Қутлуғ қадамнинг ҳаётбахш зиёси

12:43 19 Июль 2025 Сиёсат
332 0

Ғайрат ОТАЖОНОВ, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист («Халқ сўзи»).

Нукус шаҳрида яшовчи Азат оға Ниетуллаев икки кун олдин қўнғироқ қилиб қолди. Салом-аликдан сўнг мақсадини айтди:

– Қосшим, (қорақалпоқ тилида ёши катта кишилар ўзидан кичикларга мулоқотда қўллайди) хабаринг бор, газеталарни маҳалла идорасида ўқирдим. Маҳалла кейинги 6 ойга обуна бўлмаган экан. Ўзинг ўқиб борадиган газеталардан менга ҳам келтириб турсанг, янгиликлардан бехабар қолмай дейманда, болам! Биласан, бугун дунё терак учидаги қуш уясидай қалқиб турибди. Яқин Шарқдаги қон тўкилишлар, Исроил, Эрон, Фаластинда рўй бераётган воқеаларга бефарқ бўла олмайман. Уларни ўқиб, гоҳида кўзимга ёш келади. У юртлардаги саргардонлик, очлик, танқислик, жудоликлар ҳақида ўқиб, юртимиздаги тинчликка кўз тегмасин дейман. Қўлимни дуога очиб Юртбошимизнинг боши омон бўлсин, элимиздаги фаровон ҳаёт, тўкинлик, бағрикенглик ва осойишталик бардавом бўлсин дейман, ўғлим! Бу билан чекланиб қолмайман, ёшлар ўртасида тинчликнинг қадрига етиш, илм олиш, касб ўрганишни тарғиб қиламан. Ахир бу биз, кексаларнинг вазифасику!

Азат оға ёши улуғ бўлсада, имкон қадар барча газетани қолдирмай ўқиб боришга одатланган. Бирор кун газета ўқимаса, ниманидир йўқотгандек юради. Ўзи кекса педагог, кўп йил ўқитувчи бўлиб ишлаган. У киши билан 23 йил олдин танишганман ва газетада ёритиладиган мавзулар ҳақида кўп гурунглашамиз. Ҳозирги кунда ҳам телеканалларда ахборот дастурларини кузата туриб ёки матбуотда ўқиётиб бирон ноаниқликни сезса, дарҳол телефон қилиб, саволларга кўмиб ташлайди.

Азат оға Ниетуллаев

Ишдан сўнг газетанинг охирги сонларини олиб, Азат оғанинг уйига йўл олдим. Йўлакда қурилиш материалларига кўзим тушди. Уйидан чиқиб келаётган оға эшиги олдидаги ўриндиққа ишора қилди.

– Ўриндиқлар янгиланибди, кўча обод ва кўркам бўлибди, ифор таратиб турган гулларни айтмайсизми, дарахтлар ўзгача зийнат бағишлаб турибди, – дедим. – Дуодан сўнг, ўзи ҳам атрофга меҳр билан назар ташлади. Кейин газеталарни варақлашга тушди ва менга миннатдорлик билдирди.

– Ҳа, шундай чиройли кўчаларни кўриб, кексалигим ёдимдан чиқиб кетади, мухбир болам, – деди жилмайиб. – Энди шунга яраша биз ҳам уйимизни замонавий усулда таъмирлашга киришдик. – Кейин у дарҳол мавзуини ўзгартирди. Менга маъноли қараб, баъзи фикрларини айта бошлади.

– Биласан, телевизордаги хабарларни мунтазам кузатиб бораман, газета – кундалик ҳамроҳим. Лекин мен Қорақалпоғистонда, Нукусда ишлаб чиқариш бу даражада ривожланганидан бехабар қолибман шекилли. Яқин йилларгача катта йўлнинг нариги томони юлғун ўсиб, шўр босиб ётарди, ҳозир обод манзилга айланибди. Қурилиш моллари бозори қурилганини эшитгандим, лекин унинг кенглиги, маҳсулотларнинг турлари мени ҳайратга солди. Ўтган кун ўғлимга уйни таъмирлаш ҳақида айтганим ёдимга тушиб, қурилиш материаллари нарх-навосини билайчи, деб бозорга тушдим.

Буни қара, сотувчилар уларни мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ишлаб чиқарилгани билан бирга Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилганини ҳам кўрсатиб ўтяпти. Цементни сўрадим, ўзимизда ишлаб чиқариладиган икки тури бор экан. «Шпаклёвка», сувоқ ишлари учун бурчаклар, қурилиш тўрлари, универсал қурилиш аралашмалари, иссиқлик изоляциялаш материаллари, «пенопласт», бўёқ материаллари ва қопламалари, хуллас, уйимиз таъмири учун зарур бўлган барча материаллар ўзимизда ишлаб чиқарилаётган экан. Замонавий энергия тежамкор котёллар, ойна ва эшиклар ҳам Нукусдаги корхоналарда тайёрланганини эшитиб, ҳайратим ошди.

Болам, эътирозим шу маънодаки, журналистлар бундай янгиликларнинг барчасини ҳам ёритиб улгурмаяпти, назаримда. Ёки мен айтган қурилиш моллари ишлаб чиқарадиган корхоналар иш бошлагани оддий ҳолга айлангандир...

Отахон ҳақ. Зукколигига қойил қолиш керак. Ёши улуғ бўлсада, ёшлардай фикрлайди, ҳамма нарсага фаҳму зеҳни етади. У ўз мулоҳазалари билан биз, журналистларга худди маҳорат дарси ўтаётгандек эди. Азат оға айтганидек, ҳозир энг чекка туманларда ҳам ҳар ҳафта янги корхоналар иш бошлаётганини эшитаман. Яқиндагина Тахтакўпир туманида бир корхонанинг қурилишига тамал тоши қўйилгани ҳақида хабар берилганди. Кеча яна бошқа корхона очилибди.

Азат оға айтганидек, барча янгиликни кенг ёритишга улгурмаяпмиз, назаримда. Аммо бунинг бошқа бир сабаби ҳам бор. Мамлакатимизда ҳар бир ҳудуд тараққиёти учун алоҳида дастурлар ишлаб чиқилган. Ўтган йили Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти Тошкентда эмас, Нукус шаҳрида ўтказилди. Ўшанда давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга бизнес учун бирорта ҳудудда йўқ имтиёзлар пакети берилганини таъкидлаган эди. Жумладан, сўнгги беш йилда алоҳида Фармон ва қарорлар билан 52 турдаги имтиёз ва енгилликлар берилди. Бундан ташқари, 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳалар учун инфратузилма яратиб беришни ҳам давлат ўз зиммасига олган.

– Кўряпсанми, мана нима учун корхоналар кун сайин кўпаймоқда. Бу Қорақалпоғистонда бизнес қилиш учун яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар, амалга оширилган изчил ислоҳотлар меваси, десак, муболаға бўлмайди, – дейди отахон сўзини давом эттириб. – Мухбир болам, Қорақалпоғистонда катта-кичик раҳбарлар шундай ишлаши керакда. Шундай ишласа, ўзгариш юз беради, халқ рози бўлади.

Мана, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаевни олайлик. У халқ орасида кўп юради, деярли ҳар куни туманларда бўлиб, давлат дастурлари доирасидаги белгиланган вазифаларни кенг муҳокама қилиш билан бирга, тадбиркорлар билан ҳам учрашувлар ўтказмоқда. Расмиятчиликдан холи, маъмурий биноларда эмас, корхоналарга бориб, тадбиркор билан очиқ мулоқотлар қилинмоқда. Шундай бўлгач, давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар халққа етиб борадида.

Яқиндагина Тахтакўпирда тадбиркорлар билан учрашган бўлса, ундан кейин жанубий туманларда, куни кеча Хўжайли туманида тадбиркорлар билан мулоқотлар ўтказилди.

Жўқорғи Кенгес Раиси биргина Хўжайли туманидаги чарм-пойабзал ишлаб чиқарадиган «ДЎСТЛАР ШОЭС ХЎЖАЙЛИ», темирдан турли хил буюмлар тайёрлайдиган «ИНОСТАЛ», қизилмия илдизини қайта ишловчи «ЭХИМCОРП» корхоналари, «ФАРМС ГАФУР ГУЛОМ» сутни қайта ишлаш лойиҳалари ҳамда «ЛИДEРТEКС ГРОУП» масъулияти чекланган ва «Уразимбетов Рахат» оилавий корхонаси фаолияти билан танишиб, тадбиркорлар билан лойиҳаларни янада кенгайтириш юзасидан мулоқотлар қилди.

Бундай самимий учрашувлардан кўнгил ўсади, яхши ғоялар туғилади. Яхши ғоя эса зўр сармоя. Шунинг учун тадбиркорликни ривожлантиришда ва аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш йўлида халқ орасига кириш, уларнинг дардини эшитиш бугунги кун талаби. Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркорнинг ютуғи бу бутун халқимизнинг ютуғидир.

Қишлоққа саноат кириб бормоқда

– Ростини айтсам, Тахтакўпирдаги ўзгаришлар мени жуда қувонтиради, – дейди Азат оға. – Ҳақиқатан ҳам бир пайтлар фақат чорвачиликка ихтисослаштирилган Тахтакўпир туманида бугун саноат жадал ривожланмоқда. Туманда янги-янги корхоналар таъсис этилаётгани замирида давлатимизнинг беқиёс қўллаб-қувватлови борлигини айтиш лозим. Мана биргина мисол. Президентимизнинг 2023 йил 8 августдаги «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида «Тахтакопир Голд Текстиль Маҳсулотлари» масъулияти чекланган жамиятига умумий қиймати 25,4 млн. АҚШ доллари бўлган янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун 4,5 гектар ер майдони ажратиб берилди. Тадбиркорлар эса бундай имкониятни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилишмоқда.

Ушбу лойиҳа асосида чекка ҳудудларда ҳам тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг янги қувватлари ишга туширилди. Корхона томонидан йилига 5 минг тонна калава ип тайёрланиб, йилига 11,1 млрд. сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Корхона тўлиқ ишга тушиши натижасида 257 та янги иш ўрни очилади.

– Куни кеча газетада Тахтакўпирдаги Қора ой овулида янги текстиль корхонаси фойдаланишга топширилгани ҳақидаги хабарни ўқиб қолдим. Буни қара, унинг маҳсулотлари Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилина бошлабди, қойил-ей, – дейди отахон ҳайратини яшира олмай. – Тўғри, шу кунгача Мўйноқда, Бўзатовда амалга оширилган катта бунёдкорлик ишларини фахр билан айтиб юргандик. Яқинда ота юртим – Қўнғиротга бир маъракага боргандим, ҳамманинг оғзида юртимиздаги янги ўзгаришлар, янгиланишлар... Жумладан, Қўнғирот тумани ҳудудида халқаро аҳамиятдаги «А380» Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов автомобиль йўлида цемент-бетон қопламали янги йўл барпо этилганидан туман аҳли миннатдор бўлмоқда. Ислоҳотлардан халқимиз хурсанд.

Айтмоқчи, ўша маъракада Амударёга Қўнғирот билан Бўзатов туманини боғловчи понтон кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилганини эшитиб, қувончим ошди. Олдинлари Қўнғиротга бир кун борсак, Нукусга қайтиб, бошқа куни Бўзатов ва Кегейлига йўлга чиқардик. Ўша куни бирйўла Қўнғиротдан янги кўприк орқали Бўзатовга ўтиб, дарёнинг ўнг соҳилидаги яқинларимиз билан ҳам дийдорлашдик. Мана шуда, халқни рози қилиш йўлидаги амалий ишлар. Буларнинг барчасини, ёзиб улгуриш, газета саҳифаларига сиғдиришнинг имкониятини топиш керак.

Дарвоқе, газетада бошқа вилоятларда бўлаётган шу каби янгиланишларга оид туркум мақолалар бериб борилаётганди. Барчасини ўқиб боряпман, орада узилиш бўлмасин деб кейинги сонларини сўраётгандим. Агар имкони бўлса, Қорақалпоғистоннинг жанубий туманларидаги янгиланишларни ҳамда Нукус шаҳрида кўз ўнгимизда юз бераётган ўзгаришларни ёритишни таклиф этаман. Халқни рози қилиш йўлидаги амалий ишлар ҳақида кўпроқ ёзиш керак, мухбир болам. Қорақалпоғистондаги ўзгариш ва янгиланишлар, одамлар кайфияти, орзу-интилишлари газетада кўпроқ акс эттирилса, нур устига нур бўларди...

Биз «фаол» сўзини кўпроқ ёшларга нисбатан ишлатамиз. 72 ёшга кирган Азат оғани фаол нуроний, десак, адашмаймиз. Унинг фойдали таклиф ва мулоҳазаларини тинглаб, Нукуснинг кейинги йиллардаги ўзгаришлари бир-бир кўз олдимиздан ўта бошлади.

Кундан-кун Нукус ҳам очмоқда чирой...

Йигирманчи аср охирида йирик саноат, илм-фан ва маданият маркази, дўстлик ва биродарлик шаҳри номини олган Нукус бугун янада бетакрор қиёфа касб этиб, кўркам ва яшил шаҳарга айланиб бормоқда.

Нукус шаҳрига жануб томондан кираверишда қурилган янги кўприк автомобиль ҳаракатини тартибга солиш, тирбандликларни бартараф этиш билан бирга, қадимий кентнинг рамзий дарвозасига айланган. Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов халқаро автомагистралининг 652-километрида жойлашган ушбу кўприк Ғарбу Шарқни бир-бирига боғловчи замонавий инфратузилма объекти саналади.

Ўзбекистоннинг энг асосий маданият муассасаларидан бири, «Саҳродаги Лувр» номи билан машҳур бўлган музей ҳам Нукус шаҳрида жойлашган. И. В. Савиский номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи 1966 йилда ташкил топган ва 1984 йилдан шу ном билан аталади.

Нукус шаҳридаги «Оққуш» мажмуасида қорақалпоқ миллий «қора уй»и, яъни ўтови Гиннеснинг рекордлар китобига киритилгани шаҳардаги бунёдкорликларга юксак баҳо берилганини англатиб турибди.

Нукус шаҳрида яқин йилларда янгидан барпо қилинган 16 қаватли замонавий тураржойлар, янги иморатлар бўй кўрсатди. Шунингдек, яқинда шаҳар марказида замонавий мажмуа қурилиши бошлангани кўпчиликнинг ҳайратини оширмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида 78 млн. доллар инвестиция маблағлари асосида замонавий 5 юлдузли меҳмонхона ва конгресс-холл мажмуаси, 22 қаватли иккита тураржой, шунингдек, савдо мажмуаси қурилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунда бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.

Одамлар юз-кўзида ҳам юқори кайфият ҳукмрон. Қисқача айтганда, бугун Нукус жамолига боқиб кўз тўймайди. У кун сайин чирой очиб гўзал ва маҳобатли шаҳарга айланиб бормоқда. Хуллас, бу янгиланишлар шаҳарнинг бир неча йиллар олдинги кўриниши билан таниш бўлганларнинг ҳайратини ошириши, шубҳасиз.

«Бундай ҳайбатли қурилишни кўрмаган эдим»

Ҳақиқий тараққиётни йирик шаҳарларнинг баланд биноларида эмас, оддий одамлар нигоҳида, чекка ҳудудлардаги турмуш шароитларида кўриш мумкин. Қорақалпоғистоннинг жанубий туманлари бой тарих, чуқур маданият ва салоҳиятга тўла замин.

Ўтган йилнинг 29 февраль санаси – қорақалпоғистонликларнинг узоғини яқин қилган, юракларга яқинлик олиб кирган тарихий кун сифатида эсда қолди. Ўша куни Амударё устидан ўтган Қорақалпоғистон Республикасини Хоразм вилояти билан боғловчи 423 метрлик темир ва автомобиль йўли кўприги тантанали равишда очилди. Аввалги 180 километр айланма йўл, икки соатлик йўл азоби, понтон кўприкдаги хатар ортда қолди.

– Олдинги кўприк жуда эски эди, шунинг учун халқимиз автомобиллар учун кўприк кераклигини сўраган ва шуни кутиб юрганди, – дейди Амударё тумани нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси, «Дўстлик» ордени соҳиби Бекман ота Аллаберганов. – Саксон ёшга кириб, бундай маҳобатли, ўзимизнинг шевамизда айтадиган бўлсам, ҳайбатли қурилиш кўрмаган эдим. Биров айтса, афсонага ўхшарди. Лекин бугун афсоналар ҳақиқатга айланди. Қаранг, кўприк машиналарни, поездларни ҳам дарёнинг нариги бетига ўтказяпти. Туманимизга автомобиль йўли билан бирга дарё устидан темир йўл ҳам ўтганини кўриб, қувонмай бўладими?

Бекман ота Аллаберганов

Юртимиздаги бу каби катта бунёдкорлик ишларини ўтган даврлар билан таққослайман. Собиқ иттифоқ даврида ҳам бундай маҳобатли кўприкни барпо этишга жазм этиша олмаган. Сабаби, бу каби чекка ҳудудларга эътибор қаратилмаган эди. Мана, ўша даврларда Орол денгизи қуриётгани маълум бўлди, лекин кенг кўламли чоралар амалга оширилмади.

Энди, кейинги йилларда Президентимизнинг ташаббуси билан қуриган денгиз тубидаги қум ва тузлар кўтарилишининг олдини олиш, яшил қопламалар барпо этиш борасида қилинаётган ишларни кўринг... Бу юмушларни бутун дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда, таъбир жоиз бўлса, амалий саъй-ҳаракатларга тан беришаётир. Мендан ҳозир ким сўраса, Президентимиз Қорақалпоғистонга оталарча ғамхўрлик кўрсатаётир, деб баралла айтаман.

Ҳозирги кунда «А-380» халқаро автомобиль йўлининг Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов йўналиши реконструкция қилиниши – жанубий туманлар учун энг катта ўзгаришлардан бири. Бу йўл нафақат транспорт оқими, балки иқтисодиёт, логистика, савдо ва аҳоли ҳаёт сифати учун муҳим, десак, айни ҳақиқат.

Жаҳон банки иштирокида Қорақалпоғистон жанубида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш лойиҳаси амалга оширилиб, Бўстон канали реконструкция қилинди. Эндиликда Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманларигача ушбу канал қурилиши натижасида 100 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланди. Сув йўқотилиши 48 фоиздан 15 фоизгача камайиб, насос станциялари сони кескин қисқарди.

Осиё тараққиёт банки иштирокида Беруний туманида амалга оширилаётган ичимлик суви лойиҳаси ҳақида ҳам қувонч билан гапириш мумкин. Бу лойиҳа 2024 – 2026 йиллар давомида тугалланади, еттита объектда ишлар ташкил этилади, бунинг учун 25 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган.

Ишсизликни камайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида ҳудудларда олиб борилаётган қатор саноат лойиҳалари ҳам ўзининг самараларини бера бошлади. Бунга Тўрткўлда 1,5 млн. долларлик инвестиция ҳисобига «Заводхоз Агро» корхонаси ишга туширилганини, 69 киши доимий иш билан таъминланганини айтиб ўтишнинг ўзи кифоя. Ёки яна бир лойиҳа – «ЕВРО-ОСИЁ» МЧЖ томонидан қурилаётган 119 хонадонли тураржой биносини алоҳида тилга олиш жоиз.

Амударё туманидаги Уйшин маҳалласида «Жамолиддин Жайхун» масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 млрд. сўмлик инвестиция ҳисобига балиқчилик фермаси ташкил этилгани ҳам эътиборга молик иш эканини айтиб ўтиш ўринли. «Қорақалпоқ маҳсулотлари» МЧЖ томонидан 1,3 млрд. сўмлик инвестиция ҳисобига паррандачилик хўжалиги йўлга қўйилгани ҳам ҳудудда тадбиркорлик ривожланиб бораётганини кўрсатмоқда. Дўстлик маҳалласида жойлашган «Янги Ўзбекистон» массивида 2024-2025 йиллар давомида 26 та кўп қаватли уй-жой қурилиши мўлжалланган.

Элликқалъа туманида жойлашган «БОСТОН ДEНИМ» масъулияти чекланган жамияти жинси материалидан тайёрланган кийимлар ишлаб чиқараётгани ҳақида эшитганмисиз? Ҳақиқатан ҳам, корхонанинг биринчи босқичида 150 та иш ўрни очилганидан ҳамма мамнун. Жорий йилда 300 минг дона тайёр шим ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Уларнинг умумий қиймати 1,5 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Ва Элликқалъа жинси шимлари хорижга экспортга чиқарилади. Эътибор беринг: илгари Қорақалпоғистонга жинси шимлари импорт қилинарди, бугун эса бунинг акси... Бу – тараққиёт, янгиланиш, ўзгариш ва ривожланиш меваси.

Қорақалпоғистоннинг жанубий туманларида ҳам янгиланишлар бисёр. Тўрткўл туманида «Cристалл мега стар» масъулияти чекланган жамияти томонидан 5 та бренд остида кир ювиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхона маҳсулотлари мамлакатимизнинг барча ҳудудидаги ички бозорларга кириб бориш билан бирга экспортга ҳам йўналтириляпти.

– Бугун Қорақалпоғистонда бўлаётган ўзгаришлар ниҳоятда кўп ва бу ҳақда қанча тўлиб-тошиб ёзсак кам, – дея сўзини давом эттиради Азат оға. – Гапнинг ростини айтсам, бу заминда мард ва танти, меҳмондўст ва бағрикенг одамлар яшайди. Улар ўзи туғилиб ўсган муқаддас заминни обод этиш, халқи фаровонлиги, оилалар тўкинлиги, ҳудуднинг гўзал ва бетакрор манзилга айланиши йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга хайрихоҳдир.

Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ҳар бир ташрифи жуда қутлуғ келмоқда. Юртбошимизнинг қадами теккан жой гуллаяпти, яшнаяпти. Яна бир жиҳати, у кишининг эътиборидан ҳеч бир ҳудуд четда қолиб кетгани йўқ. Бу қутлуғ қадам қут-барака, ободлик олиб келяпти. Қорақалпоғистон халқининг қаддини кўтаряпти, элни мўътабар қиляпти. Биз шундай фидойи раҳбаримиз борлигидан фахрланамиз. Шоир таърифлаганидек:

Кенгликлари уфққа бошини қўйган,

Сахий қуёши ҳам сочган сеҳрини.

Тонглари уйғониб соғинган, суйган

Борлиққа қўяди ёниқ меҳрини.

Ҳануз ўқилмаган сирли достон бу,

Чорлаётган Қорақалпоғистон бу!

 

Мадад бериб келган ҳар қадам қутлуғ,

Ҳурмату эҳтиром топди бошидан.

Қанча эзгуликлар ижроси улуғ,

Миннатдор эл ахир мард Юртбошидан.

Жонажон Ватанда бир тану жон бу,

Гуллаётган Қорақалпоғистон бу!

 

Оға-иниликда хайру ҳикмат бор,

Удир ҳар кунингда суянган тоғинг.

Мудом қалбимдасан азиз, улуғвор

Дея: – Эй ўзбегим, қорақалпоғим!

Яшаётган нурли Ўзбекистон бу,

Яшаётган Қорақалпоғистон бу!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер