Қозоғистондаги самолёт ҳалокатига ростдан ҳам Россия ракетаси сабаб бўлганмиди?
Озарбайжоннинг Қозоғистонда ҳалокатга учраган самолёти бўйича дастлабки тергов, лайнер Россиянинг ҳаво мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган деган хулосани бермоқда. Бу тўғрисида «Al-Jazira» нашри ҳам ўз суриштирувини ўтказди.
«Чоршанба куни Озарбайжон Ҳаво Йўллари»нинг 8432-рейси Россия жанубидаги Чеченистон вилоятининг пойтахти Грознийга йўл олган ва Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Натижада 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши жароҳатланди.
Озарбайжон фалокатга оид тергов натижаларини ҳали оммага эълон қилмаган бўлсада, пайшанба куни «Euronews», «The Wall Street Journal», «Anadolu agentligi» ва «Reuters» ахборот агентликлари номи ошкор этилмаган маълумотларга таяниб, расмийлар Россия зенит-ракетаси айбдор деган хулосага келишгани ҳақида хабар қилишган .
«Reuters» агентлиги ўз манбасига таяниб хабар беришича, самолёт Грознийга яқинлашаётганда электрон уруш тизимлари туфайли алоқа сифатини йўқотган. Самолётдаги отишма эса қасддан содир этилмагани тахмин қилинмоқда.
«Euronews» ҳукуматдаги манбаларга таяниб, учувчилар фавқулодда қўнишни сўрагани учун самолётга Россия ҳудудига қўнишга рухсат берилмагани ва бунинг ўрнига Каспий денгизи орқали Ақтау томон учиш учун кўрсатма берилганини айтмоқда.
Россия ҳаво транспорти федерал агентлиги эса дастлаб самолёт қушлар галасига урилганидан кейин фавқулодда қўнишга мажбур бўлганини маълум қилди.
Россиянинг иштироки ҳақидаги хабарлар авиация мутахассислари самолётнинг дум қисмидаги ўқ излари шаклида бўлган шикастланишларга асосланиб, Россия ҳаво мудофаа тизими айбдор бўлиши мумкинлиги тахминидан сўнг урчиб кетди.
Айрим нашрлар ёзишича, самолёт ҳалокати арафасида Украина томони Чеченистон пойтахти Грозний шаҳрига дронлар орқали ҳужум уюштирган. Шунга кўра, россиялик ҳарбий блогерлар Озарбайжон йўловчи самолёти Украина учирган дрон деб қабул қилинган ва Россия зенит-ракета мажмуаси орқали ўққа тутилган, деган нуқтаи назарни илгари сурмоқда.
BBC нашрига кўра, ҳалокатда омон қолган йўловчилардан Субҳонқул Раҳимов самолёт Грознийга уч марта қўнишга урингани, учинчи уринишда ташқаридан портлаш овозини эшитгани ҳақида сўзлаб берган.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга «Тергов хулосасидан олдин ҳар қандай фараз қилиш нотўғри бўларди», деди Россия билан боғлиқ турли тахминлардан огоҳлантириб.
Аварияни ўрганаётган Қозоғистон ҳам ўз хулосалари эълон қилинишидан олдин унинг сабаблари ҳақида тахмин қилишдан бош тортди.
Пайшанба куни Озарбайжонда ҳалокат қурбонлари хотирасига мотам куни бўлиб ўтди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг