Самарқандда “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда

11:38 22 Декабрь 2025 Жамият
274 0

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллигига бағишланган тадбирлар “Миллий армия — она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!” шиор остида ўтяпти.

Самарқандда “Ватанпарварлик ойлиги” доирасидаги тадбирлар Марказий ҳарбий округдан бошланди. Йиғилганлар Марказий ҳарбий округ қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда аскарлар, офицер ва сержантлар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Округда 7/24 тартибида ишловчи кутубхона, “Ўқ отиш маркази”, ўқув биноси, машғулот хоналари, спорт зал, Соҳибқирон Амир Темур ва жадидчилик ҳаракати намояндаларининг ҳаёти ва ижоди, уларнинг сиёсий фаолиятига бағишланган кўргазмалар нафақат ҳарбий хизматчилар, балки ёшларни ҳам ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда миллий ғурур туйғуларини уйғотиш ва шижоатини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

- Ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига қулайлик яратиш мақсадида бу ерда инглиз, рус, немис тиллари ҳамда спорт турлари бўйича бепул тўгараклар ҳам ташкил этилган бўлиб, уларга мутахассис сержант ва офицерларни бириктирганмиз, — дейди ҳарбий қисм командири ўринбосари Қосимжон Маҳкамов. — Ушбу тўгараклар ва кутубхонага шу ҳудудда яшовчи фуқаролар, жумладан, кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳам жалб қилинмоқда.

Ойлик доирасида Самарқанд шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб ҳарбий оркестрнинг ватанпарварлик марши садоси остида вилоятдаги ҳарбий қисмлар хизматчилари, миллий гвардия, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакилларининг ҳарбий юриши ташкил этилди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар миллий армиямиз қудратини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирдилар.

“Ватанпарварлик” ойлиги доирасида Каттақўрғон шаҳар Ёшлар ишлари бўлими ва ёшлар етакчилари томонидан Каттақўрғон шаҳар гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмга саёҳат ташкил этилди.

Бу ерда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимиз тинчлиги, миллий ғурур ва Ватанга бўлган садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш тўғрисида маърузалар қилинди.

Ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган чиқишлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ёшларда катта таассурот қолдирди.

Паст Дарғом туманидаги 13-умумтаълим мактабида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда ҳарбий хизматчилар, маҳалла фаоллари ҳамда ўқувчи-ёшлар фаол иштирок этди.

- Ватанпарварлик ойлиги доирасида туманимиздаги барча таълим муассасалари ва маҳаллаларда учрашувлар, маданий ҳамда спорт тадбирлари ташкил этилмоқда, — дейди туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Акмал Абидов. — Бу тадбирлар армия ва халқ якдиллигини мустаҳкамлаш, ёшлар қалбида миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини кучайтириш, Ватан ҳимоячиси бўлишга иштиёқни янада оширишга хизмат қилади.

“Миллий армия — Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!” шиори остида бўлиб ўтган тадбир давомида ҳарбий хизматчилар томонидан ўқувчи ёшларга қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар хизмат фаолиятида фойдаланиладиган ҳарбий техника, анжом ва аслаҳалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?