Самарқанддаги иссиқхонада етиштирилаётган бананнинг “Қироллик” навини экспорт қилиш режалаштирилган
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада инновацион технологиялар ва илмий ишланмаларга асосланиб, талаб юқори бўлган хорижий ўсимликларни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ана шу йўналишда амалга оширилаётган лойиҳалардан бири банан етиштириш ҳисобланади.
Хусусан, Самарқанд туманининг Ўзбеккенти маҳалласи ҳудудида “Самарқанд Гроуп” МЧЖ томонидан 2024 йилда 1 гектарга яқин ер майдонида замонавий иссиқхона ташкил этилган эди. Бу ерга Туркиядан келтирилган ва маҳаллий иқлимга мослаштирилган бананнинг 1,5 минг туп “Қироллик” (“Королевский”) нави экилиб, ўша йилнинг ўзида 15 тонна ҳосил олинди.

2025 йилда орттирилган тажриба асосида агрономик тадбирлар такомиллаштирилиб, ҳосилдорлик икки баробар оширилди ва 30 тонна сифатли банан етиштирилди. Маҳсулотлар ҳозирда ички бозорларга ва савдо нуқталари орқали аҳолига етказилмоқда.
Плантацияда тропик экинларни иссиқхона шароитида маҳаллий иқлимга мослаштириш бўйича илғор агротехнологиялар жорий этилган. Замонавий парвариш тизими, ҳарорат ва намликни автоматик бошқариш, ўсимликларни озиқлантиришнинг илмий асосланган усуллари ҳосилдорликнинг юқори бўлишини таъминламоқда.

Шунингдек, келгусида ресурс тежамкор технологияларни қўллаш, ўсимликларни озиқлантиришда суякдан тайёрланган органик ўғитлардан самарали фойдаланиш кўзда тутилган.
Икки йиллик муваффақиятли тажриба асосида иссиқхона хўжалигини кенгайтириш ва банан етиштириш ҳажмини ошириш, янги иссиқхоналар барпо этиш ва маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилиш ҳам режалаштирилган.

Бундай инновацион лойиҳалар нафақат йил давомида барқарор ҳосил олиш имконини беради, балки сув ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва юқори қўшилган қиймат яратишга, энг муҳими иқтисодиётни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг