Қашқадарё вилоятида мактабгача ва умумтаълим муассасалари босқичма-босқич янгиланмоқда

19:39 06 Январь 2026 Жамият
323 0

Қарши шаҳрининг Амир Темур маҳалласида жойлашган 8-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси 1960 йилларда қурилган бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб бермай қолган эди. Шу боис ўтган йили мазкур ДМТТни капитал таъмирлаш лойиҳаси тегишли инвестиция дастурига киритилди.

Лойиҳа доирасида 7 миллиард 776 миллион сўм маблағ ажратилиб, 300 ўринга мўлжалланган замонавий боғча биноси барпо этилди. Янги иншоот болажонлар учун қулай, хавфсиз ва замонавий таълим-тарбия муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.

Айни кунларда юртимизда Янги йил шукуҳи кезиб юрган бир пайтда Қашқадарё вилоятининг Қарши, Касби, Косон, Чироқчи, Қамаши ва Нишон туманларида ҳам ўндан ортиқ боғча ва мактабларнинг янги ёки капитал таъмирдан чиққан бинолари фойдаланишга топширилди.

Хусусан, Нишон туманининг Пахтаобод маҳалласида жойлашган 23-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси 1984 йилда қурилган бўлиб, кейинги йилларда ўта таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди.

— Ўтган йили «Ташаббусли бюджет» доирасидаги «Менинг боғчам» лойиҳасида иштирок этиб, ғолиб бўлдик, — дейди ДМТТ директори Феруза Ҳазратқулова. — Лойиҳа асосида ажратилган 3 миллиард 600 миллион сўм маблағ ҳисобига бино тўлиқ капитал таъмирланиб, замонавий талаблар асосида жиҳозланди.

Таълим муассасаларининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирларда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари масъуллари, таълим соҳаси ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер