Шаҳрисабз шаҳри ва Яккабоғ, Китоб туманларидаги сайлов участкалари муҳим сиёсий тадбирга қай даражада тайёр?

17:24 21 Октябр 2021 Жамият
683 0

Фото: Фахриддин Бозоров / Халқ сўзи

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини холисона ёритиш мақсадида 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси ахборот хизмати томонидан ташкил этилган пресс-турда ОАВ вакиллари мана шу саволга жавоб топдилар.

13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси фаолияти ва у ердаги шароитлар билан яқиндан танишган журналист ва блогерлар Шаҳрисабз шаҳри, Яккабоғ ҳамда Китоб туманларидаги қатор сайлов участкаларида бўлди.

Яккабоғ туманидаги 23-мактаб биносида жойлашган 931-сайлов участкасида 2 минг 560 нафар сайловчи овоз беришда иштирок этиши кутилмоқда. Улардан 83 нафарини сайловда илк бор қатнашадиган ёшлар ташкил қилади. Шаҳрисабз шаҳридаги “Темурийлар мактаби” академик лицейида жойлашган 110-сайлов участкасида Тутзор ва Тепарлик маҳаллаларида истиқомат қилувчи 2049 нафар сайловчи овоз беради ва сайлов участкаси миллий сайлов қонунчилиги асосида жиҳозланган, сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида бу ерда инфокиосклар ўрнатилган бўлиб, унга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид барча маълумотлар аудио ва видео форматда, сурдо таржимаси билан жойлаштирилгани таҳсинга сазовор.

Пресс-турда ОАВ вакилларига Шаҳрисабз шаҳридаги 36 та сайлов участкасида муҳим сиёсий жараёнга кўрилган тайёргарлик хусусида атрофлича маълумотлар берилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида шаҳардаги сайлов участкаларида 72 минг 521 нафар сайловчи ўзлари муносиб топган номзодга овоз бериши кутилмоқда. 14-19 октябрь кунларида уларнинг 435 нафари муддатидан олдин овоз берди.

Шаҳрисабз шаҳридан сўнг Китоб туманига йўл олган тадбир иштирокчилари 483-сайлов участкасини кўздан кечирдилар.

Қашқадарё вилоятида шу йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президентлик сайловида қатнашадиган 1 миллион 868 минг 185 нафар сайловчининг 143 минг нафардан зиёдини илк бор овоз берадиган йигит-қизлар ташкил этади.

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?