Қишлоқда ишлашни танлаган шифокор
Мен 2003 йилда Самарқанд давлат тиббиёт олийгоҳининг Педиатрия факультетини тамомлаганман. Ўқишни битирганимдан кейин Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Узун” оилавий шифокорлик пунктига ишга кирдим. Шундан буён шу қишлоқда халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилиб келмоқдаман.
Тиббиёт олийгоҳини битирган ёш мутахассислардан кўпчилиги йирик тиббиёт муассасаларида, замонавий клиникаларда ишлашни орзу қилади. Қишлоқ шифокорлик пунктида ишлашимга отам сабабчи бўлган. Отам биринчи гуруҳ ногирони эди. Ўқишни тугатгач, шаҳарда ишласамми, деб юрган пайтларим отам:
“Болам, бу ерда менга ўхшаган одамлар кўп. Қишлоғингда одамлар шифокорсиз қийналса-ю, сен шаҳарда ишласанг, тўғри бўладими? Шу ерга ҳам шифокорлар ишлашга келяпти. Шулар қаторида хизмат қилсанг, халққа кўпроқ фойданг тегади” дедилар. Шу билан “Узун” оилавий шифокорлик пунктида иш бошладим.
У пайтда пунктимиз 5400 нафар аҳолига хизмат кўрсатарди. Йиллар ўтиб аҳоли сони кўпайди. Бугунги кунда қарийб 8600 нафар фуқарога тиббий хизмат кўрсатиб келмоқдамиз. Ишга кирган илк кунларим ҳамширалар пахта чопиққа чиқиб кетишган экан. Кун давомида бор-йўғи битта бемор мурожаат қилди. Шунда қишлоқларда тиббий хизматга одамларнинг ишончини ошириш учун ҳали кўп ишлар қилиш кераклигини англадим. Оилавий шифокорлик пунктида лаборатория таҳлиллари ўтказилиши, зарур дори-дармонлар берилиши, турли муолажалар амалга оширилиши ҳақида одамларга тушунтирдик. Патронаж ҳамширалар билан бирга хонадонма-хонадон юриб, эмлашнинг аҳамиятини, профилактиканинг фойдасини тушунтирдик.

Натижада аҳолининг оилавий шифокорлик пунктига бўлган ишончи аста-секин ортиб борди. Натижада аҳоли аввалгидек дарҳол катта шифохоналарга эмас, аввало бирламчи тиббиётга мурожаат қиладиган бўлди. Ҳозирги кунда “Узун” оилавий шифокорлик пунктида 26 нафар тиббиёт ходими фаолият юритмоқда. Биз Узун ва Учтепа маҳаллалари аҳолисига хизмат кўрсатиб келмоқдамиз.
Сўнгги йилларда тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар қишлоқ тиббиётида ҳам катта ўзгаришлар қилди. Айниқса, тиббиёт бригадалари фаолияти йўлга қўйилгани аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада оширди. Илгари мингта оилага битта патронаж ҳамшира хизмат кўрсатарди. Бугун эса тўрт нафар мутахассисдан иборат тиббиёт бригадаси аҳоли саломатлигини назорат қилиб бормоқда. Давлатимиз томонидан диспансер назоратидаги беморлар, ҳомиладор аёллар, ўсмирлар ва бир ёшгача бўлган болалар учун бепул дори-дармонлар ажратилаётгани ҳам тиббий хизмат самарадорлигини оширмоқда. Авваллари ҳомиладор аёлларга рецепт ёзиб берсак, баъзан дорини тополмасдик. Натижада касаллик асоратлари кучайиб кетарди. Ҳозир эса ҳомиладор аёл мурожаат қилган заҳоти касаллигига мос дори воситалари бепул берилади. Ҳомиладор аёллар билан олиб борилаётган мунтазам патронаж ишлари натижасида экстрагенитал касалликларнинг оғир асоратлари ҳам олди олинмоқда. Хусусан, сўнгги ўн йил давомида ҳудудимизда ҳомиладор аёллар ўртасида жиддий асоратлар кузатилмагани бизни қувонтиради. Бугун аҳолимиз саломатлик гуруҳларига ажратилган ҳолда назорат қилинади. Тўртта гуруҳ бўйича соғломлаштириш ишларини олиб боряпмиз. Айниқса, учинчи ва тўртинчи гуруҳга кирувчи беморлар давлат томонидан ажратилаётган бепул дори-дармонлар билан таъминланмоқда. Бугун тиббиёт соҳасига қаратилаётган юксак эътибор туфайли ҳатто чекка қишлоқларда ҳам тиббий хизмат сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Яратилаётган шарт-шароитлар натижасида аҳолининг бирламчи тиббиётга бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда.
Гулжаҳон САФАРОВА,
Оқдарё туманидаги “Узун” оилавий шифокорлик пункти мудири,
“Соғлом турмуш” медали соҳибаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг