Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудлари аҳолисига замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари топширилди
Фото: "Халқ сўзи"
2026 йил Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи қишлоқ аҳолиси учун ижобий янгиликлар билан бошланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан томорқа хўжаликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари топширилди.
Мазкур техник кўмак қишлоқ хўжалиги ишларини самарали ташкил этиш, ерга ишлов бериш жараёнларини енгиллаштириш ҳамда уй хўжаликлари даромадларини оширишга қаратилган.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак тумани Есим маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун 5 та мотокултиватор етказиб берилди. Ушбу техникалар томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, экин экиш жараёнларини тезлаштириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш имконини беради.
Мазкур ёрдам Глобал экологик жамғарма томонидан молиялаштирилаётган ва ФАО томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури» (FOLUR –Ўзбекистон) лойиҳаси доирасида тақдим этилди.
Мотокултиваторлар ерга ишлов бериш, шудгорлаш, культивация қилиш, ариқча олиш ва экин экишга тайёрлаш жараёнларини тез ва сифатли бажаришда катта ёрдам кўрсатади. Бу эса қишлоқ аҳолисининг меҳнатини енгиллаштириш билан бирга, ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишга хизмат қилади.
«Қишлоқ хўжалиги техникаларини топшириш орқали биз қишлоқ аҳолисининг даромадларини барқарор ошириш, уларнинг озиқ-овқат билан ўзини таъминлаш имкониятларини кенгайтириш ва иқлим ўзгаришига мослашув салоҳиятини кучайтиришни мақсад қилганмиз», — дейди FOLUR –Ўзбекистон лойиҳасининг миллий координатори Азиз Нурбеков.
Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистонда экотизимлар деградациясининг олдини олиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда тупроқни муҳофаза қилувчи ва ресурсларни тежовчи қишлоқ хўжалиги амалиётларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг