Сина — энг яхши туризм қишлоғи

18:09 23 Апрель 2025 Жамият
171 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Денов — қуёш ардоғидаги, обиҳаётга ошна қадим ва табаррук замин. Буни Нақшбандия тариқатининг тарғиботчиси ва намояндаси Хожа Алоуддин Аттор ҳазратларининг Бухорои шарифдан келиб, умрининг сўнгги кунларигача бу қутлуғ масканда истиқомат қилгани ҳам тасдиқлайди. Унинг бағрида табаррук қадамжолар кўп: Будрачтепа, Холчаён, Тупроққўрғон, Денов қалъаси, Қизқўрғон каби археологик ёдгорликлар, «Хўжа Аловуддин Аттор» зиёратгоҳи, «Саид Оталиқ» мадрасаси, Дендрарий боғи, Сина қишлоғидаги «Сумбула» табиат мўъжизаси, Хўжа Баркуҳ, Хўжа Ҳисор каби зиёратгоҳлар. Бу ерда сайёҳлик масканлари, оилавий меҳмон уйлари мавжуд. Ҳудуднинг миллий ҳунармандчилиги ҳам ўзига хос тарихга эга.

Олимлар милоддан илгари Денов тупроғида буддавийлик алоҳида мавқега эга бўлганини Холчаённинг қуйироғида, Сурхон дарёсининг Қизилсув дарёси билан қўшилган қисмида жойлашган Будрачтепадан топилган шаҳар қолдиқлари мисолида исботлашган. Будрачтепадан Қизилсув дарёси бўйлаб юқорида жойлашган милоднинг III-IV асрларида барпо этилган Тупроққўрғон қолдиқлари ҳам кўҳна мозийдан сўзлайди. Икки дарё оралиғидаги шу уч нуқта марказида Чағаниён давлатининг пойтахти ҳозирги Денов шаҳрининг ўрнида бўлган.

Бугун давлатимизнинг соҳага қаратаётган эътибори туфайли тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган Денов туманида ҳам туризмнинг зиёрат, буддизм, эко, этно, агро, тоғ, гастрономик каби йўналишлари ривожланиб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайишига хизмат қилмоқда. Ҳудуднинг туристик салоҳиятидан янада оқилона фойдаланиш, қадим масканни янада кенг тарғиб қилиш йўллари изланяпти. Бунда Президентимиз ғояси билан Туризм қишлоқларини ташкил қилиш бўйича уч йил олдин бошланган иш яхши самара бераётганини «Сина» туризм қишлоғи мисолида ҳам кўриш мумкин.

— Мафтункор тоғлар бағрида жойлашган қишлоғимиз табиат мўъжизалари, археологик ёдгорликлар, муқаддас зиёратгоҳлар ва миллий урф-одатларга бой, — дейди «Сина» МФЙ раиси Олим Жабборов. — Ҳудудимиз аҳолиси қадимдан ўзининг пазандалиги билан ҳам ном қозонган. Синалик қўли гул ошпазларимиз бу ҳунарини авлоддан-авлодга ўтказиб, эъзозлаб келади. Миллий таомлар сайлини ҳар йили туризм қишлоғимизда ўтказилиши анъанага айлантирилгани ҳам бежиз эмас. Нон, патир ва сомсанинг 20 дан зиёд тури, синача тандир кабоб, синача гўжали ош ва бошқа таомларимизнинг таъми бир татиган одамнинг оғзида қолади. Шундан бўлса керак, йилнинг тўрт фаслида ҳам маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар қишлоғимизга ташриф буюришади.

Денов ва унинг атрофидаги гўшалар ўз тарихи, табиати, маданияти ва гастрономик бойлиги билан сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. «Сина» каби туризм қишлоқлари кўпайса, Деновнинг туристик салоҳияти янада юксалади. Бундай мақомларга эга бўлган ҳудудда равон йўллар барпо этилиб ободонлаштирилади. Электр энергияси, газ, сув таъминоти, оқава сув тизими яхшиланади. Мобил алоқа ва интернет тармоғи сифатини ошириш учун базавий станциялар ўрнатилади. Қишлоқ одамлари учун янги иш ўринлари ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?