Қорақалпоғистонда саноатни ривожлантириш учун яна 100 миллион доллар йўналтирилади

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилишда Хўжайлидаги Самонкўл ва Бағман маҳаллаларида тадбиркорлар 10 миллион доллар инвестиция киритиб, 2 та паррандачилик комплексини ишга туширмоқчи экани қайд этиб ўтилди.
Тўрткўлдаги Уллибоғ маҳалласида 6 та тадбиркор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Уларга асосий темир йўлга уланиш учун ўз ҳисобидан 100 метр тармоқ тортишга рухсат берилса, қўшимча 50 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, 2 миллион долларлик экспорт қилишини айтмоқда.
Беруний, Тўрткўл, Хўжайли ва Амударё туманидан ўтувчи “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов” йўли бўйидаги 140 гектар ерда 300 та савдо ва сервис объектини жойлаштирса бўлади.
Элликқалъада 19 та маҳалла атрофида бозор йўқлиги учун Тўрткўл ва Беруний туманларига боришга мажбур. Бу маҳаллаларга яқин жойдан 10 гектар ажратилса, тадбиркор 5 миллион доллар инвестиция киритиб, замонавий бозор қурмоқчи.
Шу каби кўплаб имкониятларни санаб, Президент Қорақалпоғистон туман ва шаҳар ҳокимлари масъулиятини ошириш бўйича янги тизим бўлишини таъкидлади.
Бунда, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар ойда ўзига бириктирилган биттадан вилоятга боради, улардаги яхши тажрибаларни ўрганади ва туманида жорий қилади. Тадбиркорларга ўз ҳудудидаги салоҳият ва устун жиҳатларни тадбиркорларга тақдимот қилади, камида 5 тадан ташаббускор топиб, ўз туманига олиб келади ва лойиҳани бошлайди.
Ҳафтада бир кунни тўлиқ тадбиркор ва инвесторларга ажратиб, муаммосига ечим топади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон ҳудудлари билан бошқа вилоятлардаги туманлар ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш бўйича ҳар йили инвестиция форуми ўтказилади.
Ўтган йили Қорақалпоғистондаги саноат лойиҳалари учун 100 миллион доллар ресурс берилди.
Нукус шаҳрида саноат ипотекаси асосида тадбиркорларга бериладиган 35 минг квадрат метр майдони бор илк лойиҳа ишга тушаяпти. Бир ой ичида яна бир шундай объект фойдаланишга топширилади.
Мутасаддиларга ушбу тажрибани оммалаштириб, йил якунигача Нукус эркин иқтисодий зонаси ҳудудида замонавий технопарк ташкил қилиш топширилди. Бунда, бизнес учун тайёр бинолар қурилиб, тадбиркорларга 10 йилга лизингга беради.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда саноатни ривожлантириш учун яна 100 миллион доллар йўналтирилади.
Нукус шаҳрида 1 миллион доллар, қолган туманларда 300 минг доллар инвестиция киритиш шарти билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши қарори асосида ер участкалари тўғридан-тўғри берилаяпти.
Кичик инвестицияларга ҳам ер тўғридан-тўғри берилса, инвесторлар Нукус шаҳри, туман марказлари ва йўл бўйларида камида 2 минг аҳолини иш билан таъминламоқчи.
Давлатимиз раҳбари бундай кичик ва ўрта лойиҳаларга ерни тўғридан-тўғри ажратиш таклифини маъқуллади.
Умуман, Қорақалпоғистонда амалга оширса бўладиган яна 9,5 миллиард долларлик 120 та истиқболли лойиҳалар тайёрланган.
Сентябрь ойида Қорақалпоғистонда йирик Инвестиция форумини ўтказиш режа қилинган. Масъулларга форумга пухта тайёргарлик кўриш топшириғи берилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг