“Работиқалмоқ”даги мактаб ўз спорт залига эга бўлди

14:27 11 Ноябрь 2024 Жамият
258 0

Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Умумтаълим мактабининг ўз спорт зали бўлганига нима етсин? Ёғин-сочинли кунларда, хусусан, қишда унинг қадри жуда билинади. Негаки, жисмоний тарбия фанига дахлдор машғулотларни спорт залисиз тўлақонли ўтишни тасаввур этиш мушкул.

Бухоро тумани “Работиқалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 18-сонли умумтаълим мактабида шу муаммо кун тартибидан тушди. Мактаб учун шинамгина спорт зали қурилиб фойдаланишга топширилди. Бу ерда эндиликда спортнинг баскетбол, қўл тўпи, кураш каби турлари билан қишин-ёзин шуғулланиш мумкин. Соҳа масъулларининг билдиришларича, кейинги пайтда мактабларни реконструкция қилиш, қўшимча ўқув бинолари қуриш билан бир қаторда спорт заллари бунёд этишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Биргина жорий йилда вилоят бўйича 8 та спорт зали қурилмоқда.

Работиқалмоққа келсак, тўққиз минг аҳоли истиқомат қилувчи бу маҳалла ёшларининг рисоладагидек таълим-тарбия олиши учун айтса арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, маҳаллада жорий йилда 46-сонли янги умумтаълим мактаби барпо этилди. Шунингдек, 43-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 50 ўринли янги филиали иш бошлади.

Шу кунларда маҳалла ҳудудидаги ўйингоҳ ва спорт заллари ўғил-қизлар билан гавжумлигини кўриш мумкин. Ушбу гўшадан Собир ва Акобир Қурбонов, Шуҳрат Очилов, Фатхулла Холиқов сингари кураш ва самбо бўйича жаҳон чемпионлари етишиб чиққани инобатга олинса, бу Работиқалмоқ учун одатий ҳол экани аён бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?