Самарқандда йўловчилар транспорт хизматидан розими?

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда Самарқанд вилояти аҳолисига 400 дан ортиқ жамоат транспорти воситалари хизмат кўрсатмоқда. Самарқанд шаҳрида рўйхатдан ўтган 351 та автобусдан 221 таси ички йўналишларда ҳаракатланади. Бироқ бу кўрсаткич Самарқанд шаҳри учун талаб қилинадиган автобусларнинг 44,2 фоизини ташкил қилади, холос. Туманларда ҳам автобуслар етишмайди, Нуробод, Оқдарё ва Тойлоқ туманларида рўйхатдан ўтган бирорта автобус мавжуд эмас.
Вилоятда автостанциялар тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлса, 1033 та бекат автомобиль йўллари бошқармаси балансида, 389 таси тадбиркорлик субъектларига қарашли.
— «Меъёрий-техник талаблар»га мувофиқ мазкур бекат ва автостанцияларнинг ҳолати ўрганилганда бир қатор камчиликлар аниқланди, — дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Равшан Тожиев. — Автобус оралиқ бекатлари йўловчиларни тушириш-чиқариш майдончаси, автобуслар кириш ва тўхташ қисми, пиёдалар кириш ва чиқиш қисми, йўл белгиси, айвон, ўриндиқлар, ногиронлар учун чиқиш-тушиш йўлакчаси (пандус), чиқинди қутиси ва ахборот кўрсаткичлари каби элементлар билан жиҳозланиши белгиланган бўлса-да, аксарият бекатларда юқоридаги талабларнинг деярли бирортаси бажарилмаган.
Самарқанд шаҳридаги Ойдин йўл кўчасида жойлашган «Комплекс транс» МЧЖга тегишли «Самарқанд» автовокзали ҳудуди қаровсиз ҳолатда. Кириш ва чиқиш жойларидаги текшириш постлари носоз, ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган жойлар талаб даражасида эмас.
Кафтархона маҳалласидаги «Сиёб» автостанцияси ҳудуди ҳам қаровсиз. «Йўловчи автовокзаллари ва йўловчи автостанциялари тўғрисида»ги низом талабларига жавоб бермайди.
Шоҳи Зинда кўчасида жойлашган «SXF Samarqand City Stroy» МЧЖга қарашли «Шоҳи Зинда» автостанциясининг маъмурият хонаси тадбиркорлик субъектлари томонидан «савдо дўкони» сифатида фойдаланиб келинмоқда. Чиқариш ва тушириш перронлари талаб даражасида эмас, ногиронлиги бўлган шахслар учун шароит яратилмаган. Автостанциядан чиқиш қисми бетон тўсиқ билан тўсиб қўйилган.
Спитамен шоҳкўчасидаги «Huasheng Technology» МЧЖга тегишли «Ҳазора» автостанцияси ҳудудида йўловчилар ва жамоат транспорти воситалари ҳаракати учун шароит ҳам амалдаги меъёрий ҳужжат талабларига жавоб бермайди.
Шунингдек, Пайариқ туманидаги «Оттава КАН» МЧЖга қарашли «Пайариқ» автостанцияси реконструкция қилиниш режалаштирилган бўлса-да, бу иш амалга оширилмасдан қолган.
Пахтачи туманидаги «Пахтачи ташкилий Авто» МЧЖга қарашли «Зиёвуддин» автостанцияси ҳудуди жамоат транспорти ҳаракати учун талабга жавоб бермайди. Кутиш хоналари ва ёш болали йўловчиларга мўлжалланган хоналар тадбиркорлик субъектлари томонидан «Маиший техникалар дўкони» сифатида ишлатилмоқда.
Каттақўрғон туманидаги «Шукрулло ота шоҳбекати» МЧЖга қарашли «Пайшанба» автостанциясида йўловчилар кутиши учун мўлжалланган бино ва хоналардан савдо дўкони сифатида фойдаланилмоқда. Бу ерда ногиронлиги бўлган шахслар учун етарли шароитлар яратилмаган.
Нарпай туманидаги «Самарканд Идеал Сервис» МЧЖга қарашли «Мирбозор» автостанцияси ҳудуди санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Автостанцияда ногиронлиги бўлган шахслар учун етарли шароитлар яратилмаган, ҳудудга кириш ва чиқишда хавфсизлик чоралари кўрилмаган.
Жомбой туманидаги «Жомбой Транс сервис» МЧЖга қарашли «Жомбой» автостанциясида кутиш хоналари йўқ. Бу ерда ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун етарли шароитлар яратилмаган.
Бу билан тизимда барча ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган демоқчи эмасмиз. Ҳозирда вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берилган бўлиб, масала назоратга олинган.
Шунингдек, вилоятда аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжини қондириш, жамоат транспортида хизмат сифатини оширишга қаратилган қатор ўзгаришлар амалга оширилиб, бир қанча янги йўналишлар ташкил этилган ва уларда йўловчиларга хизмат кўрсатилмоқда.
Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доираси Самарқанд шаҳар автобус йўналишлари тендер танловларига чиқарилиб, етти йўналишда «Мароканд транс 777» МЧЖ ғолиб деб топилди ва брутто-шартномаси тузилган.
— Брутто-шартнома тизими ташувчи корхона ва назорат қилувчи орган ўртасида тузилади, — дейди Равшан Тожиев. — Бунда ташувчига корхонага жамоат транспортига қўйилган талабларни, яъни йўналиш чизмасига тўлиқ риоя қилиш, йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, оралиқ интервалга амал қилиш, иш бошланиши ва тугаши тартибини бажариш вазифаси юклатилади. Шунингдек, шаҳар автобус йўналишларини мониторинг ва назорат қилиш учун ташкил этилган «Самарқанд йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси «UzBusMonitoring» (IVMS) ахборот тизими кузатув ишлари олиб бормоқда. Кузатилаётган тирбандликларни ҳисобга олган ҳолда жамоат транспортига устунлик бериш мақсадида Самарқанд шаҳрининг Абу Али ибн Сино, Бўстонсарой кўчаларида ҳамда Университет хиёбонида автобуслар учун алоҳида тасма ташкил этилган. Яқинда шаҳарнинг Гагарин кўчасида ҳам автобуслар учун алоҳида тасма ташкил қилиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари «2GIS.uz» АТТО мобиль иловаси орқали ўзларига керакли автобуслар ҳаракатини кузатиш имконига ҳам эга бўлади.
— Агар қўл телефонингизга бу мобиль иловани ўрнатиб олсангиз, бекатларда автобус кутиш учун вақт йўқотмайсиз, — дейди «Йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси бошлиғи Азиз Исломов. — Чунки у орқали маълум бир йўналишда қайси автобус келаётган бўлса олдиндан хабар топиб, керакли вақтда бекатга чиқасиз, холос. Бу жамоат транспортида ҳаракатланувчи йўловчилар учун жуда қулай.
Яна бир янгилик. Ҳозирда «Самарқанд йўловчи транс» давлат корхонаси томонидан Гагарин кўчасида жойлашган собиқ 2531-автокорхона ўрнида электробуслар учун янги автосарой қурилиши бошланган. Европа тараққиёт ва тикланиш банкининг 49 миллион доллар ҳисобидан сотиб олинган электробусларни сақлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш мақсадида бунёд этилаётган мазкур автосаройда 50 та қувватлаш ускуналари ўрнатилади.
— Қарийб 4 гектар жойда эгаллаган янги автосаройда қувватлаш, техник созлаш ҳамда ювиш каби қатор цехлар иш бошлайди, — дейди корхона бош муҳандиси Абдукарим Самадов. — Корхона фаолиятини бошлагач, 250 нафар тажрибали ҳайдовчи ва 100 нафар сервис хизмат кўрсатувчи ходимлар ишга қабул қилинади. Ҳайдовчиларнинг малакаси Хитойнинг «YUTONG» компанияси вакиллари томонидан имтиҳон ўтказиш орқали аниқланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг