Швейцарияда мамлакат аҳолиси сонини чеклаш бўйича референдум ўтказилади

22:25 12 Февраль 2026 Дунё
77 0

The New York Times нашри хабар беришича, Швейцарияда 14 июнь куни мамлакат аҳолиси сонини 10 миллион киши билан чеклаш масаласи юзасидан умумхалқ референдумини ўтказиш режалаштирилмоқда.

2024 йилда ўнг-консерватив йўналишдаги Швейцария халқ партияси миграцияни чеклаш ва аҳоли сонига лимит жорий этиш бўйича петиция бошлаган эди. Мамлакат ҳукумати ва парламенти мазкур ташаббусга қарши овоз берган. Бироқ петицияни 100 мингдан ортиқ фуқаро имзолагани сабабли, амалдаги қонунчиликка мувофиқ референдум автоматик тарзда тайинланган.

Ташаббусга кўра, Швейцариянинг доимий аҳолиси 2050 йилга қадар 10 миллион кишидан ошмаслиги лозим. Агар шу муддатдан олдин аҳоли сони 9,5 миллион нафардан ошиб кетса, автоматик равишда чеклов чоралари жорий этилади. Бундай чоралар қаторига бошпана бериш квоталарини қисқартириш ҳамда оилаларни бирлаштириш имкониятларини чеклаш киради.

Референдум тарафдорларининг таъкидлашича, ҳозирги кунда аҳоли сонининг ортиши инфратузилмага ортиқча юк тушишига, маҳаллий ўзликнинг сусайишига ва уй-жой ижара нархларининг ошиб кетишига сабаб бўлган.

Мухолифлар эса ушбу ташаббус Швейцария иқтисодиётига зарар етказиши, хорижий ишчи кучини жалб этишни қийинлаштириши ва мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирмоқда.

Айни пайтда Швейцария аҳолиси 9,1 миллион нафарни ташкил этади. 2000 йилдан буён аҳоли сони 25 фоизга ошган бўлиб, бу ўсиш асосан иммигрантлар оқими ҳисобига таъминланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер