Қонун устуворлиги – халқ фаровонлиги кафолати

19:00 27 Январь 2026 Жамият
325 0

Пойтахтимиздаги “Тараққиёт стратегияси” марказида “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” йўналишида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили доирасида белгиланган устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасига бағишланди. Анжуманда Олий суд, Бош прокуратура масъуллари, соҳа экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз чиқишида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилиши мамлакат тараққиётида янги босқич эканини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, стратегияда белгиланган вазифалар янгиланиб, халқ фаровонлиги, инсон ҳуқуқлари ва адолатли жамият қуришга хизмат қиладиган механизмлар янада мустаҳкамланмоқда.

Янгиланган стратегияда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш ҳамда давлат бошқарувини очиқ ва самарали тизимга айлантириш асосий мақсад сифатида белгиланган. Матбуот анжуманида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни суд ҳамда ижро тизимларига жорий этиш орқали адолатли ва шаффоф бошқарувни таъминлаш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди. Бу ўз навбатида инсон омилини камайтириш, ишларни тез ва самарали ҳал этишга хизмат қилади.

Тадбирда иштирок этган ҳуқуқий идоралар вакиллари ўз соҳаларига тааллуқли вазифалар, аниқ кўрсаткичлар ҳамда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида атрофлича тушунтириш бердилар.

— Бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларда энг асосий масала Конституция ва қонунларнинг сўзсиз ишлашини таъминлашдир, — дейди Олий суд раиси ўринбосари Маликахон Қаландарова. — Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни суд тизимидаги барча ўзгаришларнинг марказига қўяпмиз. Шу мақсадда қамоқ жазосини тайинлаш амалиётини босқичма-босқич камайтириш кўзда тутилган. Масалан, бу кўрсаткични 30 фоиздан 20 фоизга тушириш режалаштирилмоқда.

Яна бир муҳим масала низоларни судгача ҳал қилиш самарадорлигини оширишдир. Бу йўналишда натижани камида 50 фоизга яхшилаш мақсад қилинган. Натижада судгача ҳал этиш мумкин бўлган масалалар судларгача етиб бормайди, судларга тушадиган ишлар сони ҳам қарийб ярмига камаяди.

Олий суд раиси ўринбосарининг сўзларига кўра, судлар ва тергов органлари фаолиятида замонавий ёндашувлар жорий этилади. Айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб бажариш имкониятлари камида 50 фоизга оширилади. Бу фуқаролар учун ҳам, тизим учун ҳам анча енгиллик яратади.

Янгиланаётган Стратегия лойиҳаси суд-ҳуқуқ тизимини замон талабларига мослаштиришга қаратилган аниқ ва амалий вазифаларни ўз ичига олган. Шу билан бирга, суд ва бошқа давлат органлари ҳужжатлари ижросини таъминлаш жараёнига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш режалаштирилган. Бу орқали ижро ишларининг камида 30 фоизи ҳеч қандай мажбурлов чораларисиз, ихтиёрий тарзда амалга оширилиши мақсад қилинган. Яъни, ишни зўрлаб эмас, тушунтириб ва рақамли имкониятлар орқали ҳал қилиш йўли танланмоқда.

Хусусан, Мажбурий ижро органлари фаолиятига сунъий интеллектни жорий этиш орқали ижро ҳужжатлари ундирувини инсон омилисиз амалга ошириш амалиёти йўлга қўйилади. Бу эса очиқликни таъминлаб, адолатга ишончни мустаҳкамлайди.

Янги тартибга кўра, ижро ҳужжати келиб тушиши билан қарздор шахс СМС ёки овозли робот орқали дарҳол хабардор қилинади. Агар ихтиёрий ижро муддати ўтиб кетса, айрим мажбурий чоралар автоматик тарзда амалга оширилади. Ундирилган маблағлар эса тўғридан-тўғри ундирувчининг ҳисобрақами ёки банк картасига ўтказилади.

Бундан ташқари, фуқароларга 24/7 режимида овозли робот орқали ўз қарздорлиги ва ижро ҳаракатлари ҳақида маълумот олиш имконияти яратилади. Қисқаси, ижро тизими фуқаронинг оғирини енгил қилишга, ишончли ва замонавий шаклга келтирилмоқда.

Матбуот анжумани якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ,

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер