Қутлуғ айёмлар қувончи
Бағрикенглик, меҳр-оқибат, шукроналик ва эзгулик байрами – Рамазон ҳайити ҳамда яшариш ва янгиланиш айёми Наврўзи олам Хоразмда халқимизнинг азалий қадриятларига ҳамоҳанг тарзда кенг нишонланди. Байрам олдидан вилоятнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш ва кўчат экиш ишлари амалга оширилди. Айниқса, муқаддас қадамжолар,тарихий обидалар, қабристонларда кенг миқёсда таъмирлаш ишлари бажарилди. Маҳаллалар,кўча ва хиёбонлар янада обод ва кўркам қиёфа касб этди.
Эрта тонгда вилоятдаги 93 та масжидда ҳайит намози ўқилди. Имом домлалар маърузаларида Рамазон ҳайитининг моҳияти, юртимизда ислом дини ривожи, маънавий қадриятларимиз юксалиши йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз борди. Тадбир иштирокчилари юртимизга тинчлик-осудалик, хайру баракот тилаб дуога қўл очдилар.

Вилоятда ўзида гўзал миллий анъаналаримиз, урф-одат ва қадриятларимизни мужассам этган Наврўзи оламни кўтаринки кайфиятда кутиб олиш учун қизғин тараддуд кўрилди. Барча маҳаллаларда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатларини экиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Байрам арафасида вилоятда ўнлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди, маданий-маиший объектлар фойдаланишга топширилди. Урганч шаҳри ва туманлар марказларида ташкил қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг анъанавий савдо ярмаркалари шаҳарликларнинг байрам дастурхони тўкинлигига хизмат қилди.
Байрам тантаналарининг асосий қисми Урганч шаҳридаги «Ёшлик» мажмуасида бўлиб ўтди. Тадбирда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан меҳнат фахрийлари, ёшлар, маданият ва санъат намояндалари, шунингдек, чет эллик меҳмонлар иштирок этдилар. Вилоят ҳокими Жўрабек Рахимов жамоатчилик вакиллари билан биргаликда байрам муносабати билан ташкил қилинган халқ амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмалари билан танишди. Шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган фольклор–этнографик жамоаларнинг бадиий чиқишлари, дорбоз томошалари, миллий спорт ўйинлари, баҳорий таомлар барчага байрамона кайфият бағишлади.

— Хоразмда ўтказилган Наврўз тантаналари миллатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг яна бир ифодаси бўлди, — дейди Республика рус миллий маданий маркази вилоят бўлими раҳбари Татяна Степанкова. — Байрам тадбирида вилоятда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўзларининг миллий санъати, урф-одатлари ва қадриятларини намойиш этдилар.
Улуғ айём кунларида юртдошларимизнинг саховатпешалик ва бир бировга меҳр-мурувват кўрсатиш каби фазилатлари яққол намоён бўлди. Давлат ва жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар байрам муносабати билан хайрия тадбирларини амалга оширдилар. Эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, ҳомийлар томонидан моддий ёрдамлар кўрсатилди, Бир сўз билан айтганда ҳайит қувончи, Наврўз нашидаси ҳар бир хонадонга кириб борди.
Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Марказий Осиёнинг интеллектуал меросини улуғлашда янги босқич Тошкентда бошланмоқда — The Washington Post
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг