“Рақамли божхона” қандай бўлиши керак?

18:48 13 Октябр 2021 Иқтисодиёт
361 0

Фото: Тошкент шаҳар божхона бошқармаси

Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва блогерлар учун “Янгиланаётган божхона: “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар” мавзуида пресс-тур ташкил қилинди.

Тадбирда бир гуруҳ журналистлар пойтахтимизнинг Сергели туманидаги “Сирғали” божхона пости ва бир қатор экспортёр корхоналарда бўлишди. Дастлаб журналистларга “Рақамли Ўзбекистон божхонаси” кўргазмали тақдимоти ва соҳадаги ислоҳотларга бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди.

Сўнгги 5 йилда давлат божхона хизмати органлари фаолияти ҳам тубдан янгиланди. Энг аввало, тизимга “Рақамли божхона” тамойилининг кенг жорий қилинаётганлиги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳам вақтини, ҳам харажатларини тежашга хизмат қилмоқда.

Кенг миқёсда жорий қилинаётган “Хавфларни бошқариш”, “Ягона дарча” каби божхона ахборот тизимлари ва электрон хизматлар кўмагида божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланаётган вақт тобора қисқармоқда.

Аҳамият беринг, божхона назоратида илғор технологияларни татбиқ этилиши натижасида божхона декларациясини расмийлаштириш вақти экспортда 1,7 баробар, импортда эса 1,4 баробар қисқартирилди. Шу билан бирга, 76 фоиз БЮДлар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган, бу кўрсаткич экспортда 84 фоизни ва импортда 74 фоизни ташкил этади.

Бироқ, таҳлиллар илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ 2021 йил 1 октябрдан бошлаб божхона назоратини олиб боришда “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари фаолияти йўлга қўйилди.

Пресс-турда журналистлар “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости тарихи, у ердаги божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, божхона назоратининг шакл ва усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишишди.

“Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 2021 йилнинг 9 ойи давомида 36 379 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, улар бўйича 2 трлн. 336 млрд. сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилган. Мазкур пост орқали тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган салкам 344,4 млн. АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган.

Божхона постида яширин иқтисодиётни қисқартириш, ноқонуний товар-моддий бойликларнинг юртимиз ҳудудига кириб келишини олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, ўтган даврда 227 та ҳолатда 1 млрд. 948 млн. сўмдан ортиқ товарларнинг ноқонуний кириб келишини олди олинган. Улар бўйича  8,1 млрд сўмдан зиёд қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, давлат бюджетига ундирилиши таъминланган.

Иштирокчилар, шунингдек, Сирғали туманида жойлашган “Aysel Energy”  қўшма корхонаси бўлиб, унинг иш фаолияти билан танишди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?