Қор осмонда қишламайди...

10:51 22 Октябр 2025 Жамият
153 0

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида Фарғонада жорий мавсум учун ҳар йилгидан кўра катта маблағ – 1 трлн 417 млрд сўм маблағ ажратилди. Агар тармоқлар кесимида сарҳисоб этсак, ушбу маблағнинг 605 млрд сўми электр, 10 млрд сўми табиий газ таъминотини яхшилаш ҳамда 160 млрд сўм ижтимоий соҳа объектлари учун йўналтирилади. Бу қувонарли, албатта. Ҳар йили қишда автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларида турнақатор навбатлар туфайли ҳамюртларимиз турли қийинчиликлардан азият чекишади. Бу муаммога барҳам бериш мақсадида Бешариқда умумий қиймати 33,1 млн долларлик лойиҳа доирасида жаҳон андозалари даражасида ишловчи замонавий марказ қуришга киришилди. Шу мақсадда хориждан автомобилларга метан гази етказиб берувчи ихтисослашган 50 та автошиналар олиб келиш учун маблағ ўтказилди. Фарғонанинг ҳар бир шаҳар, туманига биттадан – 19 та махсус транспорт воситаси ажратилса, 31 та кўчма юк ташиш машиналари Андижон ва Наманган вилоятига хизмат кўрсатади.

Бу мавсум тараддуди билан боғлиқ жараёнда ҳаммаси яхши деганимас. Яқинда мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларини қиш мавсумига ўз вақтида тайёрлаш борасида камчиликларга йўл қўйгани учун Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Юсуфжон Юсуповга ҳайфсан жазоси қўлланди. Афсуски, мавсум масъулиятсизлигига оид бу каби ҳолатларни бошқа соҳалар, коммунал идоралар мисолида ҳам давом эттириш мумкин.

— Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 12 сентябрдаги топшириғига асосан мавсумга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг тегишли фармойишлари қабул қилинди, — дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги масъул ходими Абдулҳамид Алигавҳаров. — Шу тариқа 2 минг 366 та ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича ҳудудларда штаблар ташкил этилди. Ижтимоий соҳа объектларини хатловдан ўтказиш бўйича 5 та ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди. Ишчи гуруҳлар томонидан 1510 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектлари хатловдан ўтказилди. Мавсум тайёргарлиги жараёнида вилоятдаги 76 та ижтимоий соҳа муассасалари мукаммал таъмирланди. Электр таъминотида аварияли узилишларни қисқа муддатда бартараф этиш мақсадида 102 та автотранспорт воситалари, 185 та бригада, 890 нафар ходимлар мавсумга шай ҳолатда турибди. Табиий газни кафолатли етказиб бериш учун 19 та авария диспетчерлик хизматлари ташкил этилиб, керакли транспорт воситалари ва мутахассислар ажратилди.      

Ҳозирги кунда Фарғонада 508 минг 495 та хонадон доимий равишда суюлтирилган газ билан таъминлаб келинмоқда. Бунинг учун маиший газ баллонларга суюлтирилган газ тўлдириб берувчи 8 та газ тўлдириш шохобчалари, 3 та маиший газ баллонларни синовдан ўтказиш маркази ҳамда 7 та хусусий корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Иссиқлик таъминоти корхоналарида ҳам мавсумда турли носозликларнинг олдини олиш ҳамда аварияли узилишларни қисқа муддатда бартараф этиш мақсадида 10 та бригада фаолияти йўлга қўйилди. Уларга 60 нафар мутахассис-ходимлар, 10 та транспорт воситаси бириктирилди.

— Куз-қиш мавсуми олдидан 419 та кўп қаватли уйларни таъмирлаш ишлари белгиланган. Бугунги кунда мазкур юмушларга бошқарув-сервис компаниялари ҳисобидан қарийб 10 миллиард сўм маблағ сарфланди, — дейди Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Авазбек Мадаминов.—Муҳандислик-коммуникация тармоқлари, кириш йўлаклари каби йўналишларда амалга оширилган ишлар туфайли кўп қаватли уйларда яшовчилар учун қулай шароитлар яратилди.

— Бугунги кунда 8 та кўмир омбори орқали бюджет ташкилотларига тарқатилиши кўзда тутилган 17 минг 259 тонна кўмир тўлиқ етказиб берилди, — дейди “Кўмир таъминот” МЧЖ Фарғона филиали раҳбари ўринбосари Дилшоджон Зоҳидов. — Жорий йилда вилоятдаги 1 минг 63 та МФЙда 785 мингта аҳоли хонадонининг кўмирга эҳтиёжи борлиги ҳисоб-китоб қилинди. Шу тариқа вилоят, шаҳар-туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган режа-жадвалига кўра, аҳолини 1 ноябрга қадар 235 минг тонна маҳаллий кўмир маҳсулотини билан тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Айни пайтда Бешариқ, Бувайда, Қақир, Қува, Қувасой, Марғилон, Олтиариқ ва Сўх кўмир омборида 24/7 режимида иш ташкил этилиб, аҳолига маҳаллий кўмирнинг ҳар бир килограмми 309 сўмдан етказиб берилмоқда.

— Оилада 8 кишимиз, мавсумда ўртача 3 тонна кўмир ишлатамиз, — дейди Қўштепа туманида истиқомат қилувчи Саидумархон Ҳошимов.— Бугун Марғилон кўмир омборидан 1 тонна Ангрен кўмирини олдим. Эҳтиёжга қараб яна сотиб оламиз. Боиси хориждан олиб келиниб, кўчада тижорат нархида сотилаётган кўмир анча қиммат – килоси 1700-1900 сўмгача сотилмоқда. Шу сабабли ўзимизнинг кўмир ҳар жиҳатдан яхши.

Айни пайтда омборларда етарли миқдорда маҳаллий кўмир захираси мавжуд. Ҳудудлар кесимида кўмир ёқилғисини олиб келиш ва тарқатиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Бу жараёнда шаҳар ва туманларда тадбиркорлар томонидан аҳолига хориждан олиб келинган қарийб 50 минг тонна кўмир етказиб берилди.

Ботир МАДИЁРОВ

“Халқ сўзи” .

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер