Қизилқумда “Саноат учбурчаги“ ташкил этилади

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 31 октябрь ҳамда 1 ноябрь кунлари Навоий вилоятига ташрифи чоғида вилоятнинг шимолий ҳудудлари равнақига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, ноёб табиати ва хомашё ресурслардан фойдаланган ҳолда “Саноат учбурчаги”ни ташкил этиш вазифасини белгилаган эди.
Мазкур топшириқ асосида Қизилқум кенгликларидаги Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманлари ҳудудида “Саноат учбурчаги”ни яратиш орқали конларга маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш ҳамда ҳудудларнинг саноат соҳасини тубдан яхшилаш, қўшимча янги иш ўринларини яратиш, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилган.
Шу муносабат билан Зарафшон шаҳрида ўтказилган “Зарафшон — имкониятлар шаҳри“ мавзусидаги семинарда “Саноат учбурчаги”ни ташкил этишнинг долзарб вазифалари муҳокама этилди.
— Мазкур “учбурчак” ҳудуддаги энг олис овулларга ҳам саноат кириб боришига туртки беради, — дейди Зарафшон шаҳри ҳокими Назирбек Раҳманов. — Шу билан бирга ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини оширибгина қолмай, чўлда экстремал сайёҳлик бизнеси равнақига ҳам йўл очади. Мисол учун, шаҳримизда “Zar Vegas” лойиҳаси учун 30 гектарлик ер майдони ажратилиб, туризм маркази ташкил этилади. Унга ташриф буюрган маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар Қизилқумда сайр қилиш билан бирга кончилик саноатининг ютуқлари билан танишиш имкониятига эга бўлишади.
Семинарга Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Геология фанлари университети, Минерал ресурслар институти, Ҳ.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти, “ГИДРОИНГЕО” институтининг олим ва мутахассислари ҳам жалб этилиб, конларнинг e-auksion.uz савдо майдончасига чиқарилиши ва сотиб олиниши, конлардан фойдаланиш тартиби ва мажбуриятлари билан боғлиқ масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Анжуманда Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус Қизилқумда барқарорликни таъминлаб, аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг