Шўрчилик “Ажойиб хаёлпараст”

15:32 05 Декабрь 2024 Жамият
295 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». “Ажойиб хаёлпараст” фильми деганда кўз олдимизга серташвиш, содда ва ўжар, ўта романтик қишлоқ шифокори Ҳасан гавдаланади. Ўзбекистон халқ артисти, бетакрор актёр, марҳум Бахтиёр Ихтиёровнинг қаҳрамони рафиқасини шу қадар севадики, бутун дунё бойлигини унинг оёқлари остига ташлашга ҳам тайёр. Ҳасаннинг соддалиги, беғуборлиги, рафиқасига бўлган самимий ва чин муҳаббати ва бойиб кетиш йўлидаги соддадилларча уриниши Бахтиёр Ихтиёров талқинида ўта табиий ишонарли очиб берилган. Ушбу картина суратга олинганига салкам эллик йил бўлса-да, ҳамон мухлислар севиб томоша қилишади. Фильмдаги воқеаларни табассум билан эслашади.

Собиқ тузум даврида хусусий мулк ва бозор иқтисодиётига нисбатан салбий қараш ҳукм сурган эди. Тадбиркорлик коммунистик мафкурага зид деб ҳисобланган. Тузум тадбиркорлик фаолиятини қатъий назорат қилган ва унинг ривожига тўсқинлик қилган. Тадбиркорларни “давлатга хавф” сифатида кўрганлар. Ишбилармонлар кўпинча жамиятда камситилган ва “чайқовчи” деб аталган. Бу уларнинг ижтимоий мавқеини пасайтирган ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга тўсқинлик қилган. Аслида, Ҳасан ҳам ана шундай мафкура қурбонларидан эди.

Ўша даврларда жамиятда айтилмайдиган гаплар ёзувчи Одил Ёқубовнинг “Бахт қуши” ҳикояси асосида суратга олинган ушбу фильм орқали қуёнчилик мисолида кўрсатилган бўлса не ажаб.

Шўрчи тумани Наврўз маҳалласидан Файзигул Маҳмудова дастлаб бир жуфт қуён боқа бошлаганида айримлар уни “Ажойиб хаёлпараст” фильми қаҳрамонига ўхшатганди. Бугун одамларнинг унга бўлган фикри бошқача.

— Деҳқончилик бир йилда, қуёнчилик қирқ кунда, деганлари рост экан, — дейди Файзигул Маҳмудова. — Қуёнчилик сердаромад соҳа эканини уни парваришлаётган тадбиркорлар яхши билади. Қуён боқиш кўп харажат талаб қилмайди, маҳсулотини кўп куттирмайди. Энг муҳими, гўшти ҳам, териси ҳам харидоргир. Ушбу жиҳатларини обдон ўрганиб, кейин ушбу соҳага қўл урдим. Баъзилар мени “ана, Бахтиёр Ихтиёровнинг синглиси келяпти”, дейишарди. Бундан хафа бўлмасдим, аксинча, ўзимга ишончим ортиб, интилишим янада кучайди. Қуёнлар тез кўпаяди. Йилига 4-6 марта болалайди. Уларнинг ёнига янада зотдорларини қўшдим. Шу йил бошида ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан 20 миллион сўмлик имтиёзли кредит олдим. Ушбу маблағ эвазига оқ великан зотли қуёнларни харид қилдим. Бугун қуёнларим сони юз бошдан ошди.

Жониворлар боқувга инжиқ эмас. Асосан, сабзи, беда, арпа, буғдой бериб парваришланади. Вақтида профилактика қилиб турилса, турли касалликларга чалинмайди. Яхши боқилса, урғочиси тўрт ойда 4,5 килограмм, эркаги 8 килограммгача тош босади. Бундан даромадни чамалаш қийин эмас. 1 килограмм қуён гўшти бозорда 60 минг атрофида туради. Масалан, 100 бош эркаги ўртача 800 килограмм гўшт қилади. Бу ўртача 48 миллион сўм дегани.

— Қуён терисини ошлаш, қайта ишлашга ҳам қизиқаяпман, — дейди Файзигул Маҳмудова. — Очиғи, ҳозирча фойда ҳақида гапиришга эрта. Шу пайтгача тушган даромадни фаолиятни ривожлантиришга йўналтиряпмиз. Энди қуёнларни янгича, илғор технологияга асосланган шароитда боқишни йўлга қўйиш ниятидаман. Қуён боқиладиган алоҳида жой барпо этмоқчиман. Режам амалга ошса камида 5 та янги доимий иш ўрни яратилади. Аслида уй шароитидаги ҳозирги фаолиятимдан нолимайман. Тўрт нафар фарзандимни тарбиялашдан ортиб рўзғоримизга нафим тегаётганидан, турмуш ўртоғимга кўмаклашаётганимдан хурсандман.

“Ажойиб хаёлпараст” фильми қаҳрамони Ҳасаннинг армонига айланган сердаромад қуёнчилик ортидан яхшигина даромад топаётган юртдошларимиз сони кун сайин кўпаймоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?