Қишлоқнинг замонавий аёли

У бичишни ўрганганида мактабнинг 8-синф ўқувчиси эди. Бу ҳам бир ҳунар-да, дея ўшанда тикувчилик машғулотларига қатнай бошлаганини эсласа, ҳозир ажабланади. Чунки унинг орзусидаги касб буткул бошқача бўлган. Орадан кўп йиллар ўтди. Қаҳрамонимиз Моҳигул Арзиқулова оила қурди. Тошкентга кўчиб келишди. Тақдир уни фарзанд неъмати билан сийлади. Аммо сийловлар синовлар билан бирга келди. Ўтган йиллар уни кўп кўчаларга бошлади, турмуш чорраҳаларида кўп чалғитишга уринди. Бироқ қишлоқнинг замонавий аёли қаддини тик тутиб, ўзини йўқотмади.
Моҳигул Арзиқулова – мутахассислиги бўйича педагог. Ҳозирги кунда Қарши давлат университетининг Педагогика институти битирувчиси. «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоси, тадбиркор. Тадбиркор деб айтишга осон, Моҳигул Арзиқулованинг фаолиятини суриштирсангиз, кўп тармоқли тадбиркорлик субъектлари эгасилигига амин бўласиз. Ихчам бўлса-да, тикувчилик цехи; замонавий спорт зали ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари. Дарвоқе, агар Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари ишни пайсалга солмаса, Ўрта Чирчиқ туманидаги «Ўчоқли» маҳалласида янги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юрита бошлайди.
Оддий уй бекаси, камтар қишлоқ аёлининг кўп тармоқли тадбиркорга айланиши мумкинлигига қаҳрамонимиз мисолида иқрор бўласиз. 1995 йилда Қаршидан Тошкентга кўчиб келган Моҳигул Арзиқулова оиласи Бектемирда яшай бошлади. Унинг турмуш ўртоғи Толибжон Тўрақулов Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг Радио уйида «Ахборот» дастурларини олиб борар, бўлажак тадбиркор аёл 2005 йилда новвойхона ва сомсахона фаолиятини энди-энди йўлга қўя бошлаганди.
– Рўзғор учун ҳисса қўшишни хоҳлардим, – дея эслайди Моҳигул Арзиқулова. – Ҳунаримни ишга солиб, албатта, уйда қоп халта тика бошладим. Ипподромга бориб бозорчиларга сотиб келардим...
2018 йилда маҳалла тузилмасида “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий қилингач, унга кредит олиш таклифи билдирилди. У новвойхона фаолиятини кенгайтириш ва тикувчилик соҳасида иш бошлаш учун дастлаб 10 миллион сўм, кейинчалик 33 миллион сўм кредит олди. Бу орада тадбиркорликнинг ҳадисини олган Моҳигул Арзиқулова 2021 йилгача тўқувчилик, уй ҳамширалиги, уқалаш муолажалари каби ҳунарларни ҳам эгаллади. Қадим замонларда «Бир йигитга қирқ ҳунар оз» дейиларди. Моҳигул Арзиқулова «Бир аёлга қирқ ҳунар оз» дея бу мақолни ўзгартиргандек.
2023 йилда Моҳигул Арзиқулованинг турмуш ўртоғи вафот этди. Бундай жудолик кўпчилик аёлларни чўктириб қўяди. Қаҳрамонимиз ҳаёт синовлари қаршисида ёруғ кунлар истаги билан яшади. У шу йили яна 100 миллион сўм кредит олиб, «Ўчоқли» маҳалласида замонавий спорт залини ташкил этди. Ҳозирги кунда талаб ва таклифга кўра, мазкур спорт залини туман маъмурий марказига кўчириш жараёнлари бошланган. Бектемирдаги уйида қоп халта тикиб юрган аёл бугунги кунда яратилган шароит ва имконият боис уч кишилик тикув цехи раҳбари, спорт зали бошқарувчиси. Янги боғчанинг мудирасига айланмоқда.
– Агар ҳозиргидек имкониятлар бундан йигирма йил олдин бўлганда эди, – дейди Моҳигул Арзиқулова. – Турмуш ўртоғимнинг далдаси билан жуда кўп ишларни қилардим. Аммо ҳозир ҳам чаккимас, тақдиримдан нолимайман, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси зарур ёрдамни аямайди.
«Ўчоқли» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Нилуфар Деҳқонбоева ҳудуддаги барча тадбиркорлар қаторида Моҳигул Арзиқуловага ҳам давлат кўмагини етказиб бермоқда. Спорт зали ва янги боғчанинг очилишида унинг ҳам ҳиссаси бор. Киройи ҳар бир ҳоким ёрдамчиси шундай бўлса...
– Шу ихчам хонада уч тикувчи ишлайди. Учови ҳам шу маҳалланинг келинлари, – дейди «Ўчоқли» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Нилуфар Деҳқонбоева. – Бир кунда 50 тадан 100 тагача аёллар либослари тикилади, ўртача 80 минг сўмдан сотувга чиқарилади. Агар буюртмага тикиш бошланса, даромад нақд. Моҳигул опа фаолиятини кенгайтирмоқчи, бу бўйича Ўрта Чирчиқ тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими билан ҳамкорликда тадбиркорга қулайлик яратиш чораларини кўряпмиз.
Моҳигул Арзиқулова боғча фаолиятини мунтазам йўлга қўйгач, янги ўқув маркази очиш тараддудида. Ўрта Чирчиқ тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамкорлигида очилажак бу ўқув марказида ишсиз ва ҳунарсиз йигит-қизлар учун тикувчилик, ахборот-коммуникация технологиялари, пазандачилик, уқалаш муолажалари, уй ҳамширалиги каби ўнга яқин йўналишда малакага бепул эга бўлиш имконияти яратилади. Худди шу ернинг ўзида амалиёт машғулотлари ҳам ташкил этилиб, тикувчилик йўналиши ўқувчилари учун ўнта тикув машинаси ҳозирланмоқда.
Айтганча, Моҳигул Арзиқуловада бу бўйича ҳам катта тажриба бор. У Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳузуридаги Тадбиркорлик марказида хотин-қизлар тадбиркорлиги бўйича махсус ўқув машғулотлари олиб бормоқда. Ўтган вақтда қарийб 600 нафар хотин-қизлар мазкур машғулотларда ўқиб, тадбиркорлик сертификатига эга бўлди. Ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди. Бир қишлоқнинг замонавий аёли шунча ишнинг бошида турибди. Интилганга толе ёр, имконият ҳам бор. Муҳими, Моҳигул Арзиқулова каби ҳаракатни бошлаш керак.
Отабек ИСРОИЛОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг