Самарқанд давлат чет тиллар институти 30 ёшда

18:40 21 Ноябрь 2024 Жамият
230 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/“Халқ сўзи”. 1994 йил 8 ноябрь куни “Самарқанд давлат чет тиллар институтини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинган эди. Ана шу воқеликка бу йил 30 йил тўлди.

Мазкур сана муносабати билан институтда турли маданий тадбирлар бўлиб ўтди. Дастлаб, талабалар фестивали ташкил этилиб, барча факультетлар иштирокида кўргазмалар, интеллектуал ўйинлар ва спорт мусобақалари уюштирилди. Бадиий дастурлар намойиш этилди.

Тантанали маросим аввалида эса хорижий давлатлардаги ҳамкор олий ўқув юртлари раҳбарлари, юртимиздаги дипломатик корпус вакилларининг видеотабриклари намойиш этилди.

Самарқанд вилояти ҳокимининг институт жамоасига табриги ўқиб эшиттирилди.

Шундан сўнг институт ректори Баҳодир Холиқов сўзга чиқиб, барча меҳмонлар, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни табриклади. Институт ташкил этилганидан буён унга раҳбарлик қилган собиқ ректорлар таклиф этилиб, уларга миннатдорлик рамзи сифатида тўнлар кийдирилди.

Собиқ ректорлар Шаҳриёр Сафаров, Ғанишер Раҳимов, Шуҳрат Сирожиддинов, Илҳомжон Тўхтасинов сўзга чиқиб, ўз фаолиятлари давомида амалга оширилган ишлар, институтнинг кечаги кунини ёдга олди.

Қайд этилганидек, Самарқанд давлат университетининг тегишли факультети негизида ташкил этилган мазкур институтда дастлабки йилларда немис филологияси, инглиз филологияси, француз филологияси ва мактабгача тарбия факультетлари ҳамда фалсафа ва иқтисодиёт, умумий тилшунослик, жаҳон адабиёти каби кафедралар фаолият кўрсатган. 500 нафар атрофида талаба таҳсил олган.

Институт жамоасининг йиллар давомида орттирган тажрибаси, тўплаган малакаси, кўрсатган фидойиликлари натижасида ана шу янги илм-маърифат маскани ўз ўрнига эга бўлган олий ўқув юрти сифатида эътирофга сазовор бўлди. Бугунга келиб Самарқанд давлат чет тиллар институти 13 минг нафарга яқин талаба таҳсил олаётган, фақатгина Ўзбекистонда эмас, хорижда ҳам танилган олий таълим муассасаларидан бирига айланди. Институт нафақат Самарқанд, балки Навоий, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари учун хорижий тил мутахассисларини тайёрловчи етакчи таълим даргоҳидир.

— Ҳозир олийгоҳда 8 та факультет, 25 та кафедра фаолият кўрсатмоқда, — дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Баҳодир Холиқов. — 19 та таълим йўналиши, 16 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Меҳнат бозоридаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, жорий ўқув йилидан Туризм ва меҳмондўстлик таълим йўналиши очилди. Мазкур таълим йўналишлари ва мутахассисликларида 12500 нафардан зиёд бакалаврлар, 400 нафарга яқин магистрлар таҳсил олмоқда. Уларга сабоқ бераётган 553 нафар профессор-ўқитувчининг 161 нафари илмий даражага эга. Таълим сифатини ошириш мақсадида кейинги икки йилда 54 нафар хорижлик мутахассис ишга жалб қилинди.

Чет тили мутахассисларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Нарпай ва Пайариқ туманларида институт филиаллари очилиб, хорижий тиллар факультетлари фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда мазкур факультетларда уч йўналиш бўйича 580 нафардан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда. Бу факультетлар учун икки туманда ҳам бино ажратилиб, ўтган давр мобайнида талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун зарур шароитлар яратилди, талабалар турар жойлари қурилди.

Бундан ташқари, айни пайтда Самарқанд тумани маркази бўлган Гулобод қўрғонида ҳам институт учун яна бир бино ажратилиб, реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда минг ўринли ўқув биноси, шунингдек, талабалар турар жойлари ташкил этилмоқда.

— Жорий ўқув йили аввалида институтнинг 2000 ўринли янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди, — дейди Б.Холиқов. — 74 миллиард 287 миллион сўм маблағ ҳисобидан бунёд этилган 7 қаватли бинода 85 та ўқув хонаси, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган 300 ўринли мустақил таълим хонаси, 320 ўринли фаоллар зали, ахборот-ресурс маркази, 2 та синхрон таржима амалиёти хонаси, музей, конференциялар зали ҳамда спорт ва маънавий-маърифий тадбирларга мўлжалланган 5 та хона мавжуд. Мазкур бинода учта факультет талабалари таҳсил олмоқда.

Умуман, дастлаб биттагина ўқув биносида фаолият бошлаган институтда ҳозирда ўқув бинолари сони 7 тага, талабалар турар жойлари 5 тага етди. Яқин йилларда бу рақамлар янада ошиши кутилмоқда. Бунинг учун олий ўқув юртининг иқтисодий имкониятлари ҳам, илмий салоҳияти ҳам етарли. Бу албатта, юртимизда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, олийгоҳларга молиявий ва академик мустақиллик берилиши самарасидир.

Қабул квоталарининг оширилиши, институт учун ажратилаётган маблағлар, хорижий грантлар, таълим жараёни, ўқув дастурлари бугунги кун талаблари асосида йўлга қўйилган. Таълим кредит-модул тизими асосида ташкил этилган. Бошқарув ва таълим тизимини рақамлаштириш мақсадида 2020/2021 ўқув йилидан ўқув жараёнлари HEMIS ахборот-бошқарув тизимида олиб борилмоқда. Натижада ўқув жараёни тўлиқ электронлаштирилиб, дарс жадваллари, рейтинг дафтарчаси, академик гуруҳ журнали, талабалар давомати, назоратлар жадвали, қайдномалар, тўлов шартномалари мазкур тизим орқали электрон шаклда юритилмоқда.

Институт жамоаси вилоятнинг олис ҳудудларидаги таълим самарадорлиги паст бўлган умумий ўрта таълим мактабларига ўқув-услубий жиҳатдан ёрдам кўрсатиб келмоқда. Жумладан, Нуробод туманидаги 16 та мактабда институт профессор-ўқитувчилари томонидан маҳорат сабоқлари ташкил этилмоқда, ўқитувчилар тажрибаси ошириляпти. Бу, албатта, мактабда таълим сифати ва самарадорлиги ошишига хизмат қилмоқда.

Олийгоҳ томонидан Қўшработ туманида яшаётган кам таъминланган оила фарзандлари, хорижий давлатларга ишлаш мақсадида кетаётган фуқаролар учун туманнинг икки ҳудудида хорижий тилларни ўқитишга мўлжалланган ўқув марказлари ташкил этилган. Ушбу марказлар учун тумандаги 82-умумтаълим мактаби биносидан 5 та хона, Жўшота ҳудудидаги касб-ҳунар коллежи биносидан 5 та хона ажратилди. Мазкур хоналарда дастлаб институт маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ўқув марказлари Самарқанд давлат чет тиллар институти томонидан жиҳозлар, ўқув адабиётлар, кўргазмали воситалар, замонавий ахборот технологиялари билан таъминланди. Мазкур марказлар ўқувчиларига Самарқанд давлат чет тиллар институтининг малакали профессор-ўқитувчилари томонидан инглиз, немис ва корейс тиллари ўқитилмоқда. Олиб бораётган бу эзгу ишлар, албатта, қисқа вақтда ўз натижаларини кўрсатади.

Ҳозирги кунда институт дунёнинг ривожланган давлатлари — АҚШ, Германия, Франция, Италия, Испания, Туркия, Жанубий Корея, Япония ва Хитойнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик қилмоқда.

Олий таълим муассасалари муваффақиятининг асосий кўрсаткичлари глобал рейтингдир. Институт жамоаси рейтингни кўтариш учун зарур бўлган талаблар устида ишлаш вазифасини сидқидилдан бажариб келяпти. Жорий йил олийгоҳ “Times higher education” рейтинг тизими натижаларига кўра 1001-1500 талик рўйхатга кирди. Мана шу саъй-ҳаракатлар натижасида 2030 йилга бориб институт халқаро эътироф этилган таълим муассасалари рейтингида 1000 таликдан ўрин олиш мақсади йўлида ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилмоқда.

Самарқанд давлат чет тиллар институти ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати ўтказилган тантанали маросимда олий ўқув юрти ривожига катта ҳисса қўшган профессор-ўқитувчилар ҳамда интеллектуал ўйинлар ва спорт мусобақаларида ғолиб бўлган талабаларга ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?