Саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш – устувор мақсад

15:03 13 Июнь 2022 Иқтисодиёт
166 0

Иллюстратив фото

Мутахассисларнинг фикрича, кооперациялар иқтисодиётда меҳнат унумдорлигини ошириш, чакана нархларни пасайтириш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жалб этиш, инновацион услубларни қўллаш, товарларни халқаро бозорга олиб чиқиш имконини яратиш, кичик ва ўрта бизнес вакилларининг бирлашиб, йирик тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро рақобат муҳитига киришиши орқали монополиянинг олдини олишда ҳал қилувчи ўрин тутади.

Шу боис мамлакатимизда бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, хомашё ва материалларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ва маҳаллийлаштириш ёрдамида импорт ҳажмини қисқартиришга тараққиётнинг гарови сифатида эътибор қаратилмоқда.

Навоий вилоятида ҳам ушбу дастурларни амалга ошириш, янги-янги лойиҳаларни татбиқ этиш, мавжудларини мониторинг қилиш ҳамда белгиланган прогноз параметрлари бажарилишини таъминлаш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур дастурлар доирасида 2021 йилда 54 та ҳудудий корхоналар томонидан 111 турдаги 759,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилишига эришилди.

—  Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг саноат кооперациясини кенгайтириш орқали сотиш юзасидан бир қатор амалий ишлар олиб борилди, —  дейди Навоий вилоят ҳокимлигининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари котибияти бош мутахассиси Отабек Эралиев. —  Вилоятда рўйхатдан ўтган 3 минг 84 та саноат корхонаси “Сooperation.uz” порталидан рўйхатдан ўтказилиб, вилоят ишчи гуруҳи ва туман, шаҳарлар ҳокимликлари ҳамкорлигида 3069 та саноат корхонасининг 829 турдаги 6 минг 800 та маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар электрон порталга жойлаштирилди.

Таъкидлаш жоиз, айни пайтда Президентимизнинг 2022 йил 24 январдаги «Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига асосан вилоятда ташкил этилган ишчи гуруҳи шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда янги турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш, импорт ҳажмини оптималлаштириш юзасидан доимий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ишчи гуруҳи томонидан маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқаришини йўлга қўяётган ташаббускорларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилиб, ҳудудларда ҳал этиш имкони бўлмаган муаммолар таҳлил қилинмоқда. Таҳлиллар натижасида аниқланган муаммоларни тегишли масъуллар ҳамкорлигида муҳокама қилиш ва зарурий чораларни кўриш тадбирлари назоратга олинган.

Қарор доирасида жорий йилда 56 та ҳудудий корхонада 142 турдаги янги маҳсулотлар ўзлаштирилиши ҳамда 1,1 триллион сўмдан ортиқ импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва буларнинг ҳисобига мингга яқин иш жойи яратилиши ҳамда 90 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда валютани тежаш режалаштирилган. Шунингдек, ўзлаштириш учун тавсия этилаётган 980 та маҳсулот туридан 55 таси танлаб олиниб, маҳаллий ресурслар асосида ўзлаштириш бўйича тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда лойиҳалар тайёрланмоқда.

Тармоқларнинг эҳтиёжига асосан вилоятдаги 21 та ҳудудий корхона томонидан 52 турдаги маҳаллий маҳсулотларни етказиб бериш бўйича кооперация алоқаларини ўрнатиш юзасидан тармоқ корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари кесимида манзилли режалар белгилаб олинган.

— Вилоятдаги саноат корхоналари ўртасида 2022 йил январь-март ойларида «Электрон кооперация» портали орқали 439,2 миллиард сўмлик шартномалар тузилди, — дейди О. Эралиев. — 2022 йилнинг 15 март куни вилоят ҳокимлиги ва «НКМК» АЖ томонидан «Навоий машинасозлик заводи» нинг ишлаб чиқариш майдонида Қизилтепа тумани ҳамда Навоий шаҳридаги тадбиркорлик субъектлари ўртасида учрашув ўтказилиб, унда Маҳаллийлаштириш саноат зонасини ташкил этиш, бунда НКМК учун бутловчи буюм ва эҳтиёт қисмларни етказиб беришга ихтисослашган корхоналарни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Вилоятда кооперация алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида Республика Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 26 мартдаги «2022 йилда ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига кўра, 20-21 октябрь кунлари ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўтказилиши режалаштирилган.

Айни кунларда вилоятдаги тармоқ корхоналарнинг эҳтиёжларига асосан 21 та ҳудудий корхоналар томонидан қўшимча равишда 52 турдаги маҳаллий маҳсулотларни етказиб бериш бўйича кооперация алоқаларини ўрнатиш юзасидан тармоқ корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари кесимида «маҳсулотбай» манзилли режалари ишлаб чиқилмоқда.

Темур ЭШБОЕВ,«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?