Сайёр қабул: аҳоли мурожаатлари ўрганилиб, ҳал этилмоқда

16:29 07 Апрель 2022 Жамият
1396 0

Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш учун янада қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Халқ қабулхоналари, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбар ходимлари иштирокида Самарқанд вилоятида оммавий қабуллар ташкил этиляпти.

Дастлабки куни Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари томонидан Ургут туманида Ургут ва Тойлоқ туманлари аҳолисининг муаммолари ўрганилиб, уларга ечим топиш чоралари кўрилди.

Халқ билан очиқ мулоқотлар давомида Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Республика ишчи гуруҳи раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев юртимизда «Инсон қадри учун!» тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолининг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш энг муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлади.

Сайёр қабулларда фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Хусусан, Камолиддин Хўжамов жиноят ишлари бўйича Ургут туман судининг 2013 йил 19 февралдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг тегишли моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, ўн йилга озодликдан, шунингдек, икки йил ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган эди. У жазони ўтаб келди. Кейин йиллар давомида ноҳақдан жазоланганини исботлаш, номини оқлаш учун ҳақиқат излаб овораю сарсон бўлди.

Ургут туманида ўтказилган суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабулда Олий суд раиси қабулига кириб, мурожаат қилди. Шундан сўнг, вазият ўзгарди. Сайёр суд натижасида адолат қарор топди.

Шунингдек, содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазосини ўтаётган 13 нафар маҳкум сайёр қабулда Олий суд раиси ўринбосарига мурожаат қилиб, тегишли хулоса чиқаргани, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради. Уларнинг мурожаатлари асосида шу ернинг ўзида жиноят ишлари бўйича Ургут ва Тайлоқ туман судларининг сайёр суд мажлислари ташкил этилиб, Ургут тумани ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида турган 13 нафар маҳкумга нисбатан тўпланган материаллар кўриб чиқилди ва улар муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилинди.

Орифбой Ҳамроев Ургут туманининг «Мирзақишлоқ» қишлоғидан. 2016 йили босган қалтис қадами учун Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Шу даврда унинг кўзи очилди, қилмишидан пушаймон бўлди. Қонунларга бўйсуниб, тинч ва тўғри яшашнинг қадрига етди. Унинг сайёр қабулда қилган мурожаатидан сўнг унга ҳам издан чиққан ҳаётини ўнглаб олиши учун яна бир имконият берилди. У ҳам тегишли тартибда муддатидан олдин жазодан шартли равишда озод этилди.

— Мамлакатимизда инсонпарварликка йўғрилган адолатли сиёсат туфайли мен каби ҳаётда адашган, билиб-билмай жиноят содир этган бўлсада, хатосини тушуниб, чин кўнгилдан пушаймон бўлганларнинг кечирилаётганлиги туфайли муддатидан олдин жазодан озод этилиб, оилам бағрига қайтдим, — дейди Орифбой Ҳамроев. — Ушбу имкониятдан фойдаланиб, билдирилган ишончни оқлайман.

Ургут туманида ўтказилган сайёр қабулда Олий суд ва Судьялар олий кенгашига қирқдан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Унга асосан, икки нафар фуқаронинг кассация шикоятлари Олий судда кўришга қабул қилинди. Уч нафарининг аризаси қабул қилиниб, ўндан ортиқ фуқароларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 13 нафар судланувчига нисбатан тайинланган жазо турлари Жиноят кодексининг тегишли моддаси тартибида муддатидан олдин шартли равишда озод этилди.

Албатта, қонун, адолат устувор бўлган жамиятда халқнинг давлат идораларига бўлган ишончи ортади. Оммавий қабулда Бош прокуратура масъуллари ҳам келиб тушган ҳар бир мурожаатни атрофлича ўрганиб, уни ҳудудий мутасаддилар билан ҳал этишди.

Ургут туманининг Жайратепа маҳалласида яшовчи Дилором Бойматова биринчи гуруҳ ногирони, оиласи «темир дафтар»га киритилган. Онахоннинг Бош прокуратура масъулларига қилган мурожаати шу жойнинг ўзида ҳал қилиниб, у кишига ногиронлик аравачаси топширилди.

Шу билан бирга, қабул давомида прокуратура органларига мурожаат қилган ўндан зиёд хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилиб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, 5 нафарини ишга жойлаштириш, 2 нафарига ишсизлик нафақаси тайинлаш, 5 нафарини тиббий кўрикдан ўтказиш, 4 нафарини касбга ўқитиш чоралари кўрилди. Якка тартибда тадбиркорлик қилиш истагида бўлганларга эса тикув машиналари топширилди.

Сайёр қабулда Ички ишлар вазирлиги масъуллари ҳам мурожаатчилардан тизим билан боғлиқ келиб тушган муаммоларни тинглаб, уларнинг аксариятини жойида ҳал этишди. Ҳадича Ҳаитова Ургут тумани «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади, 2 нафар вояга етмаган фарзанди бор. Турмуш ўртоғининг тазйиқларидан чарчаган Ҳадича Ҳаитова оммавий қабулга нажот излаб келди. Бу борада амалий ёрдам сўраб масъулларга мурожаат қилди. Сайёр қабулда фуқаронинг мурожаати ўрганилди ва унга ҳимоя ордери берилди.

Сайёр қабул давомида жиноят содир этиб, бугунги кунда ички ишлар органлари назоратида турган ҳамда қилган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган 7 нафар фуқарога қўлланилган жазони енгиллаштириш бўйича суд идораларига тақдимнома ҳам киритилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Оммавий қабуллар давомида Ургут ва Тойлоқ туманларида истиқомат қилувчи 15 нафар ёшга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортлари ва ID-карталар ҳам топширилди. Шунингдек, оммавий қабул ўтказилаётган жойда бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Давлат хизматлари маркази томонидан сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.

Республика ишчи гуруҳининг Самарқанд вилоятида тўрт кундан буён давом этаётган оммавий сайёр қабуллари давомида вилоятнинг бошқа туман ҳамда шаҳарлари ҳам қамраб олинди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер