Қўмита мажлисида бир қатор қонунлар муҳокама қилинди

11:36 02 Октябр 2025 Сиёсат
227 0

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг навбатдаги мажлисида бир қатор қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Хусусан, мажлис иштирокчилари «Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқди.

Мазкур Қонун билан мулкий зарарни қоплаш учун ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш ва уларнинг манбалари белгиланмоқда.

Шунингдек, етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун ундириладиган маблағлар миқдори суднинг қарори асосида аниқланиши, жамғармалар маблағларидан фойдаланиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, ҳудудий Кенгашларга даврий ҳисобот тақдим этиб борилиши, ҳудудий ҳокимликлар зарарни қоплаш учун тўланган маблағларни регресс тартибида ундириш чораларини кўриши белгиланмоқда.

Қонун фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, мансабдор шахснинг шахсий масъулиятини ошириш ҳамда давлат идоралари фаолиятида шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши сенаторлар томонидан алоҳида қайд этилди.

«Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан маҳаллий Кенгашларга ҳокимликларнинг айрим ваколатлари ҳамда қонун ҳужжатларида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилган умумий ваколатларнинг аниқлаштирилиши натижасида қўшимча ваколатлар ўтказилмоқда.

Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифалар ва функциялар маҳаллий вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида ихтисослаштирилмоқда.

Шундан сўнг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, ушбу Қонуннинг қўлланиладиган соҳаси кенгайтирилиб, Қонун солиқ, божхона, давлат назорати ва текшируви, фуқароларнинг пенсия таъминоти, ҳарбий рўйхатга олиш ва ҳарбий хизматга чақириш, шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш, ер участкаларини ажратиш ва олиб қўйиш каби тартиб-таомилларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Қонун юзасидан Қўмита аъзолари ва экспертлари томонидан бир қатор таклифлар билдирилиб, Қонунни чуқур ўрганиб, таҳлил қилиш лозимлиги қайд этилди.

Кўриб чиқилган қонунлар бўйича Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?