Қўли теккан ниҳол ўсади

Тўрақўрғонлик Усмонжон Фозилов шундай боғбонки, уни қўли теккан ниҳол ўсади, азим дарахтга айланиб мева беради. Севган машғулоти ер билан тиллашиш, қалби табиатга ошуфта. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Шоҳидон нурли диёр массивидаги чуқурлигу адирликларни текислаб яратган боғлари ҳосилининг кўплигидан қаддини кўтаролмайди.
— Чинакам мўъжиза бўлиб кўринган бу овлоқ ерлар илгари қўрқинчли, ҳатто ваҳимали, ташландиқ эди. Махсус техникалар ёрдамида текислаб, мевали дарахтлар экдик, — дейди уста боғбон. — 2020 йилда 10 гектар ерда экилган 2500 туп ўрик, шафтоли кўчатлари азим дарахтларга айланди. Тўрақўрғон иқлими, табиати бетакрор. Озгина меҳр бериб имкониятларни ишга солса, кутилган натижадан кўпроқ барака беради. Аввалида ўз маблағимиздан бу боғларни яратиш учун 2 миллиард 500 миллион сўм маблағ сарфладик. Ҳозирда 230 гектарнинг 119 гектари фойдаланишга тайёр. Тўғри, сув муаммоси бор эди, аммо бунинг ҳам қаловини топдик. Яқин атрофдаги каналдан насослар ёрдамида бир километр масофага 60 метр баландликда сув тармоғини тортдик. Мазкур суғориш тизими ўта тежамкор. Ўтган йилдан бошлаб ҳосил олишни бошладик. Маҳалламиздаги ўн нафар кишининг доимий бандлигини таъминланди. Ўттиз нафари мавсумий ишларга жалб қилинди.
Етарли билим ва тажриба эга боғбон тўрт фаслда ҳам тинмайди. Айни пайтда ўрик, гилос, олхўри ва шафтолизорларининг майдони 60 гектардан ортди. Олти гектар узумзорида «рўзимат», «шоҳона», «ҳусайни», «дамский палочка» навларни парваришламоқда. Туркиядан келтирилган «вандеркот», «юна», «свет арена», «фантазия» ва «майгрес» каби серҳосил навлар ҳам ҳосилга кириш арафасида. Маҳсулотлари хорижга экспорт қилинмоқда.
— Маҳсулотларимиз халқаро талабларга жавоб бергани учун харидоргир, — деди Усмонжон ота. — Ўтган йилдан илк ҳосил олган бўлсакда, бу йил 12,5 тонна ўрикни экспорт қилдик. Бу 30 минг АҚШ долларини ташкил этади. Талаб ва заруриятдан келиб чиқиб маҳсулот экспортини янада ривожлантириш мақсадида 6 гектар майдонда барча сервис турларини ўзида жамлаган 5 миллион долларлик Наманган вилояти миқёсидаги логистика марказини қуриш лойиҳасини тайёрлаяпмиз. Мазкур замонавий мажмуанинг электр энергияси тўлиқ қуёш панеллари ҳисобига қопланади.
Усмон ота қўшни қишлоқдагилар учун ҳам ибратли ишларни қилмоқда. Хилват ерларни ўзлаштириб уларга ёрдам беришни яхши кўради. Боғларидан ишбилармонларнинг қадами узилмайди. Боғбон ҳар кимнинг уйида мўъжазгина боғи бўлишини орзу қилади. Кўплаб кўчатларни савоб учун қўшниларига тарқатади.
Муҳиддин МАҒЗУМОВ,
журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг