Сирдарё вилоятида БРМнинг «Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойилига мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга мослашуви ўрганилди

14:50 13 Октябр 2025 Сиёсат
154 0

Жорий йилнинг 7-9 октябрь кунлари Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Б.Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Сирдарё вилоятида Барқарор ривожланиш мақсадларининг «Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойилига мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизими тубдан такомиллаштирилгандан сўнг улар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратишга, шунингдек, инклюзив таълимни давлат сиёсати даражасига кўтаришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунинг яққол ифодаси сифатида вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳарларида 1 та «ижтимоий кўча» ташкил этилган бўлиб, улар ногиронлиги бўлган шахслар эркин ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун мослаштирилган, кўзи ожизлар учун тактил қопламалар ва овозли светофорлар ўрнатилган.

Шунингдек, Президентимизнинг топшириқларига асосан вилоятдаги 62 та мактабда 117 нафар ногиронлиги бўлган ўқувчи учун 81 та инклюзив синф ташкил этилган. 30 та мактабни тўлиқ тўсиқсиз муҳитга мослаштириш мақсадида эса 1 млрд 438 млн сўм йўналтирилган. Бу чоралар ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашда муҳим қадам бўлди.

Вилоятдаги 3 та олий таълим ташкилотида жами 285 нафар ногиронлиги бўлган шахс таҳсил олмоқда, шулардан 275 нафари бакалавриат, 9 нафари магистратура, 1 нафари эса таянч докторантура босқичида ўқимоқда. Олий таълимга қабулда ногиронлар учун алоҳида 2 фоизлик квота жорий этилгани натижасида сўнгги уч йилда уларнинг қамров даражаси 89 фоизга ошган. Шу билан бирга, вилоятдаги олий таълим муассасаларида 19 нафар ногиронлиги бўлган профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда.

Меҳнат соҳасида ҳам ижобий натижалар кузатилмоқда. Хусусан, меҳнатга лаёқатли 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган 19 110 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг 5 601 нафари бандлиги таъминланган. Шу билан бирга, 1 462 нафар ногиронлиги бўлган шахс якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда, 263 нафари эса касб-ҳунарга ўқитишга жалб қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг (2024 йил 16 июлдаги ПҚ–257-сонли) қарорига мувофиқ ногиронликни белгилашнинг янги тизими жорий этилди.

Унга кўра, ногиронлик гуруҳи ва муддати, беморнинг ўзгалар парваришига эҳтиёжи, тиббий реабилитация ҳамда протез ёки реабилитация воситасига муҳтожлик ҳақидаги маълумотлар инсон омилисиз, автоматик равишда «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида шакллантирилади.

Мониторинг ва таҳлиллар асосида соҳадаги тизимли муаммолар ва ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирлар («йўл харитаси») ишлаб чиқилди.

Сирдарё вилоятида ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари эса Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилиши ҳамда тегишли қарор қабул қилиниши режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?