Самарқандда балиқчилик бўйича илмий-амалий ўқув маркази иш бошлади
Самарқанд туманида қарийб йигирма йилдан буён фаолият юритаётган «Оқ Амур балиқлари» кўп тармоқли фермер хўжалиги қошида балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассислари учун махсус ўқув маркази иш бошлади.
Мазкур марказда Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ҳамда Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти профессор-ўқитувчилари, шунингдек тажрибали балиқчилар томонидан амалий машғулотлар олиб борилади. Мутахассислар соҳадаги илғор технологияларни амалиётга жорий этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўладилар.
— Ўқув марказимизга хорижлик мутахассисларни ҳам жалб қилиш режалаштирилган, — дейди «Оқ Амур балиқлари» кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Ҳалимов. — Яқинда Венгриядан мутахассис келиб, 15 кун давомида амалий дарслар ўтди. Келгусида бошқа хорижлик ҳамкорларимизни ҳам таклиф этиб, балиқчиликнинг интенсив усуллари бўйича ўқувлар ташкил этишни мақсад қилганмиз.
«Оқ Амур балиқлари» хўжалиги 20 гектар майдонда балиқ ҳавзаларини ташкил этган бўлиб, бу ерда 45 нафар инсон доимий иш билан таъминланган. Жорий йилнинг ўтган даврида хўжаликда 170 тонна чавоқ ва товар балиқ етиштирилди. Шунингдек, инновацион технологиялардан фойдаланиш, сув ресурсларини тежаш, сермаҳсул зотларни кўпайтириш каби йўналишларда ҳам ишлар амалга оширилмоқда.
Айтиш жоизки, бугунги кунда Самарқанд туманида 50 гектар сунъий ҳавза, 4 гектар интенсив технология асосида ташкил этилган майдон ва 1 гектар айланма сув тизимларига эга объектлар мавжуд. Туманда 16 та балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида туманда 550 тонна балиқ етиштирилиб, ўтган йилга нисбатан ушбу кўрсаткич 100 фоиздан ортиқ ўсишга эришилди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг