«Шахмат карвони» йўлга чиқди

17:29 12 Февраль 2025 Жамият
253 0

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон Шахмат федерацияси билан ҳамкорликда “Шахмат карвони” тадбири бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир доирасида дастлаб “Таъминот ва логистика” ДУК Тошкент шаҳар филиалида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилиб, “Шахмат карвони”даги жиҳозлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Таъкидланганидек, айни дамда ушбу карвон орқали Тошкент шаҳар ҳамда Тошкент вилояти умумтаълим мактаблари учун 17 мингта шахмат доскаси тўплами етказиб берилмоқда. Жорий йил якунига қадар бошқа ҳудудлардаги таълим муассасаларига ҳам 150 мингта шахмат жиҳозлари тўплами етказиб берилиши кўзда тутилган.

Шундан сўнг, мазкур карвоннинг илк манзили ўлароқ, Учтепа туманидаги 287-мактабда ўқувчилар билан учрашув, шахмат доскаларини тарқатиш тадбири уюштирилди.

Шунингдек, мазкур спорт турига қизиқувчи ёшлар билан гроссмейстерлар иштирокида маҳорат дарслари ва шахмат ўйинлари ўтказилди. Бу Президентимизнинг тегишли қарорида белгиланган — болалар ва ўсмирларнинг шахмат билан шуғулланишларига қизиқишларини ошириш, таълим муассасалари ўқувчиларини ушбу спорт турига доимий жалб қилиб боришга оид вазифалар ижросига уйғундир.

Шаҳзода ЭРГАШЕВА,

ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?