Рамазон шукуҳи: дилда қувонч, тилда шукроналик

10:41 25 Февраль 2026 Жамият
1197 0

Президентимизнинг 2026 йил 17 февраль кунги “Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида” ги қарори асосида Фарғона вилоятида 24 мингга яқин давлат таъминотидаги оила моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши режалаштирилган.

Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестрида турувчи қарийб 2 минг нафар фуқарога, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган 500 га яқин оилага – 1 миллион сўмдан, 42 мингга яқин “камбағал оила” тоифасидаги оилага ҳамда “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида 4 минг 700 дан ортиқ оилага 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам берилиши кўзда тутилган.

Айни пайтда қарор ижросини таъминлаш мақсадида бундай хонадонларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу хайрли ташаббус – юртимизда инсон қадрини улуғлаш, меҳр-оқибат ва саховат каби эзгу фазилатларнинг амалдаги яна бир тантанасидир.

Шу кунларда маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар моддий ёрдам ҳақидаги хабарномаларни оилаларга етказиб, юртдошларимиз қалбига Рамазон қувончини улашмоқдалар. Фарғона шаҳридаги “Ёшлар” маҳалласи ижтимоий ходими Суҳроббек Ҳошимов ўзига бириктирилган ҳудудда 7 та давлат таъминотидаги оилага, 14 та камбағал оилага ва 1 нафар якка-ёлғиз кекса ҳамюртимиз яшовчи хонадонга бирма-бир кириб бориб, меҳр-мурувватга интиқ юракларни беҳад қувонтирди.

—Маҳалла раиси Дилмурод Маъмуров билан ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган қарор ижроси тўлиқ таъминланишига ҳаракат қилдик, —дейди С.Ҳошимов. —Мақсадимиз – давлат раҳбарининг ташаббуси билан ажратилаётган маблағлар аниқ ўз эгасига етиб бориб, ҳар бир оила ва инсон рози бўлсин.

“Ёшлар” маҳалласида яшовчи Сурайё Қамбарованинг 3 нафар вояга етмаган фарзанди бор. “Камбағал оилалар реестри”га киритилган бу оила учун болалар нафақаси тайинланган. Куз-қиш мавсумида эса 1 млн сўм миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам ҳам берилди.

—Шифохонада ҳамшира бўлиб ишлайман, лекин даромадим камлиги сабабли рўзғор юритишим қийин бўляпти. Президентимизга минг раҳмат, иситиш мавсумида ҳам бир марталик моддий ёрдам ажратилган бизга – болаларим билан қишдан соғ-саломат чиқиб олдик. Рамазон ойида ҳам оиламизга 500 минг сўм маблағ ажратилибди. Бундан бошимиз осмонга етди.

“Камбағал оилалар реестри”да турувчи яна бир оила – Зилола Ҳалиловага кўп фарзандли, лекин кам даромадли бўлгани учун 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам бериладиган бўлди. Бу оилага ҳам ўтган йил ноябрь ойида қиш мавсуми учун 1 млн сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган.

Шу маҳаллада яшовчи Александр Сичёв ўн ой аввал инсультни бошдан кечирган ва йиқилиши оқибатида бир оёғини синдириб олган. Маҳалладаги ижтимоий ходим томонидан “кейс” очилиб, дастлаб фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикка йўналтирилди, I гуруҳ ногиронлиги белгиланиб, нафақа тайинланди. Ваучер асосида ногиронлик аравачаси билан таъминланди. Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш учун ваучер берилди.

—Оғир кунларда ижтимоий ходим оиламизнинг энг яқин кўмакчиси бўлди,—дейди биз билан суҳбатда Сичёв Юрьевич.—Ўтган йили иситиш мавсумида 1 млн сўм, Рамазон муносабати билан эса 500 минг сўм моддий ёрдам беришди.

Бу эътибор мени жуда руҳлантирди, ҳаётга қайтарди. Ҳозир турмуш ўртоғим уйда реабилитация машғулотларини олиб боряпти. Насиб бўлса, қайта оёққа туриб, қурбим етгунича Ватанимизга хизмат қиламан.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?