Қорақалпоғистон Республикасида каналларни бетонлаштириш қизғин олиб борилмоқда

16:35 26 Январь 2024 Жамият
847 0

Президентимиз раислигида 2023 йилнинг 29 ноябрида ўтказилган видеоселектор йиғилишда белгилаб берилган вазифалар доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида каналлар ва ички ариқларни бетонлаш ишлари жадал суръатда давом этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, “Қорақалпоғистонсувқурилишинвест” давлат муассасаси масъул раҳбарлари ва пудратчи-қурувчи ташкилот раҳбарлари ҳамда лойиҳачи масъуллар билан биргаликда “Ширин-жап” каналининг бетонлаш жараёнлари ўрганилди.

— Мазкур канални бетонлаш ишларини сифатли ва лойиҳада кўрсатилган талаблар асосида амалга ошириш учун тажрибали мутахассислар ва барча зарур техника ва асбоб-ускуналарни жалб қилганмиз, — дейди “Бунёдкор Жанубий СҚБ” МЧЖ бошлиғи Д. Юсупов. — “Ширин-жап” каналини реконструкция қилиш ҳукуматимизнинг тегишли қарори асосида 2024 йил давлат дастурига киритилган. Бугунги кунгача объектда 2,8 километр узунликда 4458 метр куб тупроқ қазилиб, бетонлаш ишларига тайёрланди. Шу билан бирга 538 метр узунликда каналда 279,0 метр куб бетонлаш ишлари амалга оширилди. Объектда 10 дона махсус техникалар ҳамда 80 нафардан ортиқ ишчи-ходим фаолият олиб бормоқда.

Объектда амалга оширилаётган ишларни ўрганишда иштирок этган Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазир Б. Жузбаев “Ширин-жап” каналининг бетонлаш ишларини суғориш мавсумигача якунлаш зарурлигини таъкидлаб, “Қорақалпоғистонсувқурилишинвест” давлат муассасаси директори И. Мамбетов ҳамда “Бунёдкор Жанубий СҚБ” МЧЖ бошлиғи Д. Юсуповларга бетонлаш ишларини жадаллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берди.

Эътиборлиси, Қорақалпоғистоннинг шимолий ҳудудларида ҳозирги кунгача бу каби туб қисмигача тўлиқ бетонланган канал йўқ эди. Президентимизнинг юқорида келтирилган топшириқлари асосида илк бор Хўжайли туманидаги “Ташли жап” ва “Ширин жап” каналларида 2024 йилдан шу каби бетонлаш ишлари бошланди.

Каналларни бетонлаш ишларининг сув йўқотишларнинг камайтиришдаги аҳамиятини биргина “Ширин жап” канали мисолида оладиган бўлсак, сувнинг тезлиги ошиши ҳамда ерга сингиб кетишининг олди олиниши натижасида йилига ўртача 1,5 млн. метр куб сув иқтисод қилиниб, 23 та фермер хўжалигининг 1 минг 670 гектар ер майдони кафолатли сув билан таъминланишига эришилади. Канал “Суенли” магистраль каналидан сув олиб, тумандаги “Мустақиллик”, “Саришунгул” ва “Амударё” ОФЙ ҳудудидаги фермерлар ва аҳолининг томорқа майдонларини сув билан таъминлайди.

Хўжайли туманидаги “Ширин жап” канали 1993 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган. Лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти секундига 1,5 метр кубни ташкил қилади. Каналнинг тубини лойқа босиб, кўлами кичрайиши ҳисобига сув ўтказиш қобилияти секундига 0,5 метр кубга пасайган ва фойдали иш коэффициенти 0,65 га тушиб қолган эди. Реконструкциядан сўнг каналнинг фойдали иш коэффициенти 0,65 дан 0,90 га кўтарилиши кутилмоқда.

Ғайрат Отажонов, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер