Шавкат Мирзиёев эртага Сурхондарёга боради
Бугун пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати томонидан брифинг ташкил этилди.
Тадбирни Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари — Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов олиб борди ва оммавий ахборот воситалари ходимларига давлатимиз раҳбари иштирокида ҳафта давомидаги расмий тадбирлар хусусида қисқача маълумот берди.
Таъкидланганидек, ўтган ҳафта муҳим расмий тадбирларга бой бўлди. Президентимиз ҳузурида мактабгача таълим муассасалари қамровини кенгайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди. Давлатимиз раҳбари ўрта таълимни тугатаётган битирувчиларга табрик йўллади. Бу 438 минг нафар ўғил-қиз учун кутилмаган совға, ҳар бирига алоҳида эътибор ва ғамхўрлик белгиси бўлди.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари ўтган ҳафта Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар. Учрашув жуда самарали бўлди. Россия томони тиббиёт соҳасида илмий ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича давлатимиз раҳбарининг барча таклифларини қўллаб-қувватлади.
Шунингдек, кўп қаватли уй-жойлар қуриш ва уларга хизмат кўрсатишни яхшилаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
— Хабарингиз бор, кеча Сеул шаҳрида “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик — 2030” халқаро саммити бошланди. Бу дунё лидерлари иштирокидаги жуда муҳим тадбир. Саммитнинг биринчи куни доирасидаги муҳокамаларда Ўзбекистон Президенти билан бир қаторда БМТ Бош котиби, Корея Республикаси, Франция президентлари, Буюк Британия Бош вазири ва бошқа етакчилар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “яшил” ва барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш бўйича фикрларини билдирдилар. Улар саммит иштирокчилари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди. Саммит натижалари асосида “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, иқлим ўзгаришлари оқибатларини енгиб ўтиш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинади, — деди Ш. Асадов.
Шу билан бирга, брифингда ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган ҳужжатлар моҳияти хусусида ҳам маълумот берилди.
Ўз навбтида, жорий ҳафтанинг муҳим расмий тадбирлари анонсига тўхталиб ўтилди.
— Бу ҳафтада ҳам тадбирларимиз жуда кўп, — деди Президент матбуот котиби. — Бугун Президентимиз ҳузурида туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти бўлади. Биринчи ва иккинчи июнь кунлари давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига ташрифи режалаштирилган. Жума куни эса ер ҳисоби ва давлат кадастрлари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиши мўлжалланган.
Тадбирда журналистлар томонидан берилган саволларга Ш. Асадов жавоб қайтарди.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Муҳаммад Салоҳ фаолиятини Саудияда давом эттириши мумкин
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг