Самарқандда экотуризм ривожланмоқда
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд асрлар давомида ўзининг бой тарихи ва маданий мероси билан сайёҳларни ўзига жалб этиб келган. Бугунги кунда эса шаҳарда фақат тарихий обидалар билан чекланиб қолмасдан, туризмнинг янги — замонавий ва экологик йўналишларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шундай ташаббуслардан бири — Каттақўрғон сув омбори ҳудудида ташкил этилган «Маданият ва эко туризм кластери»дир. Мазкур маскан оилавий дам олиш учун мўлжалланган бўлиб, яқинда фойдаланишга топширилди.
— Лойиҳамиз уч босқичда амалга оширилади, — дейди тадбиркор Сафар Эргашев. — Биринчи босқичнинг қиймати 3 миллион доллар бўлиб, бу маблағ ҳисобидан оилавий дам олиш ҳудудлари барпо этилди. Ҳозирги кунда бу ерда бир вақтнинг ўзида 2 минг нафаргача аҳолига хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Кейинги босқичда беш юлдузли меҳмонхона ва санаторий қуриш, лойиҳани эса келгуси йилда тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.
Ҳудудни кўздан кечирган ҳар қандай киши бу ерда эко туризм учун қулай муҳит ва бой ресурслар мавжудлигини дарҳол ҳис қилади. Қурилаётган иншоотлар кўлами ва имкониятлари билан Самарқанд вилоятидаги энг истиқболли эко туризм нуқталари сирасига кириши аниқ.
Ушбу масканларнинг иш бошлаши сайёҳларнинг ҳудудда узоқроқ қолишига имкон яратади. Бу эса нафақат маҳаллий бюджет даромадлари, балки хизмат кўрсатувчи аҳоли учун ҳам янги иш ўринлари манбаидир.
Бугунги кунда дунёда туризмнинг энг долзарб ва истиқболли йўналишларидан бири — эко туризм ҳисобланади. У фақат дам олиш имкониятини эмас, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биоранг-баранглик ва табиий ресурсларни асраш ҳамда кўпайтиришни ҳам назарда тутади. Шу жиҳатдан қаралганда, мазкур лойиҳа экологик барқарорликка хизмат қилувчи муҳим ташаббуслардан биридир.
Инфратузилманинг ривожланиши эса ҳудуд аҳолисини меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш, транспорт ва бошқа хизматлар соҳаларида банд этишга хизмат қилади. Бу эса иқтисодий ўсиш ва барқарор туризмнинг пойдевори сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 5 йилда 103 фоизга ошди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг