Салом – Моҳларойим, хайр – Ғанишер
Одатда биз байрамнинг эртаси куни байрам қиламиз. Боиси шодиёна кунларида хизматда бўлиб, элимиз тинч ва хотиржам хурсандчилик қилиши учун камарбаста бўлиш шарафли бурчимиз ҳисобланади.
Бу йил ҳам Янги йил оқшомида Фарғона шаҳри марказида жойлашган Аҳмад Фарғоний номидаги боғда ўрнатилган улкан арча, мусиқий тадбирлар ўтказиладиган майдонларда хизматда бўламиз. Токи файзли ва шукуҳли оқшомда ҳамюртларимизнинг байрам кайфиятини бузадиган ҳеч қандай кўнгилсизлик бўлмаслиги керак.
Байрам кунлари эса хонадонимизда тонгга қадар чироқ ўчмайди. Турмуш ўртоғим Барнохон, 11 ёшли қизим Моҳларойим, эркатой ўғлим Ғанишер уйимиз олдида машина товуши эшитилса, “Ана, дадам, дадажоним келдилар...” дея кўчага югуришар экан. Ота-онам шу ҳақда айтишганда, бундай кутишлар болаларимни эрта улғайтириб қўйгандек туюлади. Аммо 15 йилдан зиёд вақт мобайнида оила аъзоларимиз бунга кўникиб кетишган.
Яқинда ота-онамга Янги йил оқшомида ишда навбатчи эканимни айтсам, роса шўхи чиққан ўғлим ва қизим одатлари бўйича бир-бирига ҳарбийча жиддий тус бериб ҳазиллашишди:
—Салом – Моҳларойим, хайр – Ғанишер...
Сабаби, ҳамиша навбатчиликдан уйга қайтганда қучоғимга шошадиган қизимни эркалаб, исмини айтиб, у билан ҳарбийча кўришамиз. Ишга кетаётганда эса, ўғлимга йигит киши сифатида оиламиз тинчлигини ҳимоя қилишни сенга ишониб кетяпман, дея хайрлашаман. Бундай саломлашиш ва хайрлашиш аллақачон фарзандларимга ёд бўлиб кетган.
Ишонамизки, бу йил ҳам Янги йил туни тинч ва осойишта ўтади. Бунинг учун гуруҳимиз билан белгиланган ҳудудларда сидқидилдан фаолият олиб борамиз. Нуронийлар дуога қўл очганда, беғубор қалбли болажонлар яйраб-қувнаганда, шодон давраларда каттаю кичик мириқиб рақсга тушганда ҳар қандай чарчоқ унутилади.
Элимизнинг шодиёна кунлари кўп бўлиб, байрамлар байрамларга уланаверсин.
Ғолибжон ТОЖИҚУЛОВ,
Фарғона шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими 1-ёнғин-қутқарув қисми бошлиғи
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг