Қонунийлик шахсий манфаатдан устун бўлиши керак

11:34 26 Февраль 2026 Жамият
209 0

Кўп қаватли уйлар лойиҳалаштирилаётганда ҳар бир метр майдон, ҳар бир кириш-чиқиш йўлаги, ҳатто болалар ўйнайдиган ҳовли ҳудудигача инсон ҳаёти ва хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳисоб-китоб қилинади. Муҳандислар ёруғлик тушиши, шамол айланиши, ёнғин хавфсизлиги, махсус хизмат машиналарининг эркин ҳаракати каби омилларни инобатга олади. Шунинг учун ҳам бундай уйларга кейинчалик ўзбошимчалик билан қўшилган ҳар қандай қурилма аввалдан режалаштирилган қулайлик ва хавфсизлик тизимига путур етказиши мумкин. Афсуски, айрим фуқаролар бу жиҳатни етарлича англамай, қонун талабларини четлаб ўтишга уринаётгани кузатилмоқда.

Андижон вилоятида кўп қаватли уйлардан фойдаланишни назорат қилиш мақсадида ўтказилган рейд тадбирлари айнан шу муаммонинг олдини олишга қаратилди. Хусусан, Андижон туманидаги “Оби ҳаёт” ва “Саноат” маҳалла фуқаролар йиғинларида жойлашган қарийб 40 та кўп қаватли уй атрофлича ўрганилди. Назорат жараёнида 52 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди. Уларнинг айримлари уй конструкциясига зарар етказиши мумкин бўлган даражада қўшимча бинолар қуриб олингани билан боғлиқ бўлса, бошқалари мумкин бўлмаган жойларга тандир ва ўчоқ қуриш, айвонларни ўзбошимчалик билан кенгайтириш каби ҳолатлардир. Айрим ҳудудларда эса транспорт воситалари ҳаракатига халал берувчи тўсиқлар ўрнатилгани қайд этилди. Бу эса нафақат қўшнилар учун ноқулайлик, балки фавқулодда ҳолатларда тез ёрдам ёки ёнғин-қутқарув хизматлари ҳаракатига жиддий тўсиқ бўлиши мумкин.

Рейд давомида айрим фуқаролар ўз хатосини вақтида англаб, ноқонуний қурилмаларни ихтиёрий равишда бартараф этгани ижобий ҳолат сифатида баҳоланди. Аммо қонун талабларига бепарво муносабат билдирганларга нисбатан тегишли чоралар кўришга тўғри келди. Қурилиш ва коммунал хўжалиги назорати вилоят ҳудудий инспекцияси шўъба бошлиғи Азизбек Аҳмедовнинг таъкидлашича, “Кўп қаватли уй бу фақат битта хонадон эмас, балки ўнлаб оилаларнинг умумий яшаш муҳитидир. Шунинг учун бир кишининг ўзбошимчалиги бошқалар хавфсизлигига таҳдид солмаслиги керак”.

Мазкур тадбирлар жазолаш учун эмас, аввало, тартибни тиклаш ва аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, кўп қаватли уй — умумий макон. Унда қонунийликка амал қилиш эса ҳар бир фуқаронинг шахсий манфаатидан ҳам устун туриши лозим.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?