Самарқандда 24 мингга яқин сайловчи муддатидан олдин овоз берди

16:27 20 Октябр 2021 Жамият
846 0

Фото: Абдулазиз Йўлдошев / Халқ сўзи

Айни пайтда Самарқанд вилоятдаги 1111 та сайлов участкасининг барчаси якшанба куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбирга тайёр. Ҳозирда сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш давом этмоқда. Бу жараён бугун соат 19.00 да якунига етади.

Сайлов куни маълум сабабларга кўра ўз яшаш жойида бўла олмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланмоқда. 14 октябрда бошланган муддатидан олдин овоз бериш жараёнида бугунги кунгача вилоят бўйича 23 минг 839 нафар сайловчи иштирок этди.

Ҳозирда сайловчилар учун таклифномалар тарқатилган. Шунингдек, сайлов пандемия шароитида ўтаётгани инобатга олиниб, тиббий ҳимоя ва антисептик воситалар комиссия аъзоларига етказилган.

Ҳар бир сайлов участкасига икки нафардан тиббиёт ходими бириктирилган ва улар сайлов куни овоз беришга келган сайловчиларнинг ҳароратини ўлчаб, бинога киритишга масъул.

Сайлов қонунчилигига кўра, сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга беш кун қолганида тўхтатилади. Якуний рўйхатга кўра, округ ҳудудида сайловчиларнинг умумий сони 2 миллион 189 минг 526 нафарни, жумладан, биринчи марта сайловда қатнашувчи ёшлар 151 минг 676 нафарни ташкил этмоқа.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида шулар ҳақида сўз борди. Комиссия раиси Ф.Тошев бошқарган йиғилишда Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 13 октябрдаги “Айрим сайлов участкаларида сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида”ги қарори ижроси таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ҳам белгиланди.

7-Самарқанд сайлов округида овоз бериш куни сайлов жараёни онлайн видео-трансляция қилинадиган сайлов участкалари рўйхати тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни – 24 октябрда овоз бериш соат 8.00 дан 20.00 га қадар амалга оширилади. Сайлов участкаларида кузатувчиларга ва оммавий ахборот воситалари вакилларига жараённи кузатиш учун барча шароит яратилади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ,“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?