Шавкат Мирзиёев БAA энергетика ва инфратузилмалар вазирини қабул қилди

15:19 05 Декабрь 2025 Сиёсат
78 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилмалар вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда БААнинг “Masdar” компанияси раҳбари Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳий, “Etihad Water & Electricity” компанияси раҳбари Юсуф ал-Али ва “TAQA Water Solutions” компанияси раҳбари Аҳмад ал-Шамсий ҳам иштирок этди.

Учрашув аввалида вазир мамлакатимиз етакчисига БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум, вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ҳамда Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Шайх Холид Ол Наҳаённинг саломини етказди.

Ўзбекистон – БАА дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновларнинг сони барқарор ошиб бормоқда. Лойиҳалар портфели 20 миллиард долларга етган.

Транспорт-логистика, озиқ-овқат, кон-металлургия, энергетика ҳамда бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳаларни тайёрлаш ва илгари суриш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда энергетика соҳасида биргина "Masdar" компанияси билан Ўзбекистон ҳудудларида 1,5 миллиард долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилди.

Бугун Бухоро вилоятида навбатдаги қуёш электр станцияси ва энергия сақлаш тизими ишга туширилди, Қашқадарё вилоятида 600 миллион доллардан зиёд қийматдаги шундай иншоотлар қурилиши бошланди.

БАА компаниялари раҳбарлари Президентимизга шамол электр станцияси ва энергия сақлаш қувватлари, гидроэлектр станцияларини барпо этиш режалари ҳамда тозалаш иншоотлари қурилишининг бориши тўғрисида маълумот берди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер