дарё ўзани 300 метргача кенгайиб, 5 метргача чуқурлашиб кетган. Натижада булоқ ва сойлардаги сув қуриб қолиб, аҳоли учун обиҳаёт танқислиги вужудга келмоқда.
— Сангзор Бахмал тоғларидан ҳосил бўлган сойлардан оқиб келадиган дарё ҳисобланади, — дейди «Сувхўжаликназорат» инспекциясининг Жиззах вилояти бўйича инспектори Жўра Қораев. — «Сангзор» — тошлоқ деган маънони англатади. Сангзор фақатгина Ўзбекистонда эмас, дунё бўйича қуёш чиқиш томонга қараб оқадиган ягона дарёдир.
Ачинарли томони шундаки, бу ерга қурилиш ва маиший чиқиндилар ташлаб кетиш ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда. Тадбиркорлар эса аёвсиз қум-шағал олиш билан овора. Аслида, ўзан кўмилиб қолган бўлса, уни тозалаш учун қум-шағал олишга рухсат этилган. Улар эса дарёнинг ичига кириб олиб, «Бу менга берилган» деб қум-шағальни хоҳлаган жойидан кавлаб оляпти. Лекин дарёнинг бирон жойида ўзан тўғрилангани йўқ. Ўзан эса ўзгариб кетган. Бундай ишлар давом этаверса, дарё хавф остида қолади. Дарё ўзани ва қирғоқларини мустаҳкамлаш учун кейинги уч йилда давлат маблағидан 27 млрд. сўм сарфланди. Лекин ноқонуний ишлар тўхтагани йўқ.
Дарё устида халқаро ва республика аҳамиятидаги ўндан ортиқ кўприклар қурилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилдаги 342-сонли қарорига асосан, қум-шағал аралашмаси кўприклардан 2,5 километр узоқликдаги масофадан олиниши белгиланган. Аммо бунга амал қилинмаётгани натижасида кўприкларнинг бир қисми авария ҳолатига келиб қолган. Ваҳоланки, Сангзор дарёси устида қурилган кўприкдан Тошкент — Самарқанд — Қарши — Бухоро йўналишидаги «Шарқ» ва тезюрар «Афросиёб» поездлари ўтади. Шунингдек, «М-39» халқаро автомагистрали ҳам хавф остида эканини айтиб ўтиш ўринлидир.
Фармоннинг аҳамияти юқоридаги мисолларда ҳам яққол акс этиб турибди. Мазкур ҳужжатда дарё ўзанлари, соҳилбўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олишни тақиқлаш ва тоғли ёки тоғолди ҳудудларда жойлашган муқобил кон участкаларидан қум-шағал қазиб олиш ишларини ташкил этиш белгилангани айни муддао бўлди.
— Бу ҳужжат айни вақтида қабул қилинди, — дея фикрини давом эттиради Жўра Қораев. — Эндиликда дарё ўзанлари, соҳилбўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида жойлашган норуда материалларни қайта ишлаш корхоналари тоғ ва тоғолди ҳудудларига ёки ушбу ҳудудларнинг яқинида жойлашган кичик саноат зоналарига кўчирилади. Бу дарёларимизни турли экологик хавф-хатар ва инқироздан асраб қолади.
Яна шуни эътироф этиш жоизки, Фармонда қайд этилганидек, 2024 йил 1 апрелга қадар тоғ ва тоғолди ҳудудларида муқобил норуда фойдали қазилма конлари ва кичик саноат зоналарини ташкил қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш белгиланди. Бунда тадбиркорлик субъектларига шарт-шароит яратиш мақсадида қўшимча кичик саноат зоналарини ташкил қилиш ва уларда муҳандислик-инфратузилма объектларини барпо этиш назарда тутилган.
Хуллас, қурилиш, ободонлаштириш ишлари баҳонасида элу юртга қут-барака ато этиб турган зилол сувли дарёларимизга путур етмаслиги керак. Чунки дарёлар нафақат экин-тикиннинг қони ва жони, балки экологик мувозанатни тартибга солувчи, наботот ва ҳайвонот оламини муҳофаза қилувчи манбадир.
Фахриддин БОЗОРОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- “Инсоният цивилизациясига асос бўлган ютуқлар шу заминдан келиб чиққан” — Парагвай Президенти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг