Равон йўллар тараққиётга элтади

11:48 04 Декабрь 2024 Жамият
222 0

Темур ЭШБОЕВ/“Халқ сўзи”. Равон йўллар ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг ривожи, аҳоли фаровонлигининг кўзгусидир.

Давлатимиз раҳбари Навоий вилоятига ҳар бир ташрифида йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, айниқса, қишлоқ жойларида ҳаракат учун қулай шарт-шароитлар яратиш вазифаларига алоҳида эътибор қаратади. Мисол учун тўрт йил аввал қарийб олтмиш йил мобайнида хатарли бўлиб келган Қорақарға довони пасайтирилиб, йўлнинг эни 9 метрдан 15 метрга кенгайтирилиб ўткир бурилишлар бартараф этилди. Бугун навоийлик йўлсозлар Хатирчи ва Пахтачи туманларини боғловчи 4Р56 “Оқтош ш.-Янгиработ ш.-Лангар қ.-Чуя қ.” автомобиль йўлининг 10,2-кмда жойлашган (Зарафшон дарёси устидан ўтувчи) кўприкда реконструкция ишларини ниҳоясига етказмоқда.

— Объектнинг капитал таъмири жорий йилда бошланганди, — дейди қурилиш прораби Муҳсин Агламов. — Унинг лойиҳавий қуввати – 108 погонаметр бўлиб, шу кунга қадар ушбу автомобиль йўли 2-тоифадан 1-“б” тоифага ўтказилди. Бир томондан янги кўприк қурилиши тўлиқ тугалланди. Автомобиллар учун қатнов йўлга қўйилди. Иккинчи томон кўприк қурилишида балкалар ўрнатилган, текисловчи қатламда бетон ишлари, БК, ПТМ плиталарни ўрнатиш ва ёритиш тизими таянчларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳозирда пудратчи томонидан мазкур автомобиль йўлининг 10—11-км оралиғида 30 000 м³ тупроқ, 6 400 м2 қум шағал аралашмасидан асос қуриш, ҳамда 800 метр қисмида пиёдалар йўлаги қуриш ва бордюрлар ўрнатиш ишлари бажарилди. Шу билан бирга 11—16-км оралиғида 1 км йўлни қайтадан қуриш, 3,5 кмлик пиёдалар йўлаги тортиш, 131 дона ёритиш тармоғи таянчларини ўрнатиш ва коммуникация тармоқларини қуриш ишлари амалга оширилди.

— Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг 2024 йил 7 августдаги мажлис баёнида Сангижумон дарасига олиб борувчи маҳаллий аҳамиятдаги 4Н400 “Аччи қ.-Кориз қ.-Сангижумон қ.“ автомобиль йўлининг 5 кмлик (9—14) қисмини ҳамда 2,8 км ички йўлларни таъмирлаш белгиланган, — дея давом этади М. Агламов. — Ҳозирда бошқарма буюртмачилигидаги 4Н400 “Аччи қ.-Кориз қ.-Сангижумон қ.“ автомобиль йўлининг 9—14-кмда таъмирлаш ишлари Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан 2,8 млрд.сўмлик ишлар бажарилди. Шу билан бирга, унга олиб борувчи узунлиги 2,8 км ички йўлларни таъмирлаш ишлари “Навоий минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДМ буюртмачилигида олиб борилмоқда.

Йўллар ҳар бир ҳудуд сайёҳлик жозибадорлигининг гарови. Шу жиҳатдан мазкур йўналишдаги йўлнинг реконструкция қилиниб, хавфсизлигининг оширилиши Нурота ва Хатирчи туманларига сайёҳлик оқимининг ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Республика Автомобиль йўллари қўмитаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Навоий вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамкорлигида вилоятда фаолият юритаётган ОАВ вакиллари учун ўтказилган пресс-турда иштирокчилар вилоят йўлсозлари жорий йилда йўллар ҳолатини яхшилаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида амалга ошираётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Хусусан, вилоятнинг Навбаҳор туманидаги “Сармишсой дараси”га элтувчи йўлнинг реконструкцияси, йўл инфратузилмасининг янгиланиши, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, бугун йўлсозлар ихтиёридаги техникалар бўйича тўлиқ маълумотга эга бўлди.

— Иш унуми ва сифати ошишида мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фаолиятимизни ислоҳ этиш билан бирга, йўл қурилиши ва улардан фойдаланиш борасида мутлақо янги даврни бошлаб берди, — дейди бош бошқарма бошлиғи Алишер Ҳалимов. — Мазкур ислоҳотларга қадар фаолиятимизда ҳар доим кўплаб муаммоларни йўл-йўлакай бартараф этишимизга тўғри келарди. Ҳам техник, ҳам маънан эскирган техникалар, хом-ашё таъминотидаги узилишлар туфайли йўл қурилиши, таъмирлаш мақсадларига ажратилган маблағларни қийинчилик билан ўзлаштириб, йиллик режаларимизни зўрға уддалардик. Бугунги кунда тизимимиздаги йўл корхоналарида жами 10 дона асфальт-бетон ишлаб чиқариш заводлари мавжуд. Шунингдек, барча турдаги йўл қурилиши техникаларига эгамиз.

Пресс-тур иштирокчилари матбуот анжуманида соҳа билан боғлиқ саволларига батафсил жавоб олишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер