Содда одамларни домига тортаётган “ўргимчак тўри...”

Жаҳон глобал тармоғи бўлган – интернет бугун ҳаётимизнинг муҳим бир қисмига айланди. Афсуски, ушбу тармоқнинг ёшлар ҳаёти, турмуш тарзи ва орзу-ҳавасларига салбий таъсири ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Боиси виртуал оламда барча орзу-мақсадларни амалга ошириш учун қулайликлар муҳайё. Аммо унинг салбий жиҳатлари ҳамиша ҳам тезда аён бўлавермайди.
Шу сабабли бугунги кунда интернет оламига маҳлиё бўлиб турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолаётган, ёлғон севги асири бўлаётган, турли кўнгилхушликларга алданаётганлар тез-тез кўзга ташланмоқда.
Риштон туманида яшовчи 23 ёшли қиз “Telegram” ижтимоий тармоғи орқали бир одам билан танишиб қолади. Янги таниши жуда “уддабурон” бўлиб, тезда содда қизни онлайн равишда мўмай даромад топишига ишонтиради. Натижада 5,5 миллион сўм пулини фирибгарга тутқазган қиз анча вақтдан кейин алданганини сезгач, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилди.
Тошлоқ туманининг Садда маҳалласида яшовчи аёл эса ижтимоий тармоқ орқали ўзи танимаган шахсга ишониб, бир зумда оилавий жамғармасидан айрилди. Гап шундаки, нотаниш одам унга ютуқли ўйинда 34 миллион сўм пул мукофоти ютиб олгани, бу пулни олиш учун эса комиссия тўлови сифатида 7,5 миллион сўм маблағни пластик картасига ўтказиб бериши кераклигини айтади. Бу ёлғонга ишонган содда аёл айтилган суммани дарҳол ўтказиб беради. Кейин алданганини билиб ички ишлар органларига ариза топширади. Тезкор ўрганишлар натижасида ушбу жиноятни содир этган фуқаро аниқланди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда юқоридаги юртдошларимиз каби ижтимоий тармоқлар орқали алданиб қолаётганлар йўқ эмас. Фарғона вилояти ИИБ Киберхавфсизлик бўлими ходимлари бундай иллатларга қарши курашишда ҳамиша фаол. Аммо бу борада оилада, таълим тизими ва меҳнат жамоаларида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
—Бугунги глобаллашув, ахборот хуружлари даврида кибержиноятларнинг тури ва шакли тобора ўзгариб, янги-янги найранглар ўйлаб топилмоқда,—дейди Фарғона вилояти ИИБ Киберхавфсизлик бўлими катта инспектори Камронбек Қурбонов.—Аввал ўғирлик, талончилик, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар кўп учрарди. Бугун бу каби жиноятлар ахборот технологиялари ёрдамида ҳамда виртуал усулда осонгина амалга ошириляпти. Шу боис эндиликда ҳар бир фуқародан мобиль саводхонлик ҳамда ҳушёрлик талаб қилинади.
—Умуман танимайдиган бир одам номимга кредит расмийлаштириб олибди,—дейди бир йигит фиғони фалакка чиққудай бўлиб. —Бир куни банкдан телефон қилиб, “Кредитни қачон тўлайсиз?” дея сўраб қолишди. Шунда ҳам охирги илинж билан “...балки адашаётгандирсиз”, дедим. Аммо банк ходими менинг исми-шарифимни тўғри ва тўлиқ айтди. Кейинчалик маълум бўлишича, менга нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлган, мен эса унга жавоб берганман. Шу жараёнда у шахсий маълумотларимга эга бўлган ва номимга кредит расмийлаштирган. Ҳозирги кунда ҳам ушбу муаммо орқасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга қатнаб юрибман.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати раҳбари Исмоилжон Шариповнинг маълум қилишича, Ўзбекистон туманида ҳам шунга ўхшаш жиноят содир этилгани аниқланди. Гап шундаки, ташкилотлардан бирида ишлайдиган ходим бир неча ҳамкасбларини алдаб, шахсий маълумотларини қўлга киритади ва уларнинг номига 75 миллион сўм кредит расмийлаштириб олишга эришади.
Шу тариқа жабрланувчилар ички ишлар идораларига мурожаат қилгач, ушбу ҳолат юзасидан ўрганишлар олиб борилди. Суриштирувлар жараёнида бировнинг номига кредит олган йигит онлайн қимор ўйинларига муккасидан кетгани, ўзининг бор пулини ютқазиб қўйгач, шундай ишга қўл ургани фош этилди.
—Бунга қарши курашиш фақат ҳуқуқ-тартибот органларининг иши эмас, айни жараёнда ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулияти ва билими муҳимдир,—дейди Камронбек Қурбонов.—Боиси замонавий технологиялар, интернет аллақачон ҳаётимизнинг узвий бир қисмига айланиб улгурди. Шунинг учун ҳам эндиликда ҳар бир фуқаро мобиль саводхон бўлиши керак. Виртуал олам жиноятларидан жабр чекмаслик учун эса телефон орқали келаётган шубҳали ҳаволалар, тасдиқланмаган хабарлардан эҳтиёт бўлиш лозим. Шунингдек, шахсий маълумотлар ҳамда пластик карта рақамларини бегонага бермаслик зарур.
Ўтган йили Фарғона шаҳар ИИБ биносида республикада биринчилардан бўлиб Киберхавфсизлик лабораторияси ташкил этилган эди. Замонавий мезонлар асосида жиҳозланган лабораторияда ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик соҳасида тадқиқотлар ўтказиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш фаолиятида рақамли далилларни тўплаш, исботлаш ҳамда фаолиятни техник таъминлаш ишлари йўлга қўйилди. Бу ишга талаба ёшлар, IT соҳаси мутахассислари кенг жалб этилди.
Демак, ҳушёрлик кунда керак. Унутманг, сизни кибержиноятлардан энг аввало теран ақлингиз ҳамда идрокингиз асрайди!
Ботир МАДИЁРОВ,
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг