Риштонда 157 гектарлик писта плантацияси ташкил этилмоқда

15:24 01 Май 2024 Иқтисодиёт
458 0

Фото: "Халқ сўзи"

Ботир МАДИЁРОВ/ «Халқ сўзи». Риштон туманининг «Навбаҳор» МФЙ ҳудудидаги йиллар давомида қаровсиз бўлиб ётган ерда тадбиркор Қодиржон Қосимов ташаббуси билан писта плантацияси ташкил этилди.

Шу тариқа сувсиз, тошлоқ ҳудуддаги 157 гектар ер ўзлаштирилиб, 141 минг тупдан ортиқ писта кўчатлари ҳамда 54 мингга яқин ўрик, гилос, шафтоли ва нок кўчатлари парваришланмоқда.

— Айни пайтда писта ва бошқа турдаги кўчатларни In vitro усулида етиштириш мақсадида махсус илмий-тажриба маркази биноси қурилиши ишлари олиб борилмоқда, — дейди тадбиркор. — Шунингдек, бу ерда илмий марказ, замонавий лаборатория, иссиқхоналар мажмуасини ўзида жамлаган «Агромактаб» ҳам бунёд этиляпти.

Маълумки, анъанавий усулда парваришланган писта кўчати ўртача 10-12 йилда ҳосилга кириб, бир туп дарахтдан 200-300 грамм ҳосил олиш мумкин.

Илм-фан ютуқлари асосида фаолият кўрсатадиган янги плантацияда такомиллашган технологиялар ёрдамида кўчатхонада ўстирилган ниҳолга иккинчи йили серҳосил ва сифатли писта навларидан олинган куртак пайванд қилинади. Учинчи йили ушбу кўчатлар очиқ майдонга экилиб, ундан 7-8 йилда ҳосил олинади. Ҳосилдорлик салмоғи бир тупда 40-50 килограммгача етади.

Ҳозирги кунда туманнинг кам ҳосилли, унумсиз боғлари ўрнида шу каби писта плантацияларини барпо этиш мақсадида риштонлик тадбиркорлар томонидан ўнлаб истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга киришилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?