Қонун устуворлиги — олий мезон

12:23 20 Июнь 2025 Жамият
154 0

Судга одамлар адолат излаб келади. Адолатли ҳукм чиқарилса, фуқароларнинг судга бўлган ишончи ортади. Аксинча бўлса...

Дарҳақиқат, жамиятда адолат қарор топишида суд фақат қонунга суяниши керак. Ана шунда одамлар адолат деганда судни, суд деганда адолатни тушунишади. Охирги пайтларда судларга ҳақиқатни тиклаш учун кенг имкониятлар яратиб берилди. Давлатимиз раҳбари суд тизимига аҳолининг ишончини ошириш вазифасини қўйди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари — жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Икром МУСЛИМОВ билан мамлакат суд-ҳуқуқ соҳасидаги, жумладан, судларнинг мустақиллиги, одил судловга эришиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан суҳбатлашдик.

— Икром Тўхтамуродович, Ўзбекистон Олий суди яқин ўтмишда қатағонга учраган, миллат равнақи учун хизмат қилган юзлаб аждодларимизни оқлади. Улар орасида таниқли адиб Абдулла Қодирийнинг ҳам оқлангани таҳсинга сазовор. Биз судлов тизимининг бундай зафарли ва одил қарорини олқишлаймиз, албатта. Шу ҳукмни ўқиётганингизда қалбингиздан нималар кечди?

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилнинг 8 октябрида “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойишидан кейин Олий суд томонидан қўзғолончилик ва аксилинқилобий босмачилик қилишда айбланиб, сургун этилган, отилган ва мол-мулки мусодара қилинган 1236 нафар қатағон қурбонларининг номи оқланди. Уларнинг аксарияти Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистонда яшаб фаолият юритган. Оқланганлар орасида Абдулла Қодирий билан бирга 1925 — 1929 йилларда Олий суд раиси лавозимида ишлаган Сағдулла Қосимов, “Осиё Бонапарти” деган ном билан машҳур бўлган Иброҳимбек Лақай каби миллатимиз ойдинлари ҳам бор. Мазкур суд мажлисида Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий томонидан бобосининг ҳукми устидан берилган апелляция шикояти кўриб чиқилди. Адиб 1926 йилда ҳукумат раҳбарларини обрўсизлантиришда айбланган ва тергов жараёнлари ўтказилган. Бунга “Муштум” журналида чоп этилган “Йиғинди гаплар” мақоласи сабаб бўлган. Суд жараёнида Абдулла Қодирий ноҳақ жиноий жавобгарликка тортилгани исботланиб, ёзувчи оқланди.

Ҳукмни ўқиётганимда қалбимда қандай ҳиссиётлар ўтганига келсак, у оқлов ҳукми бўладими, айбловми, авваламбор бу менинг вазифам эканлигини унутмаслигим зарур. Албатта, айбсиз айбланган шахсга нисбатан оқлов ҳукми эълон қилишда нафақат мен, балки ҳар бир судья адолат ўрнатганидан фахрланади. Касби қанчалик шарафли, шу билан бир қаторда, масъулиятли эканини ҳис қилади.

— Профессионал судларда оқловлар кам бўлади. Сиз учун оқлов ҳукмларининг кўплиги нимани англатади?

— Умуман, ҳозир ҳам оқлов ҳукмлари камаймаган, 2024 йилда 402 та жиноят иши доирасида 723 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Яна 1899 нафар шахс қисман оқланиб, 4372 нафар шахснинг айбловидан ортиқча моддалар чиқариб ташланди. Буям қисман оқлов ҳисобланади. Бу ерда биз адолатнинг ажралмас бўлаги, суд жараёнининг бир қисми бўлган суд қарорлари бўйича процессуал шикоятлар мавжудлигини тушунишимиз керак. Яъни фуқаролардан келиб тушган шикоятлар юқори судлар томонидан кўриб чиқилади ва шикоят асосли бўлса, суд қарорлари ўзгартирилади. Назаримда, оқлов ҳукми ортиши билан фахрланиш тўғри эмас. Айбсизлик презумпцияси шунчаки декларатив норма бўлиб қолмасдан амалиётда ишлаши лозим. Қонунлар ишламаса, бир парча қоғоз бўлиб қолаверади. Суд муҳокамаси чоғида бир неча ёдланган қонун бандларини ўқиб чиқишнинг ўзи кифоя қилмайди. Менга қолса, бирорта ҳам оқлов ҳукми бўлиши керак эмас. Чунки ҳар бир оқлов ҳукмнинг ортида асоссиз айблов, адолатсиз қарорлар ётади. Шахс оқлангунича унинг яқинлари бошидан ўтказган руҳий изтиробларини айтмасак ҳам бўлади. Шу нуқтаи назардан, шахс содир этмаган жинояти учун асоссиз равишда айбланмаслигини таъминлаш мақсадида дастлабки тергов сифатини оширишга катта аҳамият қаратиш лозим, деб ҳисоблайман.

— Сиз “Судлар томонидан жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда жазо тайинлаш муаммолари” мавзуида ҳуқуқ бўйича фалсафа доктори диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилгансиз. Ҳам олим, ҳам судья сифатида қандай қарорларни қабул қилиш қийин кечади?

— Умрбод озодликдан маҳрум этиш фавқулодда жазо чораси ҳисобланиб, ушбу жазонинг Жиноят кодексида фақатгина жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модда 2-қисми) ҳамда терроризм (155-модда) жиноятлари учун қўлланиши мумкинлиги назарда тутилган. Шу сабабли ҳам нафақат умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш, балки ушбу жазога лойиқ жиноят ишларини кўриш ҳар бир судьядан юксак масъулият талаб этади. Лекин умумлаштириб айтганда, судья учун ишнинг оғир ва енгили бўлиши мумкин эмас. Агар судлар ишни тоифаларга ажратса, унга қараб ишни кўришга бўлган муносабати ўзгаради, пировардида судьянинг ишга бўлган ёндашуви тоифаланиб адолат мезони йўқолишига олиб келади.

Шу боис ҳар бир судья ишни кўришга пухта тайёрланиши, қонунларни қўллашда адашмаслиги лозим. Бунинг учун эса судья ўз устида тинимсиз ишлаши, жумладан, суд амалиётини таҳлил қилиш орқали тажрибасини ошириб бориши лозим.

— Кейинги йилларда мустақил суд тизимини таъминлайдиган, ҳар бирининг замирида холислик, адолат ва инсонпарварлик тамойиллари мужассам кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Энди бунга амалда қандай эришиш ва уни сақлаб қолиш мумкин?

— Ўтган даврда қонун устуворлиги билан бошқариладиган демократик давлатни яратишнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш учун етмишга яқин қонун, Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Судларга қўшимча штатлар ажратилиб, тергов судьяси лавозими жорий этилди. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодекслари, “Судлар тўғрисида”ги, “Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги, “Конституциявий суд тўғрисида”ги қонунлар янги таҳрирда имзоланди. Судларнинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича ихтисослашуви амалга оширилди. Суд ишларини апелляция, кассация ва тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш институтлари амалиётга киритилди. Тергов ва суриштирув, одамларни ҳибсга олиш ва ишларни судларда кўриб чиқиш муддатлари сезиларли даражада қисқартирилди. Ўлим жазоси жазо тизимидан чиқарилиб, ҳибсга олиш учун санкция бериш, қолаверса, инсон ҳуқуқини чеклаш ва мажбурлов чораларини қўллаш масалалари судларга ўтказилди. Энди суд ва судьялар зиммасида фақат адолатни юзага чиқаришдек улкан вазифа қолди.

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, ишонч билан айта оламанки, бугунги кунда холис, адолатли қарорлар қабул қилишда биз, судьялар учун бирор-бир ҳуқуқий ёки бошқа тўсиқлар қолмади. Бизнинг соҳамизда етти ўлчаб бир кесиш эмас, керак бўлса, етмиш ўлчаб бир кесиш зарур. Одамларнинг суд тизимига ишончи судья чиқарган қарорнинг қонуний ва адолатлилигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Агар жузъий қонунбузарликка йўл қўйилса, бу оммавий тус олиши мумкин. Шу боис ҳам судьяларнинг фақат битта хўжайини бўлиши мумкин — у ҳам бўлса қонун.

“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасида судьялар мустақил эканлиги, улар фақат қонунга бўйсуниши, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги, бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилганлиги ҳам бежиз эмас. Барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда кўриб чиқиш ҳам фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилиши мумкин. Бугун нафақат юртдошларимиз, чет эллик фуқаролар ё фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий эркинлиги, мол-мулки, ҳуқуқ ва манфаатларини судда самарали ҳимоя қилиш имкониятига эга. Буни ҳар йили судга келиб тушган мурожаатлар сонидан ҳам билиш мумкин. Фуқароларнинг судга тез-тез мурожаат қилаётгани уларнинг суд тизимига ишончи ортиб бораётганидан далолат беради. Бу ишончни ошириш Олий суднинг ва мамлакатимиздаги бутун суд тизимининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Эътиборлиси, судларнинг мустақиллиги, улар фаолиятининг шаффофлиги ва қабул қилинган қарорларнинг қонуний, асосли ҳамда адолатли бўлиши давлатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузи ҳамда инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилишини унутмаслигимиз зарур.

— Йилига ўртача қанча суд ишлари кўриб чиқилади? Сиз учун энг қийин жараён қайси бири?..

— Республика бўйича йилига ўртача 50 — 60 мингта жиноят иши, 120 минг атрофида санкция ва материаллар ҳамда 600 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб тамомланади. Энг қийин жараёнга келсак, жиноят ишини ўрганишдан тортиб, қарор қабул қилгунча бўлган ҳар бир жараённинг ўз қийинчиликлари бор. Айрим ҳолларда судьялар юзлаб жилд жиноят ишларини ўрганиб, мингдан ортиқ тарафларни суд мажлисига чақиришига тўғри келади. Суд мажлисига келган ҳар бир тараф ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитиш, уларни суд мажлиси баённомасига қайд қилиб бориш билан бир қаторда, уларга ички ишончидан келиб чиққан ҳолда баҳо беришнинг машаққатини тасаввур этаверинг. Шунга қарамай барибир қарор қабул қилиш жараёни энг машаққатлиси. Чунки унда инсон тақдирига алоқадор улкан масъулият ётибди.

— Судьялар ишини енгиллаштириш учун қандай техник янгиликлардан фойдаланилмоқда?

— Суд тизимига замонавий рақамли технологияларни жорий этиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида айтсак арзийди. Суд тизимининг рақамлаштирилиши натижасида фуқароларга судларга масофадан туриб мурожаат йўллаш, керакли маълумотларнинг фуқарони овора қилмасдан судья томонидан тегишли идоралардан электрон шаклда олиниши, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этиш каби қулайликлар яратилди. Шунингдек, жараён иштирокчилари СМС — хабарномалардан фойдаланади. Ҳатто суд чақирув қоғозлари ҳам аста-секин ўтмишга айланиб бормоқда. Фуқаролар судга ҳужжатларини эски услубда ёки онлайн тарзда топшириши мумкин. Фуқаролик ишлари бўйича суд мажлисларининг ёзма баённомалари ўрнини аудиоёзувлар эгалламоқда. Аудиоёзув суд жараёнида ёзиб олишнинг асосий воситаси бўлиб, ёзма баённома фақат қўшимча ҳисобланади. Буларнинг барчаси бизни бесамар тартиблардан, судлар вақтининг катта қисмини эгаллайдиган, лекин амалда ҳар доим ҳам талаб қилинавермайдиган ҳужжатлар оқими — қоғозбозликдан халос этди.

Президентимиз томонидан суд тизимига сунъий интеллектни жорий қилиш тўғрисида белгилаб берилган вазифалар одил судлов сифатини янги босқичга олиб чиқади. Айниқса, сунъий интеллект ёрдамида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши, суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлари аниқлаб берилиши ва шу каби бошқа бир қатор қулайликларнинг яратилиши, суд соҳасидаги барча кутган ўзгаришлардан бири деб ҳисоблайман. Бу ислоҳотлар орқали судлар фаолиятининг халқаро стандартлар ва ривожланган давлатлар илғор ютуқлари даражасида янада очиқ ҳамда шаффоф бўлиши таъминланади.

— Нима деб ўйлайсиз, бошқа мамлакатларга қараганда, бизда судга бериш арзонми? Дейлик, одамлар йиллаб судга қатнайди ва умуман, ҳамма масалаларни суд орқали ҳал этиши тўғрими? Бу ўзининг ҳам, ўзганинг ҳам вақтини олиш дегани эмасми?

— Суд харажатлари судга бўлар-бўлмас мурожаатларни тийиб турувчи омил. Мақсад фуқароларнинг пулини олиш эмас. Кўтарилган масала суд фаолиятига доир долзарб масалалардан ҳисобланади. Бунинг негизида судьяларнинг йилдан-йилга ортиб бораётган иш ҳажми бўлиб, унинг ўсиб бориш сабабларини ўрганиш, иш ҳажмини камайтириш, масалага доир қонунчилик асосларини такомиллаштириш юзасидан Олий суд томонидан тизимли таҳлилий ишлар олиб борилмоқда.

Бу борада, албатта, саволингиздаги суд харажатлари масаласи ҳам алоҳида ўрин олган. Ҳуқуқ назариясида судга мурожаат қилиш чоғида давлат божи тўланиши зарурий шартлардан бири ҳисобланади. Унинг миқдори, оддий қилиб айтганда, қиймати кўтарилган масалага қараб, айрим даъво турлари бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг бараварига, айрим турлар бўйича эса ундирилиши сўралаётган миқдорнинг фоизига нисбатан белгиланади. Лекин давлат божига нисбатан ўрнатилган бундай тартиб ўзининг ҳақ-ҳуқуқини талаб этадиган шахс учун судларга мурожаат қилиш учун ҳеч қачон тўсқинлик ҳисобланмаган. Айниқса, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тўланаётган давлат божларини, шу жумладан, чет эл валютада кам, яъни айтганингиздек, арзон деб бўлмайди.

Судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилиши Конституциямизнинг 140-моддасида мустаҳкамланган. Бундай ҳолат Давлат бюджети шаклланишига, яъни ундирилаётган давлат божининг миқдорига ва тушумига доир масалалар судларни қизиқтирмаслигидан далолат беради.

Амалга оширилаётган таҳлиллар, мамлакатимизда изчиллик билан янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари давомида, жумладан, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар уддаланмоқда. Хусусан, одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилмоқда. Айниқса, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиб, судларга мурожаат қилиш ҳолатлари кўпайиши бошқа ривожланган мамлакатлар сингари аҳолининг судларга бўлган ишончи тобора ортаётганлигидан далолат.

Фикримизча, Ғарб давлатлари сингари одил судловни қимматлаштириш ўрнига давлат раҳбарининг ташаббусига мувофиқ, одил судловга “сунъий интеллект”ни кенг жорий қилиш йўли билан судьяларнинг иш ҳажмини камайтирса бўлади. Ҳозирда бу борада Олий судда қизғин ишлар бажариляпти, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

— Суҳбатимиз якунида тажрибангиздан келиб чиқиб, ёш судьяларга нималарни маслаҳат берасиз? Ўқиш давомида улар кўпроқ нималарга эътибор қаратишлари керак?

— Ёш судьялар, аввало, танлаган касбининг масъулиятини англаб етишлари лозим. Суд қарорларига қўйиладиган учта талаб бор. Бу — қонуний, асосли ва адолатли бўлиш. Ҳар қандай қарорни қабул қилишда судьялар ушбу учта тамойилга мос ёки йўқлигини чуқур ўлчаб кўришлари керак, деб ўйлайман.

Ёш судьяларга яна бир тавсиям: юридик адабиётлардан ташқари бадиий асарларни ҳам ўқиб туриш фақат фойда келтиради. Бадиий асарлар, биринчидан, сўз бойлигини оширади, иккинчидан, қалбни юмшатади, дунёқарашни кенгайтиради. Ёш судья учун эса энг асосий қуроллардан бири, бу — сўз. Қолаверса, судьялик касби учун уйғоқ қалб керак.

Суҳбатдош: Адиба УМИРОВА

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер