Қишлоқ тиббиёти қачон ўнгланади?

Аччиқ, аммо очиқ гаплар
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Айниқса, тиббиётнинг бирламчи бўғинида кўрсатилаётган тиббий хизматлардан аҳоли рози эмас. Тумандаги «Ўзбекистон» поликлиникасига 7 та маҳалла бириктирилган. Лекин 6 нафар оилавий шифокор 9 та штатни банд қилиб, юкламани эплай олмаяпти. Бу поликлиникада яна 6 та врач штати бўш. Кафолатланган пакетга зарурати пухта ўйланмасдан 90 турдаги дори киритилгани боис поликлиникага бунинг ярми ҳам келмаяпти. Поликлиникадаги лаборатория таҳлилини бирорта шифохона тан олмайди. Энг кўп мурожаат болалар касалликларига тўғри келгани боис оилавий шифокорларда кўникма етишмагани учун улар педиатр вазифасини тўлиқ бажара олмаяпти. Туғруқ ёшидаги 9 минг аёлга бор-йўғи 1,5 ставка гинеколог штати берилган. Аҳолининг 35 фоизи юрак-қон томир, қандли диабет, ошқозон-ичак каби сурункали касалликларга чалинган. Бундай касалликларни эрта аниқлаш, профилактика қилиш ва асоратларини камайтириш бўйича тиббиёт бригадаларининг иши кўринмаяпти.
Мамлакатимиз раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишдан сўнг қишлоқ тиббиёти вилоят шифохоналарига ўрнак бўлиши учун янги тизим асосида тумандаги бирламчи тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси, тиббий жиҳозлар таъминоти, бино ва иншоотлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Тумандаги 62 та маҳаллада яшовчи қарийб 282 минг нафар аҳоли хатлов қилиниб, «маҳалла профили» шакллантирилди. 3 — 18 ёшли ўғил-қизлар онкогематологик, фертил ёшидаги аёллар перинатал ва бачадон бўйни саратони, 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли кардиологик ҳамда қандли диабет скринингидан ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилаётир. Ҳар бир маҳаллага Самарқанд давлат тиббиёт университети профессор-ўқитувчилари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари вилоят филиаллари ва туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари масъул қилинди.
— Ўттиз беш йилдан бери бирламчи тизимда фаолият кўрсатаман. Доим оилавий шифокор танқислиги кузатилган, — дейди Иштихон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Баҳодир Абдураззоқов. — Бунга сабаб ярим ставкада ишлайдиган шифокорлар мавжудлиги, ойлик маошларнинг камлиги, қоғозбозлик ва иш юкламасининг кўплигидир. Бугунги кунда 105 нафар оилавий шифокор штати бўлган туманимизда 60 нафар умумамалиёт шифокори фаолият кўрсатмоқда. Қолаверса, ушбу оилавий шифокорларнинг 50 фоизи нафақа ёшидаги ходимлар саналади. Бошқа иложимиз ҳам йўқ, ёшларни бу тизимда ишлашга мажбур этолмаймиз. Ҳатто битирувчилар ҳам бир-икки йил ишлагач, шифохоналарга ўтиб кетади. Бирламчи тиббиёт тўла маънода аҳоли саломатлигига масъул. Шу боис туманимизда 17 та оилавий шифокорлик пункти, 4 та оилавий поликлиника мақбуллаштирилаётганини эшитиб хурсанд бўлдик. Эндиликда ҳудудда 12 мингдан кўп аҳолига хизмат қиладиган 7 та поликлиника фаолият кўрсатиб, қолган 27 таси кичик поликлиника сифатида қайтадан ташкил этилади. Туман марказий кўп тармоқли поликлиникаси туман шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлимига айлантирилмоқда. Бу узоқ кутилган янгилик.
Албатта, ижобий натижалардан аҳоли миннатдор, аммо бирламчи тиббий-санитария ёрдамида янги механизмлар жорий этиш ҳамон оқсаяпти. Масалан, тажриба-синов ўтказилаётган Самарқанд шаҳри, Булунғур ва Иштихон туманларида 9 турдаги ахборот-коммуникация жиҳозлари ва тармоқ қурилмалари билан таъминлаш бўйича бирор амалий иш бошланмаган. Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 41 та шифохона, 16 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 70 та оилавий поликлиника, 164 та оилавий шифокорлик пункти, 700 та хусусий клиника ҳамда 250 та маҳалла тиббиёт пункти орқали аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимидаги айрим кўрсаткичлар таҳлили натижасида қатор туманларда белгиланган вазифалар етарли даражада ижро этилмагани билан боғлиқ муаммолар аниқланган.
Жумладан, жорий йил якунига қадар вилоятдаги даволаш-профилактика муассасаларининг таъмирталаб бўлган 262 та санитария-гигиена шохобчасида таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 39 таси таъмирланган. Айниқса, Каттақўрғон, Иштихон, Пастдарғом, Ургут ва бошқа қатор туманларда бу ишларни амалга оширишда камчиликлар кузатилмоқда. «Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар вақти» дастури бўйича туман-шаҳарларда амалга ошириладиган 6 та йўналишдаги ишлар учун 22,7 млрд. сўм ажратилиши белгиланган. Бугунга қадар 3,1 млрд. сўм ёки 14 фоиз маблағ ажратилган, холос. Албатта, бу мутасаддилардан соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга янада масъулият билан ёндашишни талаб этади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг