Шарқ маданияти ва адабиётининг гултожи

20:32 16 Февраль 2023 Маданият
948 0

Адабиёт ва санъат — халқимиз маънавий оламини юксалтиришда алоҳида аҳамиятга эга. Бу йўлда адабиёт вакилларининг ижодини ўқиб-ўрганиш, кенг тарғиб қилиш асосий вазифамиз ҳисобланади. Худди шундай адабиётимизнинг йирик намояндаларидан бири шох ва шоир, буюк мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир.

Таъкидлаш жоизки, унинг ҳаёти ва ижоди асрлар давомида дунё олимларининг диққат эътиборини тортиб келмоқда.

Қуйидаги хорижликларнинг фикрлари, дил изҳорларидан ҳам буни билиб олиш мушкул эмас.

Хелмут ДАЛОВ,

бобуршунос олим, адабиётшунос ва таржимон (Германия):

— Шарқ мумтоз ўрта аср мутафаккирлари орасида жаҳон шарқшунослигида энг эрта ўрганила бошлаган, маълум ва машҳур бўлган, Бобур даражасида шуҳрат топган шахсият жуда кам топилади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг мумтоз шоир сифатидаги меросини эътироф этган ҳолда шуни таъкидлаш жоизки, унга жаҳоний шуҳрат келтирган асар «Вақое» (Воқеъалар), кейинчалик «Бобурнома» асарининг кўплаб жаҳон тилларига қилинган таржималаридир.

«Бобурнома» асари мемуар жанрнинг мукаммал намунаси, тарихий-бадиий манба ҳисобланади. Шунингдек, асар турли тилларда адабиётшунослар, тарихчилар, тилшунослар, санъатшунослар, этнографлар, ҳайвонот ва наботот соҳаси вакилларининг тадқиқот манбасига айланган.

Менинг Бобурга бўлган муҳаббатим айнан «Бобурнома» асари орқали уйғонган. Ўтган йили Германияда менинг таржимамда «Бобурнома»нинг янги, тўлдирилган нашри чоп этилди. Ўз таржимамда қолган таржималардан фарқли ўлароқ асардаги қаҳрамонлар ҳаёти ва ўша давр воқелигини акс эттиришда асл тарихий ҳақиқатларни очишга ҳаракат қилдим. 2022 йил октябрь ойида Германияда мазкур китобнинг тақдимотини ташкиллаштирдик.

Ўйлайманки, бу асар Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсиятини, ижодини германиялик ўқувчиларга очиб беришда муҳим аҳамият касб этади.

Керол ЭРМАКОВА,

адабиётшунос ва таржимон (Буюк Британия):

— Бу беназир шахс 47 йилгина яшаб бизга ҳаёт умргузаронлик қилишда эмас, балки инсониятга нечоғли фойдамиз тегишида, улар учун нимани мерос қолдиришда эканини англатгани билан жуда қадрлидир. Унинг асарларидаги юксак санъаткорлик, гўзал бадиият, инсон шаънини улуғлаш каби жиҳатларини бошқа ижодкорда топиш мушкул.

Бу йил менинг таржимамда Каримов фонди томонидан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров қаламига мансуб «Бобур. Юлдузли тунлар» («Babur: Starry Nights») романи чоп этилди. Таржима матни Жули Уикенден томонидан таҳрирланди. Таниқли ўзбек рассоми Бобур Исмоилов эса китоб учун суратлар ишлади. Китоб Франциянинг нуфузли «Nouveau Monde Editions» нашриётида нашр қилинди.

Тарихий роман атоқли шоир, саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг драматик ҳодисаларга бой қисматидан ҳикоя қилади.

Китоб ўқир экансиз, ХВ–ХВИ асрларда Марказий Осиё ва Ҳиндистонда кечган тарихий воқеалар билан яқиндан танишасиз.

Бобур ва у билан боғлиқ асарларнинг ўқувчиларимиз қўлига етиб бориши у ҳақдаги билимлар ошиши, тасаввурларнинг кенгайишида муҳим роль ўйнайди, албатта. Шу йўлда менинг ҳам бу ишга заррача бўлсада нафимиз теккан бўлса, хурсандман.

Авива РОЗEНТАЛ,

Смитсон Осиё Миллий санъат музейи ходими (АҚШ):

— Ҳар бир халқнинг тарихий, маданий-миллий қиёфасини белгилаб берувчи улуғ шоҳлари, буюк олимлари, йирик адиб ва шоирлари бўлади. Искандари Мақдуний, Суқрот, Арасту, Буқрот, Еврипид, Ҳомер кабиларни эслаганимизда, миллатларнинг буюк мероси, маданияти қанчалар улуғворлиги ва нафосати намоён бўлади. Шубҳасиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам нафақат ўзбек миллати, балки дунё тарихида ўчмас из қолдирган шахслардан биридир. Шоҳ ва саркарда, шоир ва файласуф Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида сўз кетганда унинг сиёсат, адабиёт, иқтисод, жуғрофия бобида авлодларга қолдирган буюк маданий меросларини эслаш ўринли, албатта.

Бобур ижоди, кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан бугунги кунда ҳам дунё адабиётшунослари, тадқиқотчилар, адабиёт муҳиблари ҳамда кенг жамоатчилик орасида алоҳида ҳурматга сазовор бўлган.

2021 йилда музейимизда Бобур ва бобурийлар мероси мавзусига бағишлаб ўзбекистонлик ва америкалик олимлар иштирокида қўшма илмий-амалий симпозиум ташкил этилди. Кўргазмада АҚШ музейида бобурийлар даврига оид сақланаётган 20 дан зиёд ноёб артефакт намойиш қилинди.

Ҳозир ҳам музейимизда Бобур ҳаёти ва ижоди, жумладан, бобурийлар даври маданиятини кенгроқ ёритиш борасида ишлар жадал равишда олиб борилмоқда.

Тоҳир ФОРУҚ,

«Иттиҳод» газетаси бош муҳаррири (Покистон):

— «Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ,

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ».

Дунёда талотўплар, урушлар кечаётган бир пайтда тўсатдан Бобурнинг ушбу мисралари ёдимга тушади. У ўз шеърида бу дунёнинг ўткинчилигини, инсондан фақатгина эзгулик ва яхшиликкина қолишини куюниб ёзгандай назаримда. Дарҳақиқат, Бобур гўзал хулқ-атвор эгаси, тақво, шижоат, ҳалоллик, вафодорлик, сабр-тоқат, ҳиммат, адолат, раҳм-шафқат каби хислатларни ўзида мужассамлаштирган эди.

Бу буюк мутафаккир олийжанобликни, одамлар ўртасидаги дўстликни, ўз ишига фидойиликни, инсоннинг идеаллари ва ижодий имкониятларига бойлигини улуғлаган, фидокорона меҳнат қилишга катта ҳурмат билан қараган, инсон қадр-қимматини юксак қадрлаган. Бобур ўз асарларида очкўзлик, сотқинлик, шуҳратпарастлик каби – шахсни тубанликка йўлиқтирувчи салбий хислатларни танқид қилади, одамларга, айниқса ёш авлодга самимий маслаҳатлар беради.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурдаги табиий истеъдод унинг ҳар томонлама ривожланган ва қомусий билимларни ўзида мужассамлантирган шахсияти, ақл-заковати, инсоний хислатлари ва қолаверса очиккўнгиллиги бугунги кун инсонида юксак маънавий-ахлоқий хислатларни тарбиялашда зарурий манба бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ

(«Халқ сўзи») ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер