Қувада «Гилос сайли» фестивали ўтказилди

10:21 02 Июнь 2025 Жамият
80 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Қува туманида жойлашган «Каркидон» сув омбори ҳудудида туризм маркази ташкил этилмоқда. Шу мақсадда 270 гектар ерда «яшил белбоғ»лар, миллий ҳамда замонавий мезонлар бўйича экотуризм манзиллари барпо қилинади.

Маълумки, Қува агротуризмни ривожлантиришда қулай ҳудуд бўлиб, туман боғларида етиштирилаётган гилос, анор, ўрик, шафтоли, хурмо, қулупнай юртимиз бозорлари, хорижда ҳам харидоргир ҳисобланади. Бу борадаги имкониятлар кўламини ошириш мақсадида «Каркидон» сув омбори ҳудудида «Гилос сайли» фестивали ўтказилди.

Фестивалда вилоят, шаҳар-туман ҳокимлиги мутасаддилари, қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари, тадбиркор ва боғбонлар, сайёҳлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида вилоятда интенсив боғлар яратиш орқали экспорт қилиш имкониятлари ошириш бўйича юзма-юз мулоқотлар бўлиб ўтди. Ўз навбатида, агросаноат соҳасини ривожлантириш, тармоқда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан амалий семинар ҳам ташкил этилди.

— Ўтган йили туманда 80,4 млн долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилиниб, унинг 37 млн доллари гилос ҳиссасига тўғри келди, — дейди Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров. — Жорий йилнинг май ойи ҳолатига кўра, туманда 13 минг тонна гилос, 8 минг тонна ўрик ҳамда 6,2 минг тонна қуритилган ўрик экспорт қилинишига эришилди.

Айтиш жоиз, туманда фермер ва деҳқон хўжаликларига кўрсатилаётган банк хизматлари ва микромолиялаштириш имкониятлари ҳам яхшиланиб бормоқда.

Фестиваль доирасида махсус кўргазмалар, гилос меваларидан баҳраманд бўлиш имконияти ҳамда миллий қадрият ва анъаналарни тарғиб этувчи маданий дастурлар ҳам намойиш этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?