Самарқанд ШҲТ саммитини ўтказишга тайёр

11:44 12 Сентябр 2022 Сиёсат
766 0

Фото: Халқ сўзи

Жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги хавфли силжишлар шароитида Самарқанд саммитининг аҳамияти янада ортиб бормоқда, унда ташкилот ривожланишининг истиқболдаги омилларини белгилаб берадиган асосий қарорлар ва келишувлар қабул қилинади. ШҲТ кўп қиррали ҳамкорлик ғояларини илгари сурувчи, ҳеч қандай геосиёсий мақсадларни кўзламаган, ҳеч бир шахс ёки давлатга қарши саъй-ҳаракатларни амалга оширмайдиган ташкилотдир. Ушбу тамойиллар унинг низомида аниқ кўрсатилган ва ташкилотнинг бутун тарихи ушбу қоидаларга қатъий риоя қилинаётганини исботлайди..Саммитда 15 та давлат ва ШҲТ билан ҳамкорлик қилувчи ўнта халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Ташкилотга Ўзбекистон раислик қилаётган даврда ўтказилаётган ушбу саммит мамлакатнинг нуфузи ортиб бораётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир. Ташкилотнинг бугуни ва истиқболи, саммитда кўриладиган масалалар ҳақида Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти директори ўринбосари Бобур Усмонов сайтимизга интервью берди.

Ўзбекистоннинг ШҲТ даги раислиги натижаларини қандай баҳолайсиз?

Раислик Ўзбекистонга ўтганидан бошлаб мамлакатимиз ШҲТ доирасидаги фаолиятида маррани баланд олишга, ташкилотни ривожлантириш учун чинакамига янги, илғор ташаббусларни топишга, аввал ишга солинмаган ресурслардан фойдаланишга, ШҲТ ишига ўткир «бурчак» дан қарашга интилмоқда. Жаҳонда юзага келган янги омилларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистоннинг ШҲТ кун тартибини янгилашга қаратилган асосли ёндашуви савдо-иқтисодий ҳамкорлик, технологик ва саноат соҳаси, транспорт боғлиқлиги масалалари, «яшил» ва рақамли иқтисодиёт каби қатор тармоқларни такомиллаштириш бўйича ёрқин ифодасини топди. Янги таклифлар прагматизм ва ўзаро фойда каби барча мамлакатларнинг манфаатлари ҳисобга олган ҳолда амалга оширилди.

Тан олиш керак, Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги тўлиқ ҳажмда бажарилди. Биз 80 дан ортиқ тадбирлар ўтказдик, уларнинг 30 таси вазирлик ва идоралар раҳбарлари даражасига тўғри келади. Натижада миллий координаторлар 30 дан зиёд концептуал ҳужжатлар тўплами юзасидан келишиб олдилар. Улар ШҲТ тараққиётига янги куч бахш этишга, унинг ўсиб бораётган салоҳиятини намойиш этишга ҳамда ошиб бораётган хатар ва таҳдидларга тегишинча жавоб қайтариш қобилиятини намойиш этишга қаратилган. ШҲТ давлат раҳбарларининг саммитида бизнинг раислигимиз хотимаси ўлароқ тасдиқланадиган асосий сиёсий ҳужжат – Самарқанд декларациясида мамлакатларнинг минтақавий ва глобал кун тартибидаги тизимли ва энг ўткир масалалар бўйича яхлит позицияси акс этади.

Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар ва минтақалараро тадқиқотлар институти бирон-бир тадбирнинг тадбирнинг ташкилотчиси сифатида чиқдими?

Ҳа, яқиндагина Институтимиз ШҲТга аъзо давлатларнинг илмий-академик ва таҳлилий доираларининг, турли вазирлик ва идоралар вакилларининг 40 дан зиёд етакчи экспертлари иштирокидаги ахборот хавфсизлиги бўйича ШҲТнинг илмий-эксперт Форумининг ташкилотчиси бўлди. Давлатимиз раҳбари 2021 йили Душанбе саммитида айни форумни ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди. Ушбу таклифни илгари сурар эканмиз, тобора кўпроқ интернетда намоён бўлаётган ахборот хавфсизлиги соҳасида ўсиб бораётган хавфли тенденцияларни ўрганиш муҳимлигидан келиб чиқдик. Булар кибертаҳдидлар, экстремистик, айирмачилик ва террорчилик руҳидаги чақириқларнинг тарқалиши, фейк янгиликлар ва бошқа таҳдидлар.

Бундай шароитларда мазкур форумнинг ўтказилиши ва унинг якунида керакли ва ҳаётий таклифлар (28 та таклиф) нинг ишлаб чиқилиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим эди.умид қиламизки, улар ШҲТ аъзо давлатларининг мазкур муҳим йўналишдаги «ҳаракатлар дастури» дан ўрин олади ва уларга янги таҳдидлар қаршисида янада жипслашишга имкон беради. Бу ҳақда гапирганда яна бир нарсани таъкидламоқчиманки, бугун Ўзбекистон ШҲТ Минтақавий аксилтеррор маркази фаолиятини хавфсизлик соҳасидаги, шу жумладан, кибертаҳдидларга қаршилик кўрсатиш борасида шаклланаётган реалликларга мослашиш масаласини кўтариб чиқмоқда.

Бўлғуси саммит қатнашчилари ҳақида маълумот бера оласизми?

ШҲТ га аъзо барча давлатлар ва ташкилот ҳузуридаги кузатувчи мамлакатлар (Беларус, Эрон ва Мўғулистон) етакчилари Самарқанддаги давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида шахсан иштирок этишларини тасдиқлашган. Бу дунёнинг деярли ярми бўлиб Ўзбекистон бу қадар кенг миқёсли тадбирни биринчи марта ўтказмоқда. Боз устига, саммитда меҳмон сифатида таклиф этилган қатор давлатларнинг раҳбарлари иштироки ҳам кутилмоқда. Улар орасида Туркия, Туркманистон, Озарбайжон президентлари ва Арманистон Бош вазири бор.

Бундан ташқари, саммитда ШҲТ расмий алоқалар ўрнатган халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, жумладан, БМТ, ЭСКАТО, ЮНEСКО, МДҲ, КХШТ, ЕОИИ, СМВДА, ИҲТ ва Араб давлатлари лигаси вакиллари қатнашади. Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, саммит доирасида ШҲТ мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар етакчиларининг кўплаб икки томонлама учрашувлари ўтказилади. Ишончим комил, шу кунларда жаҳон жамоатчилигининг бор эътибори Ўзбекистонда ўтказилиши белгиланган тадбирга қаратилган. Қатор Европа нашрларининг қайд этишича, «халқаро сиёсатда ҳам, иқтисодиётда ҳам жиддий ўзгаришлар рўй бераётган бир шароитда Самарқанд саммитининг аҳамияти ошиб бормоқда». Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, «Самарқандда афтидан турли муҳим қарорлар ва келишувлар қабул қилинади, уларнинг аксарияти ШҲТ тараққиётининг бўлғуси тақдирини белгилаб беради».

Жаҳон сиёсати тизимида ШҲТнинг ҳозирги ролини қандай кўрасиз?

ШҲТнинг асосий қоидаси аввалгича қолади, бу ташкилот бутун дунё билан ўзаро ҳамкорликка очиқ, «қарама-қаршилик тоифаси»да фикрлаш мақсадида эмас, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсади кўзлаган, қанчалар баландпарвоз туюлмасин, дунёни янада яхшироқ ва ишончлироқ қилиш. «Шанхай руҳи» га мувофиқ, ШҲТ турли халқаро ташкилотлар билан кенг мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатган. 2004 йили ШҲТ БМТ Бош ассамблеясида кузатувчи мақомини олди БМТнинг қатор тузилмавий муассасалари билан расмий алоқалар ўрнатди. Бундан ташқари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти МДҲ, АСEАН, КХШТ, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, СВМДа, ИҲТ ва АДГ билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Ҳозирги вақтда қайд этилган алоқа ва ҳамкорликлар кенгайиб, чуқурлашиб бормоқда, бу эса ШҲТ блокли изоляция томон эмас, балки ўз тараққиётида тинч, бунёдкорлик мақсадларини кўзлаганлигини тасдиқлайди.

Самарқанд нега айнан ШҲТ давлат раҳбарлари саммитини ўтказиш жойи этиб танланган. Бу шаҳарнинг ўзига хос жиҳатлари нимада?

Самарқанд шаҳри азалдан тарихий учрашувлар ва тамаддунлар мулоқоти жойи, ўзаро маданий-гуманитар бойиш, халқаро савдони ривожлантириш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш кўприги бўлиб келган. Охирги йилларда Самарқанд қатор йирик форумларни қабул қилганига гувоҳ бўламиз ва бу бизни жудаям хурсанд қилмоқда. Шаҳар қиёфаси тубдан ўзгарди. Унинг миқёсли реконструкцияси олиб борилмоқда, Самарқанднинг сайёҳлик бренди аҳамияти ошиб бормоқда. Ишонаманки, бу фақат бошланиши. Президент Мирзиёев қайд этганидек «Самарқанд миллий давлатчилигимиз ва бутун жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин тутади. Кейинги йилларда бу заминда шаклланган эзгу анъаналарни давом эттириб, Самарқанднинг тарихий шуҳратини янада чиройли ва шинам қилиш, ҳақиқий халқаро миқёсдаги туристик марказга айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда». ШҲТ саммитидан ташқари, яқин ойларда Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти, келаси йили эса Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг йиллик мажлиси ва Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеяси каби нуфузли халқаро форумлар ўтказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер