Сен етим эмассан: Одамийлик тимсолига айланган оила
Зайнуш (Жанна) Жўраевани фарзандликка олиб вояга етказган Шароф ота ва Муаззам ая.
Ўшанда суронли 1941 йилнинг кузи эди. 10 ёшли Жанна опаси Таисия билан юзлаб болалар қатори қирғинбарот уруш бораётган Украинанинг Изюм шаҳридан фронт ортига, қуёшли Ўзбекистонга жўнатилди. Польяк миллатига мансуб бу опа-сингилни тақдир тақозоси билан бир-биридан бехабар ҳолда Бухородаги икки оила фарзанд қилиб олди.
Жанна ўша оғир кунларни кейинчалик шундай эслаган эди: “Поезд узоқ йўл юрди. Вагон тирқишидан самолётларнинг парвози ва даҳшатли товуши юракларга ваҳима солар, йиғидан ўзимизни тўхтата олмасдик. Бир неча кундан сўнг кўзда ёш, танда мадор қолмади. Ва ниҳоят, вагон эшиклари очилиб, барчага пастга тушишга рухсат берилди. Кутиб олиш учун ёшу қари чиққан экан. Улар бизни нон, мева, турли ширинликлар билан сийлади. Барча болаларни биз тилини ҳам тушунмайдиган, чеҳрасидан ўта меҳрибон эканлиги сезилиб турган одамлар бирин-кетин етаклаб кетишди”.
Жажжи Жаннани чорва ширкатининг раиси Шароф Жўраев ва рафиқаси Муаззам ая уйига олиб боришади. Унга Зайниш деб янги исм беришади ва Жўраева фамилиясига ўтказишади. Муаззам аянинг ўз фарзанди бўлмаганлиги учун Зайнишни еру кўкка ишонмасди. Ая қизалоқнинг тилларанг сочларини майда ўриб, дўппи ва атлас кўйлак кийдириб, Жаннани ўзбек қизига айлантирди-қўйди.
Жаннанинг опаси Таисия-чи? Ўшанда 12 ёшда бўлган бу қизнинг тақдири қандай кечди?
Синглиси билан Шофирконнинг Дўрмон қишлоғигача бирга келган Таисияни бошқа бир савобталаб оила ўзига қиз қилиб олиб кетади. Бунинг асло ажабланарли жойи йўқ. Ўшанда даҳшатли уруш бораётган Украина, Беларусь, Россия шаҳар-қишлоқларидан минглаб фуқаролар Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистонга кўчирилган, етим-есир болаларни ўз бағрига олиш учун ўзбек оилалари турнақатор навбатда турганди. Одамийлик, бағрикенглик бундан ортиқ бўлиши мумкинми?
— Раҳматли онамнинг сўзларига қараганда, — дейди Таисия опанинг ўғли Карим ака, — очликдан шишиб кетган, силласи қуриган уруш болаларини ўзбек хонадонларида қучоқ очиб кутиб олишган. Яқинларидан айрилган, уруш даҳшатларидан қўрқиб қолган ёш болаларни, жумладан, менинг онам — 12 яшар Таисияни ҳозирги Вобкент тумани Кўли Одина қишлоғида яшовчи Акрам Қудратов ва Очилой ая фарзандликка олишган экан. Тирноққа зор бу оила шундан сўнг Яратганнинг инояти билан бир этак фарзанд кўрган.
Йиллар ўтди. Ҳар иккала қаҳрамонимиз ўзбек йигити билан умр йўлини боғлади. Ували-жували бўлди.
Тақдирнинг ёзиғини қарангки, Таисия Казимировна синглиси Жанна – Зайниш Жўраева билан 35 йиллик айрилиқдан сўнг топишди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. 1976 йилда Зайниш опага отаси Казимир Казимирович Пузевичдан хат келди. Унда онаси Анна Яковлевна ҳам, ака-укалари ҳам ҳаёт эканлиги ёзилганди. Мактубдан бир парча Григорий Марьяновскийнинг “Книга судеб” (Документальное повествование. Т., 1980. 251-260 стр) номли китобида келтирилган.
Унда жумладан шундай сўзларни ўқиш мумкин: “Сенга отанг Казимир Казимирович Пузевич мактуб ёзмоқда. Уруш тугагандан сўнг билдимки, сени ўзбек оиласи фарзанд қилиб олган экан. Бироқ сизларнинг қаерда эканлигингизни ҳеч ким айта олмади. Барча умидларим сўнганига қарамасдан яна бир бор Изюм шаҳри ЗАГСига хат ёздим. Мўъжиза рўй берди! Уларнинг жавобига кўра, сен 1951 йилда паспорт олиш мақсадида ўзингнинг йўқолган “Туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманг”дан нусха сўраган экансан. Шу туфайли сени топдим... Мен сенинг отанг, менинг олдимда онанг – Анна Яковлевна. Қизалоғим, уруш бизларни дунёнинг турли бурчакларига тўзғитиб ташлади. Умид қиламанки, яқинда ҳаммамиз она шаҳримиз — Изюмда бирга жам бўламиз. Сен ҳақдаги хабар юракларимизни парча-парча қилиб юборди...”
Алалхусус, узоқ йиллик айрилиқдан сўнг ота-она ва болалар дийдор кўришади.
Шу ўринда айрим тарихий фактларга мурожаат қилиш фойдадан ҳоли эмас. 1941-1945 йилларда рус, украин, беларусь, татар, месхети турк миллатига мансуб тинч аҳоли қатори Бухоро вилоятига кўчирилган польяк фуқаролари ҳам ижтимоий ҳимоя остига олиниб, уй-жой, иш билан таъминланган. Маълумотларга кўра, эвакуация қилинган польяклар сони Бухоро шаҳрида 3183 кишини ташкил этган. Улар вилоят туманларида ҳам яшаганини ёши улуғлар яхши эслашади. Манбалар 1945 йилда Ўзбекистоннинг 7 та вилоятида 16 ёшгача бўлган польяк болалари сони 5389 нафарга етганлигини кўрсатади. Шунинг 1063 нафари Бухоро вилоятига тўғри келади. 1942 йилда Бухорода ҳам польяк мактаби очилган. Унда 210 нафар ўқувчи таълим олган, 36 нафар польяк ўқитувчиси дарс берган.
Айтмоқчи, яқинда университетимиз тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейига Польша Республикасидан бир гуруҳ музей иши мутахассисларининг илмий-ҳамкорлик доирасидаги ташрифи амалга оширилди. Делегация таркибида Гданьск шаҳридаги II жаҳон уруши музейининг тадқиқот ва таълим бўлими бош мутахассиси Дмитрий Панто, Белосток шаҳрининг Сибирь хотира музейи директори Войцех Слешиньски, Белосток университети халқаро муносабатлар факультети декани ўринбосари Артур Конопацки, Торунь шаҳридаги Николай Коперник номли университет доценти Йоанна Мария Печовяк бор.
Меҳмонлар музейда бўлиб, ҳамкорлик масалалари бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларни билдиришди. Шунингдек, Бухоро давлат университети тарих йўналиши профессор-ўқитувчилари билан Польша олий ўқув юртлари ўртасида грант лойиҳалари доирасида амалга оширилиши мумкин бўлган долзарб масалалар юзасидан фикр алмашинди.
Айтиш жоизки, Гданьск шаҳридаги II жаҳон уруши музейи билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Қатор лойиҳалар биргаликда амалга оширилди. Бухородаги польяк қабристонлари, II жаҳон уруши вақтида юртимизга эвакуация қилинган польяклар, уруш болалари тақдири каби йўналишлардаги ҳамкорлик шулар жумласидандир. Уруш болалари лойиҳасига дахлдор опа-сингил Таисия ва Жанна Пузевичлар ҳақидаги тадқиқотимиз Польша ҳукумати вакилларида ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Дарвоқе, хорижий меҳмонлар ушбу оила билан яқиндан танишиш мақсадида Шофиркон туманида истиқомат қилувчи Жўраевлар хонадонида бўлишди. Бу оилага II жаҳон уруши йилларида польяк миллати вакилларига кўрсатган беғараз ёрдамлари учун Польша ҳукумати номидан ташаккурнома тақдим этилди. Унда шундай сўзлар ёзилган: “Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбекистонликларнинг польякларга кўрсатган ёрдамидан чексиз миннатдормиз. Сизнинг жасоратингизни инсонпарварлик ва биродарлик тимсоли сифатида қалбимизда ҳамиша сақлаб қоламиз.”
Меҳмонлар ўзбекона дастурхон атрофида оила тарихи билан боғлиқ маълумотларга аниқлик киритдилар. Улар опа-сингил Таисия ва Жанна Пузевичларнинг қариндошлари, фарзандлари, невара-эваралари билан танишиб, ҳар бирларининг хотираларини катта қизиқиш билан тинглашди.
Профессор Войцех Слешиньски катта ва аҳил хонадон аъзолари билан танишар экан, “Ушбу оилалар Ўзбекистон ва Польша давлатлари ўртасидаги дўстликнинг тимсоли”, деган сўзларни айтди.
Ўзбекистон билан Польшани 6000 км масофа ажратиб туради. Лекин меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик масофа танламайди. Ўзбекистон II жаҳон уруши йилларида миллати, тили, динидан қатъи назар, нажот истаб келган ёшу қарига бағрини очди, бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди. Шу боисдан ҳам Польша аҳолиси ўзбек халқининг бу жасоратини ҳалигача унутгани йўқ...
Яна бир эътиборли жиҳати, суронли уруш йилларида Ўзбекистонга олиб келинган польяк миллатига мансуб бирорта ҳам боланинг тақдирига, гарчи, улар аллақачон вафот этган бўлишса-да, бугунги Польша ҳукумати бефарқ эмас. Бу эса илмий ҳамкорлик ва изланишларимиз икки халқ ва давлатларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Азалшоҳ ҲАМРОЕВ,
Бухоро давлат университети тузилмасидаги
Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, доцент.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг